Пайшанба куни Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари билан биргаликда Хиросима шаҳрининг атом бомбаси билан портлатилганлигининг 75 йиллигига бағишланган хотира тадбирларида иштирок этди, дея хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Расмий маросим доирасида атом бомбаси қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди, дунё мамлакатлари делегациялари томонидан гуллар қўйилди.
Тадбирда Япония Бош вазири Шинзо Абэ нутқ сўзлади.
У ўз нутқида ҳукуматнинг ядровий қуролсизланиш масаласига содиқлигини эълон қилди. Бош вазирнинг сўзларига кўра, “учта ядро бўлмаган тамойилга амал қилган ҳолда, Япония халқи турли позицияларга эга давлатлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди ва қатъият билан уларни мулоқотга чорлайди. Шу тарзда Япония глобал ҳамжамиятнинг ядро қуролсиз дунёни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилади.”
Хиросима мэри К. Мацуи “Тинчлик декларацияси”ни ўқиб эшиттирди. БМТ Бош котиби Антонриу Гутерриш иштирокчиларга ўз видеомурожаатини йўллади.
Маърузачилар Хиросима ва Нагасаки шаҳарларидаги атом портлашларининг фожиали оқибатларини эслашга, ядровий қуролсиз дунёга интилишга чақирдилар. Шунингдек, ҳар бир маърузачи коронавирус хавфига қарши фаол курашиш ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.