«Замин» фонди ўз олдига бир нечта кенг кўламли мақсадларни қўйган:

Ўзбекистон шаҳарлари ва вилоят марказлари атрофида яшил тўсиқлар яратиш – атмосфера ифлосланиши ва шовқинга қарши ҳимоя яратиш ҳамда барқарор ва юқори ҳосилдорликни сақлаб қолиш учун.

Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштиришга тизимли ёндашувни жорий этиш ва унинг даражасини шаҳарда фаровон яшаш кўрсаткичига етказиш.

Жамоат яшил ҳудудлари ва ҳиёбонларни асраб қолиш ва қайта тиклаш ҳамда янгиларини яратиш.

Шаҳарни кўкаламзорлаштириш нормативларини такомиллаштириш, мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлаш.

Шаҳарни кўкаламзорлаштириш жараёнини рақамлаштириш. Дарахтларни ҳисобга олишнинг замонавий рақамли усулларини қўллаган ҳолда босқичма-босқич миллий дарахтлар реестрини тузиш. Шаҳарнинг кўкаламзорлаштирилганлик даражаси, сифат ва миқдорий таркиби, дарахтлар турлари ва уларни экиш методологияси, кўчат экиш учун мавжуд бўш ерларни акс эттирувчи онлайн ахборот платформасини яратиш.

Жамоат органлари, шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва жамоатчилик бўйича мутахассислар ҳамда давлат тузилмалари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш.

«Яшил Замин» лойиҳаси ҳамкорлари: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, БМТ Тараққиёт дастури.