Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Давлат хизматлари маркази фаолияти, Марказда жорий этилган давлат хизматлари, хусусан электрон рақамли имзо калитини олиш ҳамда тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш тартиби билан танишиш мақсадида тадбиркорлардан иборат Япония делегацияси аъзолари ташриф буюрди.
Ташриф чоғида, Давлат хизматлари маркази масъул ходимлари томонидан сўнгги йилларда юртимизда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш йўли билан аҳолига қулай ва шаффоф хизматлар тақдим этилаётганлиги хусусида батафсил маълумот берилди.
Меҳмонлар томонидан айниқса, аксарият давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имкони яратилганлиги, тизимда инновацион технологиялар кенг қўлланилаётганлиги, бу эса ўз навбатида, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига ижобий таъсир қилиши эътироф этилди, деб хабар беради Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати.