Энергия ва энергия ресурслари ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлайдиган, унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти даражаси ва аҳолиси фаровонлигини белгилайдиган омиллардан бири ҳисобланади. Соҳа мутахассислари ва олимларнинг маълумотларига кўра, дунёда аниқланган мавжуд табиий ёқилғи-энергия ресурслари (табиий газ, нефть) 60-150 йил ишлатишга етади. Шу сабабли, кўплаб давлатларда энергия хавфсизлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш сиёсати қўлланмоқда.

Бугун янги Ўзбекистон энергетика тизимида ҳам мамлакат энергия хавфсизлигини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлаш борасида улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва “яшил энергетика” сиёсатини амалга ошириш, яъни қайта тикланадиган энергия манбаларидан, жумладан, қуёш, шамол ва сув энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда иккита вазифани ҳал этиш орқали иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш назарда тутилмоқда. Биринчидан, қайта тикланувчи энергия ресурсларидан кенг фойдаланиш орқали ёқилғи мувозанатини диверсификация қилиш, яъни анъанавий ёқилғи турларини қайта тикланадиган энергия турларига алмаштириш ҳисобига табиий ёқилғилар (табиий газ, кўмир)нинг электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришдаги ҳиссасини камайтириш эътиборга олинган.

Иккинчидан, иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш ҳамда саноат ҳудудларининг экологик ҳолатини яхшилаш вазифалари белгилаб берилган. Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, қайта тикланадиган энергия манбаларидан бири бўлган қуёш энергияси амалиётда яхши ўзлаштирилган.

Сабаби, қуёш энергияси биологик ва экологик хавфсиз, қайта тикланадиган энергия бўлиб, уни фанда маълум бўлган усуллар асосида иссиқлик ва электр энергиясига осон айлантириш ҳамда ундан турли мақсадларда самарали фойлаланиш мумкин.

Туганмас энергия манбаи

Қуёш энергиясидан фойдаланишга оид баъзи маълумотларга тўхталамиз. У жуда катта энергия манбаига эга бўлиб, нури Ерга 8 дақиқада етиб келади. Қуёш нурланиш энергиясининг Ер сиртидаги зичлиги 150 дан 250 киловатт/м2 ёки йилига 1300-2200 киловатт соат/м2 ни ташкил қилади. Қуёш энергияси таъсирида инсоният, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси учун қулай иқлим яратилади. Бундан ташқари, сайёрамиздаги барча турдаги энергия ресурслари қуёш энергиясининг ҳосиласи ҳисобланади ва инсоният учун хизмат қилади.

Сўнгги йилларда фанда эришилган ютуқлар, олимлар ва конструкторлар томонидан яратилган кўплаб янгиликлар натижасида қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича замонавий технология ва қурилмалар ҳаётга фаол татбиқ этила бошлади. Дунёда кейинги йилларда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича Германия, Испания, Япония етакчилик қилмоқда.

Маълумки, Кипр давлатида аҳоли жон бошига 0,8 квадрат метр, Австрияда 0,6 квадрат метр, Исроилда эса 0,57 квадрат метр қуёш панели тўғри келади. Юртимизда бир йилда қуёшли кунлар 300-320 кунни ташкил этади, яъни ўртача 3000-3200 соатгача қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Баъзи илмий асосланган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бир йилда ернинг бир квадрат метр сиртига ўртача 1600 киловат соат қуёш энергияси тушади. Бу кўрсаткич Европа мамлакатларида, масалан, Екатеринбург шаҳри (Россия)да 1044 киловат соатни ташкил этади. Агар замонавий фото электрик станциялар орқали ушбу қуёш энергия сининг 15 фоизи электр энергиясига айлантирилса, мамлакатимизда бир квадрат метр қуёш панели орқали йилига 200-240 киловатт соат, Екатеринбургда эса 157 киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш мумкин.

Ўзбекистон иқлим шароитида ёзги даврда 1 мегаватт электр қуввати олиш учун 6000 квадрат метр қуёш панелларини ўрнатиш талаб қилинса, Ектеринбург шаҳри шароитида эса 12000 квадрат метр юзали қуёш панеллари керак бўлади. Демак, бундан англаш мумкинки, юртимизнинг жанубий ҳудудида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши учун харажат ҳам икки баробаргача кам бўлади. Умуман, барча турдаги қуёш қурилмалари мамлакатимиз ҳудудида юқори самара билан ишлайди.

Ислоҳот ва имконият

Мамлакатимизда мавжуд қайта тикланадиган энергия манбалари салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, “яшил иқтисодиёт” механизмларини жорий этиш орқали ҳудудларда табиий ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш жараёни ва экологик вазият назорат қилинмоқда. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги, 2017 йил 8 ноябрдаги “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида бир неча вазифалар белгиланган. Шунга мувофиқ, иқтисодиётда энергия ва ресурс харажатини камайтириш, энергия тежамкорлигини кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш каби устувор йўналишларда кенг қамровли ишлар бажарилди.

Юртимизда “яшил энергетика”ни ривожлантиришга қаратилган қатор давлат дастурлари амалга оширилди. Жумладан, Навоий вилоятида ишга туширилган, қуввати 100 мегаватт бўлган замонавий қуёш фотоэлектр станциясини олайлик. Нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу станция йилига 252 миллион киловатт соат тоза электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир бўлиб, натижада 80 миллион куб метр табиий газни тежаш, атроф-муҳитга 160 минг тонна зарарли иссиқхона гази тарқалишининг олдини олиш имконини беради.

Мутахассисларнинг фикрича, юртимизда ана шундай ноёб қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш ҳисобига жами 600 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу мамлакатимизда жами энергияга бўлган талабдан 8 баробар кўп дегани.

Юксалиш пиллапояси

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам яқин истиқболда миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш билан бир қаторда “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоиз ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газ миқдорини 20 фоиз камайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланган.

Шу мақсадда йирик қувватли қуёш фотоэлектр ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда ва гидроэнергетикани янада ривожлантириш давом этмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг энергия сиғимини, ишлаб чиқариш таннархини янада камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш каби муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилган.

Президентимиз бу йил 24 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида экологик тоза, қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйди. 108 миллион долларлик хорижий инвестиция ҳисобига барпо этиладиган ушбу энергетик иншоотнинг йиллик қуввати 360 миллион киловатт соат бўлиб, лойиҳа натижасида 110 мингта хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлаш билан бирга, йилига 106 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 2026 йилга бориб, мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард киловатт соатга ошириб, жами 100 миллиард киловатт соатга етказиш, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини жадал ривожлантириш учун замонавий “яшил” ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш белгиланган.

Шунингдек, тараққиёт стратегиясида камида 8 та шамол электр станциясини қуриш ҳисобига 4 гигаватт қўшимча қувват манбаи яратиш, қуёш фотоэлектр станциялар қувватини 4 гигаваттга етказиш мақсадида камида 10 та фотоэлектр қуёш станциясини ишга тушириш, 15 та янги гидроэлектр станциясини қуриш ва 5 та мавжуд гидроэлектр станциясини модернизация қилиш ҳисобига йилига қўшимча 868 мегаватт электр энергиясини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Яқин йилларда Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси, Бухоро, Жиззах, Наманган, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарёда умумий қуввати 2100 мегаватт бўлган 9 та қуёш электр станцияси ишга туширилади.

Таълим тараққиётга етаклайди

Энергетикага доир ислоҳотларнинг аҳамиятини инобатга оладиган бўлсак, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш қанчалик долзарб эканини вақтнинг ўзи кўрсатмоқда. Энергетика соҳасида, хусусан, қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси олий таълим муассасалари зиммасида.

Мамлакатимизнинг “яшил энергетика” соҳасида ривожланиш истиқболларини инобатга олган ҳолда, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида соҳа бўйича юқори малакали, замон талабларига жавоб бера оладиган, ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлаш бош вазифа этиб белгиланган. Бу бўйича институтимизда муайян ишлар бажарилди.

Жумладан, муқобил энергия манбалари таълим йўналиши бўйича бакалаврлар ва гидроэлектр станциялар мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари ихтисослиги бўйича докторантура фаолият бошлади. 2020 йилда муқобил энергия манбалари таянч кафедраси, 2021 йилда “Энергия тежамкорлик ва муқобил энергия манбалари” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Марказ таркибидаги “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий полигонида 100 квадрат метр фойдали майдонга эга бўлган қуёш иссиқхонаси, қуёш ҳаво қиздириш қурилмалари, экспериментал қуёш уйи, биомассадан муқобил ёқилғи олиш учун пиролиз ва биогаз қурилмалари, мини шамол ва қуёш электр станцияси, қуёш сув қиздириш қурилмалари ҳамда қуввати уч киловатт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилган. Ушбу қурилмаларда талабалар ва ёш олимлар учун илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш имконияти мавжуд.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида қайта тикланадиган энергетика соҳасида “бакалавр — магистратура — докторантура — кафедра” ва “бакалавр — магистратура — илмий-тадқиқот маркази” тизими бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун “яшил энергетика” технологиясини самарали жорий этиш мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлайди, маҳсулотлар таннархида табиий энергия ресурслари харажатларини камайтиради ва экологик вазиятни яхшилайди.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар миллий иқтисодиётимизни юксалтириш ва халқимиз фаровонлигини янада ошириш учун хизмат қилади.