Мазкур мактаб Япониядаги энг катта мактаблардан бири бўлиб, бугунги кунда мактабда 2149 нафар маҳаллий ва 93 нафар хорижий, жами 2242 нафар 1-9-синф ўқувчиларига 100 дан ортиқ ўқитувчилар таълим бериб келмоқда.
Мактабда ҳар бир ўқувчи иккинчи синфдан бошлаб, ўрганаётган билимларини амалиётга боғлаб ўрганишни бошлайди. Бунда ҳар бир ўрганаётган янги ҳодиса, предмет ёки жараённи махсус ноутбукларда расмга олиб, қурилма хотирасига сақлаб боради ҳамда ўзгаришларни кузатиб хулоса чиқаради. Еттинчи синфдан бошлаб эса ўқувчилар ўзларининг таълим олиш жадвалини ўзлари белгилашлари мумкин.
Мактабда дарсларни маълум сабабга кўра қолдираётган ўқувчилар учун машғулотларни онлайн тарзда кузатиб бориш имконияти яратилган. Синф ўқувчилари жамоатчилик ва тозалаш ишларида фаол қатнашишади ва буни япон мактабларидаги маданиятнинг ажралмас бир бўлаги сифатида кўришади.
Мактаб шиори "Яратувчанлик, биргаликда ишлаш ва юқори марраларга интилиш" ҳисобланади.
Мазкур мактабдаги учрашувда мактаб тузилмаси ва дарс жараёни билан танишилгандан сўнг мактаб ўқитувчилари билан суҳбат олиб борилди.
Учрашув сўнгида томонлар мактабда дарсларни ташкил этиш ва олиб бориш жараёнларини махсус жонли видео дарслар орқали Ўзбекистон Республикаси мактабларига тажриба сифатида улашишга келишдилар.