Унда олий таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази ва Тошкент давлат техника университетини ривожлантириш учун Япония томонидан моддий-техник ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

"Суҳбат давомида Ванесса Озака хоним Ўзбекистонда сўнгги йилларда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, олий таълим муассасалари сони жадал кўпайиб бораётгани ва таълим тизимида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади", дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон томони таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик ва илғор тажриба алмашишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун бу каби тўғридан-тўғри учрашувлар муҳим аҳамият тутишини таъкидлади.