Хусусан, халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашида ўсимликшунослик ва экология йўналишида фаолият юритиб келаётган олимлар, соҳа мутахассислари ва депутатлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев ҳам иштирок этди.

Унда жорий йилнинг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоятда Ботаника боғининг бўлимини ташкил этиш, вилоят шаҳар ва туманларида ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос келадиган дарахт кўчатлари экиш бўйича мутахассисларнинг таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ижроси муҳокама этилди.

— «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир неча йил амалга оширилади, — деди Б. Тажиев. — Ушбу тадбир 1 мартдан бошланиб, унинг доирасида келгуси йилларда Хоразм вилоятида ушбу ҳудуднинг иқлимига мос минглаб дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган. Бунда ҳаммамиз фаоллик кўрсатиб, экилган кўчатларни парваришлашимиз лозим, чунки эртага ўзимиз, фарзандларимиз шу яшил маконда яшаймиз.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.