Глобал миқёсда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, табиий ресурслар кескин камайиши ва экологик мувозанат бузилиши дунё ҳамжамияти олдига кечиктириб бўлмас вазифаларни кўндаланг қўймоқда. Айнан шундай таҳликали бир даврда мамлакатимизда она табиатни асраб- авайлаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор барчамизда келажакка ишончни мустаҳкамлайди.
Экологик муаммоларни фақат маъмурий йўл, яъни жарималар ёки тақиқлар орқали ҳал этиб бўлмайди. Бунга эришишнинг ягона ва энг самарали йўли ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат ҳамда дахлдорлик ҳиссини тарбиялашдир. Шу маънода, экология соҳасидаги ишлар аҳволини яхшилаш ҳар бир фуқаронинг виждон иши ва бурчи саналади.
Шу ўринда мамлакатимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби йўналишлар бўйича етакчи таянч олий таълим муассасаси сифатида белгиланиши соҳада фундаментал ўзгаришларга замин яратишини таъкидлаш лозим. Ушбу даргоҳда “циркуляр иқтисодиёт” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши ресурсларни тежаш ва чиқиндисиз ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштирган янги авлод мутахассисларини шакллантиришга хизмат қилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “яшил техникумлар” ташкил этилиши эса ўрта бўғин мутахассисларида ҳам экологик кўникмаларни шакллантириш имконини беради.
Таълим тизимидаги бу каби ислоҳотлар шунчаки янги фанларнинг киритилиши билан чекланиб қолмайди. Табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги давлат олий таълим ташкилотларида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш” фани ҳамда ўқув дастурлари жорий этилиши бўлажак муҳандис, иқтисодчи ёки молиячини ҳар қандай лойиҳани амалга оширишда экологик оқибатларни ҳисобга олишга ундайди. Давлат буюртмаси асосида аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, хизматлар, тиббиёт каби соҳаларда грант ўринлар босқичма-босқич оширилиб бориши, шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан нуфузли хорижий олийгоҳларда экология йўналишида таҳсил олиш учун махсус квоталар ажратилиши давлатимизнинг интеллектуал салоҳиятни “яшил” тараққиётга йўналтираётганидан далолатдир.
Айни шу нуқтада замонавий педагогиканинг янги ва ўта муҳим йўналиши — “яшил” педагогика тушунчаси кун тартибига чиқади. Бу шунчаки ўқувчиларга табиатни асраш кераклигини уқтириш эмас, балки таълим-тарбия жараёнининг бутунлай янгича фалсафасидир. “Яшил” педагогика инсонлар ва жамоаларга уларни ўраб турган атроф- муҳит ҳақида чуқур билим олишга, олган билимларини амалиётда қўллашга ва энг муҳими, табиат билан уйғунликда яшаш маданиятини шакллантиришга ёрдам берадиган ёндашув саналади. Мазкур педагогик оқим XXI асрнинг глобал чақириқларига жавоб бера оладиган, мустақил ва танқидий фикрлайдиган, масъулиятли шахсни тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
“Яшил” педагогика тарихи ва ривожланиш босқичларига назар ташласак, унинг илдизлари Вена шаҳридаги Аграр ва атроф- муҳит педагогикаси университети коллежига бориб тақалишини кўрамиз. Дастлаб қишлоқ хўжалиги, экологик ва педагогик амалиётларни ўзаро боғлаш усули сифатида ишлаб чиқилган ушбу тизим ўқувчиларда табиатга нисбатан мустаҳкам ва қатъий муносабатни шакллантиришга қаратилган эди. Гарчи жаҳон илм-фанида ушбу йўналишнинг тан олиниши ва кенг ёйилиши осон кечмаган бўлса-да, бугунги кунда у барқарор тараққиётнинг энг муҳим омилларидан бирига айланди. “Яшил” педагогика конструктивизм, экспериментал таълим ва концептуал ўзгариш каби машҳур назарияларга таянади ва уларни янги мазмун билан бойитади.
Хусусан, конструктивизм назарияси “яшил” педагогикада ўқувчининг ҳамкорлик, муҳокама ва таҳлил орқали янги билимларни мустақил кашф этиш жараёнида намоён бўлади. Колбнинг экспериментал таълим назарияси эса тажрибалар орқали ўрганишни узлуксиз жараёнга айлантиришни кўзда тутади. Яъни ўқувчи шунчаки назарий маълумотни эшитмайди, балки муаммони деконструкция, реконструкция ва рефлекция қилиш орқали ўзлаштиради. Бу жараёнда ўқувчи пассив тингловчидан фаол тадқиқотчига, муаммолар ечимини изловчи ижодкорга айланади. Концептуал ўзгариш назарияси эса ўқувчилардаги мавжуд нотўғри қарашларни аниқлаш ва уларни илмий асосланган янги тушунчалар билан алмаштиришга хизмат қилади.
“Яшил” педагогиканинг ўзига хослиги шундаки, у фанлараро ёндашувни талаб этади. Табиатдаги жараёнлар ҳеч қачон алоҳида-алоҳида кечмаганидек, таълимда ҳам фанлар ўртасидаги чегаралар йўқолиши лозим. Жоргенсон таъбири билан айтганда, бу ўқитувчиларни дарсларда экологик таълим беришга чорлайдиган, ўқувчиларни эса кундалик ҳаётда атроф-муҳитни ҳимоя қилишга жалб этадиган ўзгарувчан таълимдир. Бунда ситуатив таълим, виртуал ўқитиш, аутентик топшириқлар ва лойиҳага асосланган таълим стратегиялари қўл келади. Ўқувчи ўзининг кундалик танловлари — уйдаги энергия сарфи, транспортдан фойдаланиш ёки чиқиндиларни саралаш орқали глобал жараёнларга таъсир кўрсатишини англаб етиши зарур.
“Яшил” педагогиканинг асосий мақсади ёшларнинг ҳис-туйғуларини рағбатлантириш ва она табиатга нисбатан дунёқарашини кенгайтириш орқали уларнинг қадриятлар тизимини ўзгартиришдир. Юзаки ўрганишдан чуқур тафаккурга, қисқа муддатли манфаатдан узоқни кўзлаб фикрлашга ўтиш ушбу ёндашувнинг ўзагини ташкил этади. Тафаккурни мақсадли йўналтириш орқали ўқувчилар ўз хатти-ҳаракатларининг табиий барқарорликка таъсирини онгли равишда тушунади. Шундай қилиб, мактабда ёки университетда олинган билимлар ўқувчининг уйида, иш жойида ва жамиятдаги фаолиятида экологик хавфсиз амалиётлар шаклида аксини топади. Бу эса БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси томонидан ишлаб чиқилган экологик хавфсизлик компетенциялари билан ҳамоҳангдир.
Ушбу педагогик ёндашув қатор тамойилларга асосланади: у педагогик мазмунга нисбатан фанлараро ёндашув бўлиб, экологик ва иқтисодий парадигмаларни бирлаштиради, келажак муаммоларига ечим топишга йўналтирилган, маданий жиҳатдан сезгир ва қадриятларга таянган ҳолда ҳис-туйғуларни ривожлантиради. Энг муҳими, “яшил” педагогика амалиёт, ҳаёт, табиат ва маданият уйғунлигига қаратилган яхлит тизим сифатида намоён бўлади. Бунда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатлар ҳам ўзгаради — улар ягона мақсад йўлида ҳамкорлик қилувчи жамоага айланади.
Таълим жараёнида “яшил” педагогика қўлланилиши ҳар бир фаннинг мазмун-моҳиятини бойитишга хизмат қилади. Масалан, математикани олайлик: ўқитувчи шунчаки формулаларни ёдлатиш ўрнига, ўқувчиларга ўз оиласининг углерод изини ҳисоблашни ёки экологик хавфсиз бинолар лойиҳаси сметасини тузишни топшириши мумкин. Бу орқали ўқувчи нафақат математик амалларни бажаради, балки ўз турмуш тарзининг табиатга таъсирини рақамларда кўради ва таҳлил қилади. Табиий фанлар дарсларида синфхонадан ташқарига чиқиб, маҳаллий боғ ёки ўрмонга уюштирилган дала сайрлари ўқувчиларга экотизимлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини бевосита кузатиш ҳамда ҳис қилиш имконини беради. Китобдаги расмдан кўра ўз кўзи билан кўрган ва қўли билан ушлаган нарсаси бола хотирасида умрбод муҳрланади ҳамда унда табиатни асраш истагини уйғотади.
Ижтимоий-гуманитар фанлар ҳам бундан мустасно эмас. Тарих ёки ижтимоий фанлар ўқитувчиси ўқувчилар билан иқлим ўзгаришининг инсоният тарихидаги ўрни, цивилизациялар инқирози ва экологик омиллар ўртасидаги боғлиқликни муҳокама қилиши мумкин. Инглиз тили дарсларида глобал экологик муаммоларга доир мақолаларни ўқиш ва таҳлил қилиш орқали ўқувчиларнинг танқидий фикрлаш қобилияти ривожланади, дунёқараши кенгаяди. “Яшил” педагогика ўқувчиларга қоғоз, сув ва энергия ресурсларини тежаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда компост тайёрлаш каби оддий, аммо ҳаётий зарур кўникмаларни ўргатади. Бу билимларнинг барчаси жамланиб, жамиятда экологик маданият юксалишига олиб келади.
“Яшил” педагогиканинг олтита асосий йўналиши — ҳамкорлик орқали жамоа шаклланиши, рефлекция, кутилмаган вазиятларга тайёрлик, фаол ҳаракат, безовталик ва ҳис-туйғу — таълим-тарбия жараёнини жонли организмга айлантиради. Айниқса, “безовталик” тушунчаси бу ерда ижобий маънода, яъни атроф-муҳит тақдири учун қайғуриш ва лоқайд бўлмаслик мазмунида тушунилади. Ўқувчи табиатга етказилаётган зарарни кўриб, бефарқ ўтиб кета олмайдиган, аксинча, вазиятни ўнглаш учун ҳаракатга тушадиган шахсга айланади. Бу эса “ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат ҳиссини тарбиялаш” ғоясининг амалдаги ижросидир.
“Яшил” педагогика трансдиссиплинарлик, чизиқли парадигмаларни қайта қуриш, тизимли фикрлаш ва мета фикрлаш каби пойдеворларга таянади. Тизимли фикрлаш ўқувчиларга дунёни узуқ-юлуқ бўлаклар йиғиндиси сифатида эмас, балки ўзаро боғлиқ мураккаб тизим сифатида кўришни ўргатади. Масалан, бир жойда дарахтнинг кесилиши нафақат ўша ҳудуднинг кўркини бузиши, балки тупроқ таркибига, ҳаво сифатига, ер ости сувларига ва у ерда яшовчи жонзотларга қандай таъсир қилишини тушуниш тизимли фикрлаш мевасидир. “Яшил” педагогика ўқувчиларни мураккаб ва ноаниқ келажакка тайёрлайди, уларда ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантиради.
Шу ўринда айтиш мумкинки, мамлакатимиздаги ислоҳотлар, хусусан, олий таълимни тизимли трансформациялашнинг устувор йўналишлари замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга кадрлар тайёрлашни назарда тутади. Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётган янги Ўзбекистон учун нафақат юқори технологияларни эгаллаган, балки қалби тоза, виждони уйғоқ ва табиат билан дўст бўлган авлод сув ва ҳаводек зарур. “Яшил” педагогика айнан шундай авлодни вояга етказишда қудратли восита бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
“Яшил” педагогика тамойилларининг таълим тизимига кенг жорий этилиши мамлакатимиз тараққиётида янги саҳифа очади. Бу жараён нафақат иқтисодий ўсишни таъминлайди, балки жамиятимизнинг маънавий қиёфасини ҳам тубдан ўзгартиради. Зеро, ўз уйини, маҳалласини ва юртининг табиатини асраган инсон ватанни ҳам чин юракдан севади ва ардоқлайди. “Яшил” педагогика ҳар қандай фан соҳасида ва ҳар қандай ёшда қўлланилиши мумкин бўлган универсал калитдир. У ўқувчи ёшларни ҳамда бутун жамиятимизни экологик хавфсиз, барқарор ва фаровон келажак сари етакловчи машъала бўлиб қолади. Биз бугун экаётган “яшил таълим” уруғлари эртага серҳосил меваларини бериши, Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнашига ҳамда мусаффо атроф-муҳит барқарорлигига хизмат қилиши муқаррар. Бу йўлда барча зиёлилар, устоз-мураббийлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.
Бекзод ХЎЖАЕВ,
педагогика фанлари доктори, профессор