Савол: Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ва консуллик муассасалари томонидан фуқаролар хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Яқин Шарқ мамлакатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий-сиёсий вазиятни 24/7 форматда доимий мониторинг қилиб бормоқда.

Қабул қилувчи давлатларнинг ташқи ишлар идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, фуқаролик муҳофазаси хизматлари ҳамда авиация маъмуриятлари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Савол: Тезкор линиялар ва фавқулодда алоқа каналлари ташкил этилганми?

Жавоб: Элчихоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида «тезкор линия»лар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Call-маркази фаолият юритмоқда.

Фуқаролардан келиб тушаётган барча мурожаатлар рўйхатга олиниб, доимий ўрганиб борилмоқда, аксарият масалалар тезкорликда ҳал этилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра:

- минтақадаги фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар сони 2 144 тани ташкил этмоқда;

- манзилли консуллик ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда.

Фуқаролар расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва каналлар орқали эҳтиёт чоралари, авиарейслар ҳолати ҳамда ҳаракатлар алгоритми бўйича мунтазам хабардор қилинмоқда.

Савол: Фуқаролар кўпроқ қандай масалаларда мурожаат қилмоқда?

Жавоб: Мурожаатлар мунтазам равишда келиб тушмоқда.

Асосий масалалар қуйидагиларга тааллуқли:

- эвакуация;

- авиарейсларнинг бекор қилиниши ёки бошқа санага кўчирилиши;

- вақтинчалик турар жой билан таъминлаш;

- мамлакатда қолиш муддати узайиши муносабати билан молиявий қийинчиликлар.

Дубай, Шаржа ва Доҳа аэропортларида «Ватандош» жамғармаси орқали бир гуруҳ фуқароларга молиявий ёрдам кўрсатилди.

Савол: Яқин Шарқ минтақасидан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш ва махсус рейслар ташкил этиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, фуқароларимизни Ватанга қайтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ва юртдошларимиз хавфсизлигини таъминлашни инобатга олиб, доимий ҳамда қўшимча рейслар ташкил этилмоқда. Ишлар доимий асосда олиб борилмоқда.

Жумладан:

- Саудия Арабистонидан тизимли эвакуация амалга оширилмоқда;

- Бирлашган Араб Амирликларидан «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси репатриация рейсларини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқди;

- авиакомпаниялар билан чартер рейсларни келишиш ишлари олиб борилмоқда;

- минтақадаги авиация регуляторлари билан мувофиқлаштириш таъминланмоқда.

Ҳаво ҳудудининг ёпилиши ва «ҳаво ҳужуми» режими шароитида имкониятлар чекланган бўлсада, ишлар узлуксиз равишда олиб борилмоқда.

Савол: Яқин Шарқда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борми?

Жавоб: Бугунги кун ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар йўқ.

Вазият доимий назорат остида.