Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун бу борада яна бир муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қонун билан миллий қонунчилигимизга илк бора тарафларнинг ўзаро ярашгани муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тугатилиши тартиби, яъни “Ярашув институти” жорий этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, юридик фанлар номзоди Мухтабар ҲУСАНОВА, Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи, полковник Бахтиёр БЕРДИАЛИЕВ билан суҳбатимиз қонунчилигимиздаги ана шундай муҳим ўзгаришлар, уларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда тутган ўрни хусусида бўлди.
— Суҳбатимиз аввалида қонунчилигимизда жорий этилаётган “Ярашув институти”нинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Мухтабар ҲУСАНОВА:
— Миллий ҳуқуқий тизимимизда низоларни ҳал қилишнинг янги механизмлари жорий қилинаётгани, жиноят қонунчилигида ярашув институти самарали қўлланилиб келинаётгани жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, инсонпарварлик тамойилини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида юқорида қайд этилган янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “Ярашув институти” жорий этилмоқда. Унга кўра, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод этиб ишни тугатиши мумкин бўлади.
Шу ўринда айтиш керакки, эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар ўртасида ўзаро келишмовчилик рўй бериши ҳаётда учраб туради. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, шу вақтгача, фуқароларнинг мол-мулкига зиён етказиш билан боғлиқ бўлган ёхуд биринчи марта маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан ўз вақтида жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарар қопланганида, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганида ҳамда жабрланувчи билан ярашган тақдирда ҳам унга нисбатан “Ярашув институти”ни қўллаган ҳолда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш механизми мавжуд бўлмаган. Табиийки, бу яқин инсонлар ўртасида адоват давом этишига, уларнинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўларди.
Мисол учун, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи икки қўшни ўртасида келишмовчилик туфайли бири иккинчисига енгил тан жароҳати етказади. Бу ҳуқуқбузарлик юзасидан профилактика инспектори маъмурий иш ҳужжатларини тўплаб, тан жароҳати етказган қўшнига қонуний чора кўриш учун туман судига юборади. Бироқ, бироз вақт ўтиб, иккинчи тараф ўзаро ярашгани, жабр етказган шахсга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, қўшнилар ўртасида дўстона муҳитни асраб қолиш учун суд мажлисида иштирок этмаслигини билдириб илтимоснома ёзган. Шунга қарамай, профилактика инспектори уларни суд мажлисига олиб боришга мажбур бўлган. Бу ҳолатга эса қўшнилар эътироз билдирган. Бу фуқароларда ички ишлар органларига нисбатан ишончсизлик ҳиссини уйғотишга ҳам сабаб бўлаётгани бор ҳақиқат эди.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойида 11 минг 477 маъмурий ҳуқуқбузарлик айнан оилада, яъни эр-хотин, қайнона-келинлар ўртасида содир бўлиб, уларнинг барчаси, яраштирув институти мавжуд бўлмагани боис, ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан маъмурий баённомалар тузилиб судларга юборилган. Эндиликда қонунчилигимизда “Ярашув институти”нинг жорий этилиши юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олади, ортиқча оворагарчиликка чек қўяди. Қолаверса, эр-хотин, яқин қариндошлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик ўзаро адоватга айланиб кетишининг олди олинади, оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарликлар камайишига эришилади.
– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга мувофиқ, бир қатор маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ҳудудий профилактика инспекторларига ҳам юклатилди. Ушбу янгиликни ҳаётга татбиқ этишнинг ҳуқуқий механизмлари ва кутилаётган натижалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
Бахтиёр БЕРДИАЛИЕВ:
– Дарҳақиқат, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган 8 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш судлар ваколатидан, 3 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар эса ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ваколатидан чиқарилмаган ҳолда ҳудудий профилактика инспекторларига ҳам берилди. Эндиликда профилактика инспекторлари Ўзбекистон Республикаси МЖтК 47-моддасининг 1-қисми (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик), 473-моддаси (никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 148-моддаси (темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган минтақаларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш), 188-моддаси (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 1882-моддаси (вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш, дам олиш жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш) судлар ваколатидан, қолган 3 та модда, яъни 114-модда (темир йўл транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш), 1286-модда (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш) ва 147-модданинг 1-қисми (йўлларга, йўл иншоотларига йул ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст еткзиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш) каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик белгилаш йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларида ҳам сақланган ҳолда, уларга маҳалла профилактика инспекторлари ҳам қонуний чора кўриш ваколатига эга бўлди. Бу жойлардаги ходимларимизнинг масъулиятини ошириш билан бир қаторда, ҳудудларда тартиб-интизомни сақлаш, турли кўнгилсизликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Эндиликда профилактика инспекторлари жами 24 та маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жойида қонуний чора кўриш институтини қўллашга ҳақли бўлди. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: агар ҳуқуқбузар фуқаро профилактика инспекторининг ушбу қароридан норози бўлса қаерга шикоят қилади? Албатта, бу турдаги шикоят маъмурий ишлар бўйича судга юборилади ва суд ишни кўриб чиқади.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузар ўз айбига иқрор бўлиб, содир этган қоидабузарлиги учун белгиланган жаримани судгача бўлган босқичда тўлаш истагини билдирса, ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида шароит яратилишининг ҳуқуқий механизмлари қонунчилик билан мустаҳкамланмоқда.
Мисол учун, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани “Ойбек” маҳалласини олайлик. Маҳалладаги фуқаро болаларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик ҳуқуқбузарлигини содир этди дейлик. Мазкур ҳолат юзасидан МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача (270 минг сўмдан 1 миллион 350 минг сўмгача) жарима жазоси белгиланади. Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича камида 4 нафар жараён иштирокчилари Вояга етмаганлар бўйича комиссияга ҳамда судга қатнаши керак. Бу комиссия эса маҳалладан 200 километр узоқликда, туман ҳокимлиги биносида жойлашган. Демак фуқаролар йўл кира сарф қилиши, ортиқча оворагарчилик бўлиши ҳисобга олинса, ушбу қонуннинг аҳамияти янада аниқ бўлади.
Яна бир муаммо – маҳаллаларда йўл патруль хизмати ходимларининг штат бирликлари камлиги туфайли транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлари деярли аниқланмай қолмоқда. Эндиликда мазкур қоидабузарликлар айнан маҳаллада хизмат олиб борувчи профилактика инспекторларига ҳам берилиши тўғрисидаги норма қонунчиликка киритилди. Бу йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини кучайтириш, ўз навбатида, ҳайдовчиларнинг огоҳлик ва ҳушёрлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
– Айтингчи, профилактика инспекторларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан жарима ундириш ваколатига эга бўлиши коррупция ҳолатларини юзага келтирмайдими?
Бахтиёр БЕРДИАЛИЕВ:
– Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида бу савол депутатлар ва мутахассислар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Шу боис, бу жараёнда манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасида мустаҳкам амалий механизмни яратишга жиддий эътибор қаратилди. Яъни, барча маъмурий баённомалар электрон шаклда тузилади ва ИИВда ташкил этилган “Биллинг” тизими орқали назорат қилинади.
Дарҳақиқат, бу тизим қандай амалга оширилади, деган савол туғилиши табиий. Профилактика инспектори ҳуқуқбузарга қарорни эълон қилгач, унга нисбатан эътироз бўлмаса, фуқарога мавжуд электрон тўлов тизимлари орқали тўлаши учун махсус кодли рақам берилади. Шу рақам орқали исталган электрон тизимлар, банкоматлар орқали пул ўтказилади. Агар жарима 15 кун ичида тўланса, жариманинг 30 фоизи ҳуқуқбузар фойдасига чегирилиши бўйича телефонига хабарнома жўнатилади. ИИВ жарима тўланган ёки тўланмаганини онлайн кузатиб боради. Агарда ҳуқуқбузар иш судга оширилишини истаса, маъмурий ишлар бўйича судга юбориш билан бу жараён якунланади.
Бир сўз билан айтганда, қонунчиликка киритилган бундай янгиликлар, аввало, инсон манфаатини, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш мақсадида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу чора-тадбирлар жамиятимизда ҳуқуқий ислоҳотларни янада либераллаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг қонун олдидаги бурч ва масъулиятини ошириш, шу билан бирга, ҳақ-ҳуқуқларини муҳофазалашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди