Японияда кучли қор ёғмоқда, бир неча метр баландликдаги қор уюмлари, бахтсиз ҳодисалар тез-тез қайд этилмоқда.

Ҳозирнинг ўзида 46 киши ҳалок бўлди, 558 киши жароҳат олди. ОАВ маълумотларига кўра, айрим одамларнинг жасадлари қор остида бир неча кун давомида қолиб кетган, чунки уларни ўз вақтида топиш имкони бўлмаган.

Япония расмийларининг маълумотига кўра, кўплаб фожиали ҳолатлар бинолар томларидан тушган қалин қор одамларни босиб қолиши оқибатида содир бўлган. Шунингдек, жабр кўрган ҳудудларда уйларнинг қулаб тушгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Январь ойи охиридан бери Япониянинг шимолий қисмида мисли кўрилмаган қор ёғяпти. Кўпгина ҳудудларда қор ёғиши тўхтамади. Аомори ва Ажигасава каби шаҳарларда бу қишда қор қопламининг баландлиги бир метрдан ошди. Баъзи туманларда қор қалинлиги тўрт ярим метрга етди.

Аомори губернатори Соичиро Мияшита шаҳар ҳукумати кўчалар, уйлар ва темир йўл изларини қордан тозалашда қийналаётганини айтди ва февраль ойи бошида Япония ҳарбийларидан ёрдам сўради. Ҳозирда аскарлар қор тозалаш ишларида ёрдам беришяпти, энг аввало қариялар ва ёлғиз яшовчиларга ёрдам бериляпти, деб хабар берди oz.inform.kz.