Яшил технологиялар бўйича инновацион лойиҳалар тақдимотида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги, Гидрометеорология хизмати маркази ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти вакиллари ҳамда лойиҳа раҳбарлари иштирок этди.

Иқтисодиётнинг реал сектори ва илм-фан соҳаси интеграциясини таъминлашга қаратилган лойиҳалар беш йўналишдан иборат бўлди. Марказий Осиё ҳудудининг долзарб экологик муаммоларини ҳал этишга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, муқобил энергетика соҳасида илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, йирик ишлаб чиқариш корхоналари чиқиндиларини камайтириш юзасидан безарар технологиялар ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш, уй-жой коммунал хизмат соҳасининг энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш шулар жумласидандир.

Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг грант маблағларини жалб этиш бошқармаси бошлиғи Беҳзод Тешабоев ушбу лойиҳалар муҳимлигини ва вазирлик томонидан қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Инновацион яшил технологияларни жорий этиш бўйича тайёрланган лойиҳалар бўйича тегишли вазирликлар мутасаддиларининг тавсиялари тингланди. Гидрометеорология хизмати маркази ходимлари томонидан Яшил иқлим жамғармаси ва унга лойиҳа тақдим этиш бўйича маълумотлар берилди.