Бежизга болалик-пошшолик дейишмайди. Ахир, унинг унутилмас хотиралари йиллар ўтсада, ширин энтикиш билан эсланади. Қолаверса, эзгу мақсадларга эришишни истаган ҳар бир ёш кўнглида ўша дамларда улуғ орзулари ижобатини кўришни истар экан. Ана шундай гўзал орзулар келгусида ўз самарасини бериши муқаррардир. Шу маънода, Андижон давлат тиббиёт институтининг бир гуруҳ талаба ёшлари 1 июнь- халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига ҳеч кимни хаёлига келмаган, ўзгача совға тайёрлашни ният қилиб, умидимиз юлдузлари, кўзмунчоқларимизга шодлик улашмоқ истаги билан қатъий ҳаракат қилдилар.

Ўша ҳаракатлар сабаб, улар бугун эзгу ниятларини амалга оширдилар. Улар шифохоналарда ётган, ҳаётдан умидини узолмай курашаётган болажонларга биласизми, нима совға қилдилар?! Адашдингиз, ўйинчоқ эмас, рангли қоғоз ҳам эмас, улар болажонларга -Ҳаёт улашдилар!

Улар қон қуйиш станциясида донорлик акциясини ташкил қилдилар. Ҳа, ҳали кўрасиз, томирларида сизнинг қонингиз оқаётган болажонлар қаҳрамонликлар қиладилар, халқининг эртаси, келажаги учун беминнат курашадилар, фидоийлик билан хизмат қиладилар.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, улар Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Мирзо Улуғбек, Амир Темур авлодлари, биз ишонамиз, келажакда улардек шижоатли ёшлар учинчи ренессансни барпо қиладилар. Раҳмат сизга ёшлар, Сиз олдингизга қўйган вазифангизни, олийжаноб мақсадингизни шараф ва ғурур ҳамда фахр билан уддаладингиз, жон томиримиз бўлган азиз болажонларга ҳаёт улашдингиз!