Элчи Япония томони вакилини Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, туризмни ривожлантириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, фуқаро авиацияси бозорини эркинлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, мамлакатнинг минтақавий аэропортларида «очиқ осмон» режимининг жорий этилишига доир атрофлича маълумотлар билан яқиндан таништирди.

Музокаралар чоғида Япониядан Ўзбекистон шаҳарларига тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризм соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Самарқандда соатига 800 нафар йўловчига ва ҳафтасига 120 тагача ҳаво қатновига хизмат кўрсата оладиган замонавий аэропорт терминали ҳамда янги сайёҳлик маркази очилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича Япониянинг йирик шаҳарларидан Ўзбекистонга чартер ҳаво қатновларини кўпайтириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.