«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида амалга ошириляпти.
Қайд этилганидек, республикада 2021 йил куз фаслида 85 миллиондан ортиқ дарахтлар экилган бўлиб, жорий йил баҳорда 105 миллион дона дарахтлар экилиши режалаштирилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари» ташкил этиш, хиёбонларда, йўллар ва кўчалар четида, ариқлар ҳамда бошқа ирригация иншоотлари бўйларида, маҳаллалар ҳудудларида, кўп қаватли уйлар оралиғида, ташкилотлар ҳудудларида, шунингдек, аҳолининг шахсий томорқаларида дарахтлар ва буталарни экиш орқали амалга ошириляпти.
Бунда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан ва ўтган давр мобайнида тўпланган тажрибалардан келиб чиқиб, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахтлар экиш, уларни парвариш қилиш ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш тизимини яратиш бўйича Хоразм тажрибаси Концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Таъкидланганидек, Концепцияда вилоятда лойиҳани амалга оширишнинг мақсад ва вазифалари, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва мавжуд муаммолар, кўчат етиштириш, экиш, парваришлаш, муҳофаза қилиш, шунингдек, яшил майдонларни кенгайтиришга оид комплекс тадбирлар ҳамда олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш масалалари акс эттирилган.
Шунингдек дарахт кўчатларини экиш ва уларни парвариш қилиш бўйича манзилли дастур ва «Яшил макон» электрон платформаси ишлаб чиқилади.
2022 йилнинг баҳор фаслида вилоят ҳудудида 9 миллион 56 минг дона манзарали ва мевали дарахтлар кўчатлари ҳамда қаламчалари экилади. Шунингдек, Урганч ва Хива шаҳарларини чўл ҳудудидан келадиган қум ва тузнинг таъсиридан сақлаш мақсадида «яшил қалқон» ташкил этилади ҳамда 2022-2024 йилларда вилоят ҳудудида 124 гектар майдонда 13 та «яшил боғлар» ҳамда 144 гектар майдонда 25 та «яшил жамоат парклари» барпо этилади.
Бундан ташқари умумфойдаланишдаги йўллар бўйларига, қишлоқ хўжалиги ерларида дарахтлар экилиб, иҳотазорлар ташкил этилади.
Келгуси йиллар учун вилоятнинг иқлим шароитларидан келиб чиқиб, дарахт ва бута кўчатларини етиштириш мақсадида 3 та кўчатхона (маданий, чўл ва қирғоқбўйи ҳудудлари учун), вилоят ҳокимлиги ҳузурида Агрологистик марказ ташкил этиш режалаштирилган.
Тадбирда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиниши, акцияларда жамоатчилик иштироки таъминланиб, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари амалга оширилиши кўзда тутилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини «Хоразм тажрибаси» сифатида амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Сенати, қолаверса кенг жамоатчилик томонидан доимий назорат олиб борилиши алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.