Унга кўра, минтақа давлатларида глобал иқлим ўзгариши туфайли  юзага келган салбий оқибатлар ва мамлакатларнинг ушбу муаммони оқилона бартараф этишдан манфаатдорлигини инобатга олсак, бу каби кенг кўламли ҳужжатнинг қабул қилиниши минтақа давлатлари учун ўта муҳим ва долзарб вазифа ҳисобланади.

Айни пайтда, Париж битими (2015 йил) бўйича мажбуриятлар доирасида, ҳар бир давлат иқлим ўзгаришига мослашишга доир миллий дастурларини амалга оширмоқда. Бироқ, шу кунга қадар  Марказий Осиё мамлакатларида трансчегаравий дарёлар оқимининг пасайиши билан боғлиқ қурғоқчиликнинг юзага келиши, иссиқхона газларининг ортиши, ҳавонинг ифлосланиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, чўлланиш, сув тошқинлари, музликларнинг эриши ва шу каби қатор экологик минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишга қаратилган ягона, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар дастури мавжуд эмас.

Шу сабабли, Марказий Осиё ва минтақа мамлакатларининг ҳар бири учун муҳим ва истиқболли фаолият йўналишларидан бири сифатида, ушбу  муаммоларни ҳал этишга кўмаклашувчи “яшил” технологияларни кенг жорий этиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ғоятда аҳамиятлидир.

Учрашув давомида, Давлатимиз раҳбари бу борадаги қарашларини такрор ва такрор айтиб ўтдилар. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг май ойида Сеулда бўлиб ўтган "Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик - 2030" (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Шу ўринда, мамлакатимиз раҳбари форум иштирокчиларини ушбу йўналишдаги  вазифаларни биргаликда фаол давом эттиришга чақирди. Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган БМТ Траст жамғармаси,  Яшил ўсиш глобал институти (GGGI), P4G шериклик платформаси ва бошқа халқаро институтлар шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки,  йилнинг биринчи ярим йиллигида, Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган  БМТ Бош ассамблеясининг “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги” махсус резолюциясининг қабул қилиниши минтақа давлатлари эришган муҳим ютуқлардан бири бўлди.  Мазкур ҳужжат Марказий Осиё  давлатларининг  ҳаммуаллифлиги асосида яратилди.

Бинобарин, иқтисодиётнинг "яшил" рельсларга ўтиши билан боғлиқ масалалар мавжуд тартибнинг энг муносиб муқобили ҳисобланади. Бунда, асосий чора-тадбирлар қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини самарали кенгайтириш ва анъанавий хом ашё турларидан воз кечишдан  иборат. Зеро, ушбу йўналишдаги аниқ қадамлар иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш, "яшил" тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлашга кўмаклашиши табиий. Бу эса, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва иқлим бўйича Париж келишуви тартиб қоидалари бажарилишига тўла мос келади.

Шунингдек, муаммоларни ҳал этиш қай даражада мураккаб бўлмасин, Марказий Осиё давлатлари ушбу йўналишда илдам ҳаракат қилмоғи даркор. Минтақавий миқёсда "Яшил кун тартиби" дастурининг  ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши давлатларнинг иқлим ўзгариши оқибатларини мослаштириш ва юмшатиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга имконият яратади.

Бундан  кўриниб турибдики, мазкур ҳужжат иқлим ва гидрологик маълумотлар базасини яратиш, табиий хавф ва  офатларни биргаликда бошқариш, "яшил", паст углеродли ва иқтисодиётда ресурсларни тежовчи миллий дастурларни бирлаштириш, замонавий “яшил” ва рақамли ечимларни  жорий этиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тадқиқот базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш  каби қатор вазифаларни ўз ичига қамраб олади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки,  муаммоларни ҳал этиш йўлларини аниқлаш ва муҳокама қилиш, "яшил" технологияларни кенг жорий этиш бўйича самарали чоралар кўриш ва тасдиқлаш, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минтақа барқарорлигини таъминлашга эришилади. Шубҳасиз, ушбу ташаббус минтақавий кун тартибининг энг долзарб масалалари ва Ўзбекистоннинг минтақа ривожланишидан  манфаатдорлиги борасидаги ягона позициясидан келиб чиққан ҳолда, Марказий Осиёнинг барча давлатлари томонидан тўлиқ маъқулланди.

 

Файзиев Шерзод,

Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи