Сафар давомида Тахара шаҳри ҳокими Ямашита Масаёши, «Аичи Минами» қишлоқ хўжалиги кооперативи президенти Теруҳико Сузуки, Тахара қишлоқ хўжалиги қўмитаси раиси Кодзи Ямомото, «Nichirin Company», «JIC Cooperative» ва «FOZMA» компаниялари раҳбарияти билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Шаҳар ҳокими билан учрашувда савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди, Наманган вилоятининг сармоявий салоҳияти тақдим этилди ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама манфаатли ҳамкорлик имкониятлари ҳақида сўз борди.
Ўз навбатида, Тахара мэри Ўзбекистон билан, хусусан, Япониянинг ушбу шаҳрида жойлашган қишлоқ хўжалик корхоналарига ўзбекистонлик мутахассисларни ишга жалб қилиш орқали ҳамкорлик ўрнатишга катта қизиқиш мавжудлигини қайд этди. Бундан ташқари, Ямашита Масаёши Наманган ва Тахара ўртасида иқтисодий, маданий-гуманитар соҳада икки томонлама тадбирлар ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Музокаралар якунида эришилган келишувларнинг амалда бажарилиши ва пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашгандан сўнг Тахара шаҳри мэрининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, «Аичи Минами» қишлоқ хўжалиги кооперативи президенти Теруҳико Сузуки ва Тахара шаҳри қишлоқ хўжалиги қўмитаси раиси Кодзи Ямомото билан учрашувлар ўтказилди. Учрашув давомида Ўзбекистонда меҳнат миграциясининг меъёрий-ҳуқуқий тартибга солиниши, ўқув тизими ва ўзбекистонликларни Японияга вақтинчалик ишга жўнатиш жараёни билан таништирилди.
Музокаралар чоғида Япония томони меҳнат ресурслари бўйича жиддий тақчиллик ва хорижий ишчи кучига эҳтиёж мавжудлиги ҳақида маълум қилди. Шу муносабат билан суҳбатдошлар Японияга ўзбекистонлик меҳнат ресурсларини қишлоқ хўжалиги соҳасида муайян кўникма ва ихтисослик бўйича жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятини билдирди.
«Nichirin Company», «FOZMA» ва «JIC Cooperative» компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда «Авто CAD» дастурий маҳсулотлари устида ишлаш соҳасида тажрибага эга бўлган ўзбекистонлик мутахассис-муҳандисларни жалб этиш масаласини ўрганиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон элчихонаси вакиллари «Yakimo Sakura» бренди остида ширин картошка ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиш баробарида, ушбу картошка навини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш технологияси ва имкониятларини атрофлича ўрганди.
Япония компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган музокаралар якунига кўра, жорий йилнинг октябрь ойида уларнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Бўлажак ташриф доирасида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан амалий музокаралар олиб бориш, мамлакатимизнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятига бағишланган бизнес-семинар ташкил этиш, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.