Дастлаб Фарғона шаҳридаги Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси мажлислар залида вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, вилоят ҳокимлигининг Инвестиция ва ташқи савдо котибияти мудири Азимжон Юлдашев, шаҳар-туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлимлари раҳбарлари ҳамда япониялик меҳмонлар иштирокида ўтган тадбирда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда туризм салоҳияти, инвесторларга яратилган қулайликлар юзасидан маълумот берилди.
Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Дилшод Омонов япониялик ишбилармонлар томонидан аввалги ташриф чоғида қизиқиш билдирилган лойиҳалар – 300 гектарлик майдонда бунёд этилаётган Экошаҳар лойиҳаси, шунингдек Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида, “Тадбиркорлар уйи” ёнида қурилиши белгиланган 18 қаватли замонавий бизнес ва савдо маркази ҳамда меҳмонхона лойиҳаси ҳақида батафсил ахборот тақдим этди ва японияликларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Юртимизда, жумладан, вилоятимизда инвесторларга яратилаётган қулайликларга, берилаётган имтиёзларга катта қизиқиш билдирган япониялик ишбилармонлар ўз тадбиркорлик фаолиятларидан келиб чиқиб, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, туризм, текстил, озиқ-овқат, косметика йўналишларида ҳамкорлик қилиш мақсадларини айтиб ўтишди.
Шундан сўнг икки кунлик ташриф режасига кўра, меҳмонлар вилоятимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш ҳамда йирик лойиҳаларни жойига чиқиб кўриш учун ҳудудларга йўл олдилар.