Бу ерлар Тошкентнинг энг чекка жойлари ҳисобланарди. 1966 йилги зилзиладан сўнг шаҳар қаддини тиклаш учун собиқ иттифоқнинг турли республикаларидан ёрдамга келган қурувчилар вақтинча яшаб, сўнгра бузиб ташланишга мўлжалланган, ёғочдан ясалган, аҳоли томонидан “финская деревяшка” деб аталадиган уйлар ҳудуд кўркига соя ташлаб турарди.
Ўша замонлардаёқ “Бу ёғоч уйлар эрта-индин бузилар экан”, деган гап юрар эди. Орадан ўн йил, йигирма йил, йигирма беш йил ўтди. Ушбу “Йўлдош шаҳарча” атрофига ҳам мустақиллик йиллари йўллар тортилиб, баланд бинолар қурила бошланди.
Янги шифохоналар, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, мебель фабрикаси, катта-кичик бозорчалар очилди. Қачонлардир боболаримиз чўлларни ўзлаштириб, экин-тикин учун сув келтирган Шокирариқ ва Жўнариқ ёнида қадим-қадимдан мавжуд бўлган Қипчоқ, Сойбўйи, Нўғойқўрғон маҳаллалари ҳам кенгайди. Ёғоч уйларнинг бузилишидан дарак бўлмаса-да, унга қўшни бўлиб Дўстлик мавзеси қад ростлай бошлади. Аммо бу ерларнинг шаҳарнинг чекка жойи экани ҳар лаҳза билиниб турарди.
Дўстликдан бизга ҳам уй насиб қилди. Мен жуда хурсанд эдим. Уйимиз шаҳарнинг чеккасида бўлса-да, об-ҳавоси тоза ва сўлим. Лекин транспорт масаласи жуда чатоқ эди. Эрталаб ишга, ўқишга борувчилар бекатларда (бекатларнинг номи бор эди, холос) интиқ бўлиб автобус кутардик.
Автобус келиши билан ҳамма ўзини ичкарига урарди. Чиқишга улгурмаганлар кейинги — орадан бир соат ўтиб келадиган автобусни кутишга мажбур эди.
Кейинги автобусга чиқишда ҳам худди шу манзара: “Автобус резина эмас, уни мен чўза олсайдим, ҳаммани сиғдирар эдим”, “Сиғмаганлар эшикка осилманглар, йиқилиб бир фалокат бўлмасин”, дея бақирарди ҳайдовчилар. Аммо ҳамма шаҳарга бориши керак, барчанинг иши ва муаммоси шаҳар билан битар эди. Ўша пайтлар
Сергели туманига қарашли Дўстликда йўллар эпақага келтирилиб, “12-автобус саройи” очилди ва автобуслар қатнови бирмунча яхшиланди.
Мустақиллик йиллари ҳудудимизда чинакам ҳаёт қайнай бошлади. Аммо қўшнимиз бўлган ёғоч уйлар ўша-ўша ҳолда қолди. Энг ёмони — қиш фаслида ёнғин чиқса, ўт ўчирувчилар етиб келгунча ёғочли уй 60-70 фоиз ёниб бўлар эди. Ўт ўчирувчиларнинг “бир оёғи” шу ерда бўлиб қолгач, айнан ёғоч уйлар олдига Сергели тумани ўт ўчириш бўлими жойлаштирилди.
Бўлим ёнига Ички ишлар вазирлигига қарашли Ёнғиндан сақлаш олий техник мактаби кўчириб келтирилган эди. Ҳозир бу ўқув даргоҳи Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли Ёнғин хавфсизлиги академиясига айлантирилган.
Барибир бу ҳудуд одамлар таъбири билан айтганда “энг арзон”, “чекка жой” бўлиб қолаверди. Ёғингарчиликлар бошланса, асфальтнинг ўйдим-чуқурлигидан бир километр ҳам текис йўл қолмасди. У йўллардан беморларни шифохонага олиб бориш дард устига чипқондек эди.
Одамлар орзу қилишдан тўхтамадилар.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг жон томирини ушлаб кўриб, унинг қаерига қандай малҳам кераклигини билгувчи ҳакимга ўхшайди. Йўқса, бизнинг ҳудуддек чекка жойнинг муаммолари кимнинг хаёлига келибди?!
Биз томонда ҳам транспорт қатнови яхшиланармикин?
Метро келармикин?
Янги корхоналар қурилармикин? Ижарада турган маҳаллаларга кўркам, замонавий идоралар насиб этармикин? Оқшом сайр этишга осойишта ва ёруғ йўлаклар қурилармикин? Уйларимиз ёнида машиналаримиз бехавотир турармикин? Бизда ҳам замон талабидаги тиббиёт, маданият, спорт, адабиёт, маънавият, санъат муассасалари қад ростлармикин?
Бу бизнинг кечаги армону андуҳларимиз эди.
Ниҳоят, 2020 йил Президентимиз ҳудудга ташриф буюриб, унинг кўчалари, маҳаллаларини қадамба-қадам кўздан кечирди. Ўша ташрифдан сўнг ҳудуд елкасига офтоб тегди. Маҳалла ва гузарлар Хизр нафаси теккандек яшариб ва яшилланиб, баҳорий илиқлик, наҳорий тиниқлик ифор сочди.
2020 йил 12 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг тегишли қарори асосида Янгиҳаёт тумани ташкил этилди. 4 419,6 гектар ҳудудли туманда 30 та маҳалла фуқаролар йиғини, 41 минг 266 та хонадон, 909 та кўп қаватли уй,
19 та мактабгача таълим ташкилоти, 15 та умумтаълим мактаби, 2 та касб-ҳунар коллежи, 7 та тиббиёт муассасаси, 2 та маданият маркази мавжуд.
Жорий йил 18 февраль куни давлатимиз раҳбари Янгиҳаёт туманига яна ташриф буюрди. Президент ўз ташрифини ўтган йил ноябрь ойида иш бошлаган “Алмерро груп” МЧЖнинг қандолат корхонаси билан танишишдан бошлади. 95 турдаги ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхонани кўздан кечириб: “Сифати яхши, чет элники билан бемалол рақобатлаша олади. Фақат нархни тушириш бўйича имконият бор. Фақат импорт қилинаётган қўшимчаларни хомашё шаклида олиб, шу ернинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилса, таннархни 10-15 фоиз арзонлаштириш мумкин. Шунда маҳсулотлар яхши сотилиб, қўшимча иш ўринлари очиш имконияти пайдо бўлади”, дея маслаҳат берди.
Янгиҳаётлик ёшларни иш билан банд қилишни бошлаган янги технопаркда келажакда
24 та корхона ишга тушади. Технопарк учун
210 гектар ер ажратилган. 20 минг иш ўрни яратилади. Шундан 150 гектари икки босқичда аукцион савдога чиқарилади. Тадбиркорлар сотиб олинган ернинг мулкдори бўлади ва корхоналарни ўзлари қуради.
Президентимиз катта ҳудудни эгаллаган мажмуа фаолиятининг эртасига баҳо бериб, “Тошкентда ер танқис, келгусида бундай майдонлар топилмайди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш керак. Шунинг учун корхоналар кўп қаватли қилиб қурилгани маъқул”, деди. 2024-2025 йилларгача қуриб битирилиши мўлжаллаган ушбу лойиҳани тезроқ ишга тушириш зарурлигини айтди.
Ташрифнинг учинчи манзили биз яшаётган, 4 минг 365 аҳолини бағрига олган Дўстлик маҳалласи бўлди.
— Маҳалламиз ҳали ҳам катта ҳаяжон ичида яшамоқда. Фаолиятининг ҳар бир дақиқаси олтиндан қиммат Президентимиз вақт ажратиб маҳалламизга келиб, биз билан учрашгани, озиқ-овқат дўконларини кўздан кечиргани тарихий воқеа бўлди, — дейди Дўстлик МФЙнинг 20 йиллик раиси Маъмурахон Азимова. — Беш йил ичида аҳоли ҳаётига тааллуқли барча муаммолар ҳал бўлди. Оқшом кўчалар ва йўлакларимиз хилма-хил чироқлар билан ёритилади.
Болалар, спорт майдончалари, югуриш ва велосипед йўлаклари ҳамиша ёшлар билан гавжум.
— Нуронийларимиз кечаю кундуз бемалол сайрга чиқадилар. Йўлаклар четига ўриндиқлар ўрнатилган. 30 дан ортиқ миллат истиқомат қилаётган маҳалламиз фуқаролари ўзаро ҳамжиҳат ва аҳил яшайди, — тўлқинланиб давом этади
М.Азимова. — Баланд биномизга чизилган “Дўстлик рамзи” мурали Президентга маъқул бўлганидан мамнун бўлдик. Ташрифдан сўнг олдимизга қўйган топшириқларни бажариш учун маҳалла фуқаролар йиғини мажлисини ўтказиб, режалар белгилаб олдик. Мактаб ўқувчилари, талаба-ёшларимиз келиб “Дўстлик рамзи” мурали туширилган бино олдида Президентга ёққан тасвирдан эсдалик учун суратга тушмоқда.
Давлатимиз раҳбари тумандаги “бокс стрит” қуриш лойиҳаси ҳамда шаҳримизда ҳаракатланаётган электробус фаолияти билан танишди. Айланма йўлдаги “бокс стрит” савдо, овқатланиш, маиший хизмат шохобчалари кечаю кундуз фаолият кўрсатишга мўлжалланган. Мазкур лойиҳа арзон ва тез битиши учун юк контейнерларидан фойдаланилади. Бу ерда келгусида 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Бир пайтлар мақсадсиз увол бўлиб ётган 72 гектар жойда бугунги кунда “Тошкент индекс” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси қад ростлади. Наврўз байрами арафасида ишга тушадиган, қарийб 1 триллион 300 миллиард сўмлик иншоотда логистика ва экспомарказлар, меҳмонхона, ошхона қурилмоқда.
Юртимиз раҳбари мажмуани кўздан кечирди ва тегишли маслаҳатларини берди. Ташриф якунида Президентимиз фаоллар билан ўтказилган йиғилишда туман ташкил этилган вақтларни эслаб ўтди.
“Бир пайтлар биз Янгиҳаёт туманини ташкил қилганимизда бу ерда ҳаёт бўлармикин, деган шубҳалар бор эди. Агар биз Сергели билан Янгиҳаётни ажратмаганимизда 360 минг аҳолини бошқариш оғир бўлар эди. Ва бугунги натижаларга эриша олмасдик. Бундан беш йил аввал Сергелида янги туман, янги ҳаёт, кўп иморатлар бўлади, деганимизда кўп дўстларимиз ишонишмаган эди. Мана, қилса бўлар экан”, деди Президент.
* * *
Биз Янгиҳаёт туманида яшаймиз ва бундан ғурурланамиз. Унинг порлоқ келажагидан хотиржаммиз. Булбул чаманда сайрагани каби мен ҳам туманим тонглари, сурмаранг оқшомларидан илҳомланаман.
Янгиҳаётим десам,
Бошим тегар осмонга.
Бошим узра булутлар,
Айланади достонга.
Учиб ўтар метролар,
Йўллар гулга ўралган.
Туманимнинг эртаси,
Аллоҳимдан сўралган.
Янгиҳаётим десам,
Гуллар каломга келди.
Оқшомда ой юлдузлар,
Сенга саломга келди.
Маҳаллалар, гулзорлар,
Нур ёғилар ҳар ёнда.
Яшнар Янгиҳаётим,
Янги Ўзбекистонда
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира