Юртимизда умумий узунлиги 127 минг километр бўлган 430 дан ортиқ каттаю кичик дарёлар мавжуд, Улар аҳоли ва экин майдонларини оби ҳаёт, ишлаб чиқариш қувватларини сув билан таъминлаши баробарида электр энергиясини ҳосил қилишда ҳам беминнат манба ҳисобланди. Айни пайтда табиатнинг мазкур инъомининг ихчам электр энергияси ҳосил қилишдаги аҳамияти ҳам катта. Қолаверса, олис масофадаги ва етиб бориши қийин, узатиш линияларини етказиш имконияти чекланган ҳудудларда ихчам станциялар қуриш орқали аҳолининг электр қувватига эҳтиёжини таъминлаш мумкин. Кичик дарёлар, каналлар, сув омборларидан тушадиган сув ўзанлари бунинг учун қулай шароит яратади.
Сўнгги 5 йилда амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига электр энергиясини ишлаб чиқариш қуввати 2017 йилдаги 1 731 МВтдан 2021 йилда 2053 МВтга етди. Умумий ҳажми 244 МВт га тенг бўлган янги қувватлар ишга туширилди. Хусусан 13 та янги замонавий гидроэлектр станция қурилган бўлса, 9 та мавжуд гидроэлектр станциялар тўлиқ замон талаблари асосида модернизация қилинди. Лекин шунга қарамай, юртимизнинг гидроэнергетика соҳадаги салоҳиятининг қарийб 50 фоизи ҳам ҳали ўзлаштирилмаган.
— Шу жиҳат ҳисобга олиниб, жамиятимиз томонидан 2022-2026 йилларда умумий ҳисобда жами қўшимча 740 мегаватт қувватли 20 та йирик лойиҳани амалга оширишни мақсад қилган,—дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов.—Жумладан, 2022 йилда 258 мегаваттли 8 та, шундан 4 та янги қурилиш ва 4 та модернизация лойиҳалари, 2023-2024 йилларда 76 мегаваттли 8 та ҳамда 2025-2026 йилларда 506 мегаваттли 4 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, кейинги пайтда мамлакатимизда энергетика соҳасини диверсификация қилишга, хусусан, қуёш, шамол, сувдан электр энергияси олишга катта эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, Янги Ўзбекистонда ўсиб бораётган аҳоли сони, иқтисоди ҳар йили мазкур энергияга бўлган эҳтиёжни тобора ошириб боради. Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, 2030 йилга келиб, тармоқ ишлаб чиқариш қувватини 25 000 МВт га ёки йиллик электр энергия ҳажмини 120 миллиард соатга етказиш талаб этилади.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, ушбу манбалар орқали электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш ҳамда маъмурий-маиший бино ҳамда иншоотларда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида жорий йил 9 сентябрь куни Президентимизнинг “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Мазкур ҳужжатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилишини молиявий рағбатлантириш, маъмурий-маиший бино ва иншоотларда, аҳоли массивлари ва хонадонларида муқобил энергия манбаларини қўллаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, микро ва кичик гидроэлектр станцияларини қуришга доир бизнес лойиҳаларининг жозибадорлигини таъминлаш орқали соҳага хусусий инвесторларни кенгроқ жалб қилиш, қуёш, шамол ҳамда кичик гидроэлектр станциялари қурилмаларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумки, гидротурбиналар тез оқим туфайли қувват ҳосил қилади. Сув қанча тезроқ оқса, у ҳам шунча кўпроқ электр қувватини ишлаб чиқаради, қурилиш жараёнида ва фойдаланиш даврида табиий ландшафт ва атроф-муҳитни бузмайди. Сув сифатига салбий таъсир кўрсатмайди, у асл табиий хусусиятини йўқотмайди. Ихчам ГЭСлар ҳар жиҳатдан фойдали ва нисбатан арзон электр энергияси ишлаб чиқаришда қўл келади.
Жорий йил 10 июнь куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда ҳудудларда микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун майдонлар белгиланиб, жами 56 мегаваттли 200 та лойиҳа ишлаб чиқилгани қўллаб-қувватланган эди. Бу лойиҳаларни ишга тушириш йилига 202 миллион киловатт соат электр қувати ҳосил қилиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари йил якунига қадар Андижон вилоятида 15 та, Наманганда 10 та, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 6 тадан, Самарқанд, Сирдарёда 2 тадан, Бухоро, Жиззах, Фарғонада 1 тадан лойиҳани бошлашга кўрсатма берган эди. Айни кунда мазкур топшириқ юзасидан ишлар олиб бориляпти.
Президентимиз фармонига асосан, эндиликда хусусий сектор вакиллари (тадбиркорлар) томонидан қуввати 5 МВтгача бўлган микро ва кичик ГЭСларни (сув йиғиш иншоотларини қурмасдан) қуриб, электр энергиясини ишлаб чиқаришлари мумкин. Микро ва кичик ГЭС қуриш учун ер майдонлари Энергетика вазирлиги томонидан камида 20 йил муддатга тадбиркорга текинга ижарага берилади. Ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тарифи “E-AUKSION” электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукцион натижалари асосида аниқланади.
Бошланғич нарх II-гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан ҳисобланади. Тарифга қараб электр энергия нархи ҳам ўзгаради. Яъни:
— қуввати 500 кВтгача бўлган гидроэлектр станцияларига 150 фоиз миқдорида;
- қуввати 500 кВтдан 2 МВтгача бўлган гидроэлектрстанцияларга 120 фоиз миқдорида;
- қуввати 2 МВтдан 5 МВтгача бўлган гидроэлектрстанцияларга 100 фоиз миқдорида белгиланади.
Шу билан бирга, 1 мегаваттгача қуёш ва шамол, 5 мегаваттгача микро ГЭСларнинг ортиқча электр энергияси камида 15 йил давомида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва давлат томонидан кафолатли харид қилинади.
Фармонда асосий фаолияти қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда кичик гидроэлектр станциялари қурилмаларини ишлаб чиқариш бўлган, шу жумладан, 2025 йил 1 сентябрга қадар янги ташкил этиладиган шундай юридик шахслар ҳам тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб, уч йил муддат давомида фойда солиғи ҳамда мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўлашлари кафолатланган.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Авазбек Зокировнинг қайд этишича, айни кунда хусусий сектор вакилларига, яъни тадбиркорлар томонидан жойларда микро ва кичик ГЭСларни қуриш, экологик жиҳатдан тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кенг имконият ҳамда зарурий шароитлар яратилмоқда. Хусусан, мазкур фармоннинг 3-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Хусусий инвесторларга қуввати 500 кВтгача бўлган микро гидроэлектрстанцияларини қуриш учун таклиф этилаётган лойиҳалар (майдонлар) рўйхати” “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, “Гидропроект” АЖ, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар томонидан маълум қилинган лойиҳа майдонларига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган ҳолда шакиллантирилди. Лекин бу шу билан янги микро гидростанциялар қуриш тўхтатилди, дегани эмас. Талаб ва таклифга қараб лойиҳа майдонлари ортиб боради.
Тадбиркорлик субъектларига лойиҳанинг бизнес-режасини ишлаб чиқишда, оптимал техник ечимларни танлашда ва лойиҳанинг тахминий қийматини ҳисоблашда амалий ёрдам кўрсатилади ва тавсиялар берилади. Ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан келишгандан сўнг ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилади.
Яна бир муҳим жиҳати, микро ва кичик ГЭСларни қуришда Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Франция, Италия, Германия, Жанубий Корея, Австрия, Туркия, Тожикистон, Қирғизистон каби қатор давлатлар билан янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, улар учун зарур агрегатларни юртимизнинг ўзида ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилаётгани ҳам қўл келади.
—Шу пайтга қадар микро ва кичик ГЭС лойиҳалари учун гидроагрегатлар чет эл мамлакатларидан импорт қилинар эди,—дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов.—Тез орада Хитой Халқ Республикасининг гидроэнергетика соҳасида юқори тажрибага эга бўлган “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси ҳамда Ҳиндистоннинг “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимизда Марказий Осиёда ягона бўлган қуввати 2 МВтдан 15 МВт гача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш корхонаси ўз фаолиятини бошлайди.Мазкур лойиҳалар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2 МВтгача, иккинчи босқичда эса, 15 МВтга бўлган гидроагрегатлар ва турбиналар ишлаб чиқарилади. Улар ўзбек миллий бренди “Made in Uzbekistan” номи рстида тайёрланиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга ҳам экспорт қилиш кўзда тутилган.
Шу йилнинг июнь ойи бошида мамлакатимизга Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг ташрифи доирасидаги Зарафшон дарёсида Ёвон гидроэлектр станцияси қурилишига бағишланган тантанали маросимда икки давлат раҳбарлари томонидан рамзий тугма босилиб, янги ГЭС қурилишга старт берилган эди. Замонавий станция мамлакатларимиз энергетик хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Зарафшон дарёси ҳавзасида 2 та ГЭСни қуриш ва ундан фойдаланишни техник-иқтисодий баҳолаш бўйича ўзаро келишувга эришилган. Унга асосан Тожикистоннинг Зарафшон дарёси ҳавзасида гидроэлектр станцияларнинг қурилиши икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда, йилига ўртача 832 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 140 мегаваттга ва прогноз қиймати 282 миллион АҚШ долларига тенг Ёвон гидроэлектр станциясини қуриш ишлари бажарилади. Мазкур лойиҳа сарфланган маблағларни 15 йилда қоплаш ҳамда 40-50 йил давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга.
Иккинчи босқичда, йилига ўртача 560 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи, қуввати 135 мегаваттга ва прогноз қиймати 270 миллион АҚШ долларига тенг Фандарё гидроэлектр станциясини қуриш имконияти ўрганиб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа сарфланган маблағларни 20 йилда қоплаши ҳамда 40-50 йил давомида узлуксиз фаолият юритиши кафолатланяпти.
Мазкур лойиҳаларнинг йиллик умумий ишлаб чиқариши ҳажми 1400 млн кВт соатни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, 600 мингдан ортиқ оиланинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради. Янги ГЭСлар қурилиши доирасида 3 мингга яқин мавсумий, ишга туширилиши натижасида эса 200 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилади. Лойиҳаларни тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.
Президентимиз шу йил 15 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан музокара ўтказди. Давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ва бутун минтақа манфаатларига жавоб берувчи лойиҳа - Ёвон ГЭСни барпо этиш бўйича ишлар бошлангани муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида эътироф этишди.
Юқорида қайд этилган истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши юртимиздаги юз минглаб хонадонларни нурафшон этади, кенг аҳоли қатламларининг маиший эҳтиёжларини қондиради, кўплаб бизнес ва тадбиркорлик субъектлари учун янги иш ўринларини яратилишига хизмат қилади. Алқисса, гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолиси турмуш фаровонлигининг ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, юртимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим замин яратади.