Муаллиф ҳақида билганларим: Франко Кардини ўрта асрдаги салб юришлари, христианлик ва ислом ўртасидаги маълум зиддиятлар тўғрисида кўплаб тадқиқот мақолалар ёзган. Унинг тарих мавзусидаги ҳар бир чиқиши оддий ўқувчилар билан бирга, мутахассисларда ҳам жиддий қизиқиш уйғотади. Унинг фикрича, тарихшунослар “ўрта асрлар” деб номлаган – Рим империясининг қулаши ва Америка қитъасининг кашф этилиши орасидаги бу давр ҳақида шу чоққача жилд-жилд тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ҳали-ҳануз кўп сир-синоатлар очиқланмаган. Аниқроғи, эътироф этилмаган. Шу маънода, олим ва публицист Кардинининг “Ўрта асрларни ўрганувчилар учун йўриқнома” асари Ғарб учун ҳам, Шарқ учун ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этган. Эътиборимни тортган нарса – газетада эълон қилинган мақоланинг кўп жойлари кечиккан мантиқий тазарруга, мардона тан олишга ўхшаб кетади.
Муаллиф ўрта асрлар воқеа-ҳодисаларига доир соғлом мантиққа ҳамиша ҳам тўғри келавермайдиган таҳлилларни бутунлай рад этмагани ҳолда, ўтмиш тарихнинг бу ғоят мураккаб бўлаги хусусидаги мустақил фикрларини бошқа тадқиқотчилардан фарқли ўлароқ, илмий журъат билан ошкора баён қилади, баҳс-мунозара туғилишидан, фикри кимларгадир ёқмаслигидан чўчимайди. Шу боис, Италияда “Бобурнома” асари чоп этилиши муносабати билан ёзилган “Сўз санъатига меҳр қўйган буюк ҳукмдор” мақоласида буни яққол кўриш мумкин.
Гап шундаки, Ғарб дунёси узоқ вақт Шарқнинг беқиёс илмий салоҳияти, Ғарб тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси, маънавий-ахлоқий қадриятларини ўта паст даражада баҳолаб келди, улардан фавқулодда самарали фойдаланса-да, “шира”сини ҳар куни, ҳар дақиқада сўриб турган бўлса-да, нохолис йўл тутди. Ғарблик даҳо ижодкорлар биз томонга ҳавас ва муҳаббат билан қараганлари, шогирд мақомида даҳо алломаларимиз этакларини тутганлари ҳолда, илмий тадқиқотчилар, сиёсатдонлар номақбул нуқтаи назарларини узоқ вақт ўзгартирмади. Кардини буни жуда очиқ, шарқона айтганда, мардларча эътироф этади: “Биз – “Ғарб аҳли”нинг дунёдаги бошқа халқлар маданияти олдидаги қарзимиз, сўзсиз, ниҳоятда катта: биз ўзгаларнинг юртига бостириб кирганмиз, уларнинг мол-мулкини талон-торож қилганмиз, ўзимизга бўйсундирганмиз... Бу борада исбот талаб этмайдиган бир ҳақиқатни таъкидлаш керак: бизнинг ўзга халқлар молу давлатини тортиб олишдан ҳам, уларни озодлигидан, ҳаётидан маҳрум қилишдан ҳам кўра шафқатсизроқ кирдикорларимиз бўлган. Яъни биздан бошқача фикрлагани, бошқача яшагани учун ғайри миллат ва элатларни менсимасдан, уларга “паст” тоифа деб қараб келганимиз сир эмас... Ўзга халқларнинг илм-фан, санъат, гўзаллик борасидаги қадриятларини биз ҳеч вақт, ҳатто яқин-яқинларгача ҳам назар-писанд қилмаганмиз. Бизни фақатгина уларнинг моддий бойликларини қўлга киритиш қизиқтирарди. Биз ҳатто ўз жиноятларимизни тезроқ яшириш ва ўзимизни оқлаш учун “тарихи йўқ халқлар” деган сохта тушунчани ўйлаб топдик... Мана энди калаванинг учини йўқотгач, биз надомат ила иқрор бўляпмизки, агар ўзга халқларнинг ҳаёти ва тафаккур тарзини ўз вақтида англаганимизда эди, биз ўзимизни нафақат жиноий қилмишлар ва суиистеъмолчилик иллатидан ҳимоя қилган, балки барча тўсиқ ва ғовлар ўз моҳиятини йўқотган бугунги замонда (гарчи бир вақтлар содир этган адолатсиз ишларимиз сабабли кўнглимизда нохуш хотиралар қолган бўлса ҳам) улар билан бирга яшашимизни осонлаштирган бўлардик”.
Бу иқрорларни ҳаяжонсиз, айни чоғда, буюк бир ифтихорсиз ўқиб бўлмайди. Айтса, тан олса бўларкан-ку! Тарихнинг тантилиги бор: содир этилган ҳеч бир сир, масалан, неча минг йил аввал доно Клеопатра даврида ғанимлар малика ётоқхонасининг олдида бир-бирларининг қулоқларига нималар деб шивирлашганигача ошкор бўлмай қолмайди.
Кардини чуқур мушоҳадали олим ва публицист сифатида ўтмиш тарихнинг мутлақо ўзгармайдиган чин ҳақиқатларига суяниб ёзади бу сатрларни. Аммо у бу борада биринчилардан эмас.
Бугун Буюк Британия тахтига ўтирган Карл Ш 1993 йили Оксфорд университети қошидаги Ислом тадқиқотлар марказида сўзлаган машҳур “Ислом ва Ғарб” мавзусидаги нутқида муқаддас динимизнинг маърифий асослари, дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олади. “Ислом табиати ҳақида бизда тарқалган тушунмовчиликлар билан бирга, Ғарб маданияти, цивилизациямиз ислом дунёси олдида қанчалар қарздор эканини яхши билмаймиз, — дейди у. — Менимча, бунга сабаб бизга мерос бўлиб қолган тарихдир. Ўрта асрларда ислом дунёси Марказий Осиёдан Атлантика океани соҳилларигача олиму фузалолари билан равнақ топган маърифий дунё эди. Бироқ, биз исломни Ғарбнинг душмани, ғаним ва бегона маданият, жамият ва эътиқод тизими сифатида кўришга интилганимиз боис, бу диннинг тарихимизга кўрсатган таъсирини унутиб қўйдик. Мисол учун, саккизинчи ва ўн бешинчи асрлар оралиғида Испанияда мавжуд бўлган исломий жамият (Андалузия) ва унинг юксак маданияти (Оврупо учун) нақадар муҳим бўлганини ҳамиша камситиб келганмиз. Мусулмон Испаниянинг инквизиция даврида юнон классик таълимотини сақлаб қолгани, кейинчалик Ренессанс даврининг равнақ топишига хизмат қилгани аллақачон тан олинган эди... Мусулмон Испания қадим Юнон ва Рим маданиятининг зеҳний меросини асраб қолгани баробарида, мазкур билимларни қайта изоҳлаб, янада ривожлантириб, бутун дунёга тарқатиб, инсоният билимининг астрономия, математика, алгебра, қонуншунослик, тарих, тиббиёт, фармокология, оптика, зироат, илоҳиёт, мусиқа каби аксарият соҳаларига ўзининг муҳим ҳиссасини қўшди. Британияда қирол Альфред таомларни тўғри тановул қилиш тўғрисида ислоҳотлар ўтказаётган бир пайтда, мусулмон Испанияда китобларни абонемент бўйича олиш йўлга қўйилган кутубхоналар мавжуд эди. Испания мусулмонлари қоғоз ишлаб чиқариш маҳоратини Хитойдан тўрт юз йил аввал ўрганиб олгандилар. Бугун ўзидан бениҳоя фахрланаётган Оврупонинг кўп хислатлари бевосита Испаниядан ўзлаштирилгани сир эмас...”.
Андалузияда мусулмонлар эришган муваффақиятлар хусусида сўз кетганда, бошқа илмий-маърифий манбаларга ҳам мурожаат этиш лозим бўлади. Чунончи, машҳур маърифатпарвар олим Исмоилбек Гаспринский қаламига мансуб “Дорур-роҳат мусулмонлари” асарида Исломнинг Ғарб маданияти ва, умуман, дунёвий илм-фан тараққиётига қўшган бемисл ҳиссаси аниқ кўрсатиб берилган: “Ислом аҳли қўлга киритган Андалуз ўлкаси қанчалар барокатли ва хуш ҳаво бўлишига қарамай, аҳолининг беҳунар, маданиятсизлигидан мамлакат хароб ва тап-тақир эди. Асари маданият ва зако ўлароқ, ҳар тарафга йўллар, кўприклар қурилди. Йўлларда чашмалар, қирларга ариқ ва қувурлар чиқарилиб, сув бўйларида минглаб тегирмонлар, фабрикалар, қишлоқ ва шаҳарлар бунёд этилди. Саҳролар боғу боғчаларга, тақир қирлар экинлик ва бўстонлик ерларига айланди”.
Америкалик олим Драбер ўзининг “Европада ақлий тараққиёт тарихи” китобида: “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир”, деб ёзган экан. Гаспринский бу фикрни давом эттириб, “Юнон маданияти Овруподан аввал Ислом дунёсига ёйилди, мусулмонлар уни тараққий эттириб, нуқсонларини камайтириб, Оврупога топширдилар... Афсуски, ХI асрдан бошлаб замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан ғазнавий, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан Чингиз истилоси, учинчи томондан Қуддуси шариф учун бошланиб кетган “салб юришлари” ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, мунаввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, овруполиклар эса юз йиллик салб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар. Ислом маданияти ўчоқлари Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанддан ташқари, Африка ва Испанияда, яъни ислом оламининг деярли барча нуқталарида мавжуд бўлиб, бу ерларда илм-фан бениҳоя ривож топди”.
Муаллиф ушбу маълумотларни келтирар экан, ҳар бир миллат, халқнинг буюклиги ва қувватлилиги унинг илм ва ҳунарни нечоғли эгаллагани билан ўлчанишини таъкидлайди, “илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир” дейди.
ХVI–ХVII асрларда ривожланган, мўмай даромадга эга қатор Европа давлатлари айни шу даврда иқтисодий жиҳатдан таназзулга юз тутган Шарқ мамлакатлари томон босқинчилик, талончилик юришларини бошлайди. Кўплаб мамлакатларнинг халқлари колонизаторларнинг зулми остида қолади, асрлар давомида тўпланган моддий-маънавий бойликлар талон-тарож қилинади, зулм ва зўравонлик кучаяди. Миссионерлар бу юришларни оқлашга жон-жаҳдлари билан уринадилар, аммо Европа жамиятининг илғор қисми, хусусан, ижодкор зиёлилар ўз ватандошларининг бу қилмишларини очиқ-ойдин қоралайди. Натижада Европа адабиётида ўзига хос публицистик оқим юзага келади – ёзувчилар ўз асарларида босқинчиларнинг зулми остида қолган халқларга хос бўлган эзгу фазилатларни қаламга ола бошлайди. Бу оқимнинг фаол вакили бўлган Вольтернинг Шарқ мавзуидаги драмалари, “Форс мактублари” фикримизга далил бўла олади.
Бу даврнинг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий талотўплари моҳиятини тўғри англаш ва тўғри хулосага келишда ижтимоий публицистика руҳида ёзилган асарлар муҳим аҳамият касб этади. Буни Фитратнинг “Шарқ сиёсати” рисоласида яққол кўриш мумкин. “Африқоға кирган мусулмонлар Амриқо ва Африқони босқон маданий овруполилардек ерли халқни битирмак учун тиришмадилар, – деб ёзади Фитрат. – Унларға маданият бердилар. Амриқоға қўноқ бўлуб кирган Оврупо маданийлари Амриқо ерли халқини битираёздилар, буни билмаған йўқдир. Африқони босиб олған Оврупо жаҳонгирлари у ердаги қора халқни ўлат каби ўлдириб туралар. Ҳолбуки, мусулмонлар Африқонинг Жазоир, Тунис, Фас (Марказий Африка) каби ўринларини олғач, у ерларни тараққий этдурдилар, халқини тинчлантурдилар, улардан буюк одамлар етушдирдилар. Шарқ ўзининг тарихи, сиёсати, ҳунари, инсофи, адолати, ахлоқи ва хидмату эътиборлари билан унча юксалмиш, у қадар тараққий этмиш эдиким, тасаввури ҳам бизнинг мияларимизга сиғмайдур. Шарқ маданий йиртғучи эмас эди. Ваҳший эмас эди. Бошқаларнинг хақларини олмас эди. Шарқ башариятнинг юксалиши учун тиришар эди. Шарқ маданият ўчоғи, инсоф бешиги, ахлоқ мактаби, билим мадрасаси эди. Биз, шарқликлар, башариятга қилған хидматларимиз учун бу кунги қонли Оврупоға қарши яхшиғина махтана олурмиз. Биз, шарқликлар, маданият йўлинда тутдигимиз хидматдарда давом этганда букун башарият дунёсини кўб юксак мавқеъларда кўрмак мумкин эди. Негаки, Шарқ билим, ҳунар йўлинда Оврупо жаҳонгирлари ўртоқ қони(н) ичмак, орқадош уйин таламоқ учун эмас, инсонлик дунёсини юксалтирмоқ учун тиришар эди.
Ёзуқлар, эсизларким, Шарқ ўз йўлинда давом эта олмади, маданият тарихининг энг буюк ва энг тугал қоидалариндан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулар, тотлиғи йўлдан чиқа бошлар. Биз, шарқликлар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдиқ, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдук, оқчаға сотилдук... Шарқнинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлиға ўтди. Бунлар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар. Хонлар ўз қоринларини тўйдирмоқ учун халқни бир-бири билан уруштирдилар, мамлакатнинг жонли ва муҳим ўрунларини сотдилар, муллалар ўз иставлариға “дин” отини тоқиб бозорға чиқардилар, дин, тангри, пайғамбар, учмох ва тамуғ орқали Шарқ халқини талай бошладилар. Шарқнинг тараққий йўли кўмулди. Саодат ва тинчлик эшиклари боғланди, саодатнинг энг юксак тепасига чиққан Шарқ йўқсулликнинг энг теран чуқуриға тушди”
“Шарқ сиёсати”да Оврупаликларнинг Шарққа томон босқинчилик, талончилик юришлари замиридаги маънавий ахлоқсизлик, инсоний худбинлик жуда чуқур очиб берилади, бу юришларни сохта маданий либосга ўраш орқали тарихни чалғитиш ҳаракатлари аёвсиз фош этилади: “Оврупа жаҳонгирларининг Шарқ сари юришлари бошқаларнинг қонини тўкуб, ўз қурсоқларини тўлдурмоқ, ўзгаларнинг уйини ёндириб, ўз қозонларини қайнатмоқ учун эди. Лекин унлар тилакларини улусға билдирмас эдилар. “Шарқ халқи ваҳшийдир, уларни маданийлашдурмак учун борармиз”, “Шарқ халқи билимсиздир, унларға билим тарқатмоқ учун борармиз”, “Шарқ халқини хоч буйруқлариға бўйсундирмак учун борармиз”, деб ўз ишчи ва деҳқонларини алдаб, бизим устимизга юборур эдилар”.
Жаноб Кардинининг “Шарқ сиёсати”дан хабари борми, “Дорур-роҳат мусулмонлари”ни ўқиганми-йўқми, буни аниқ айтиш қийин, аммо унинг Шарқ хусусидаги мардона эътирофи ҳар жиҳатдан эҳтиромга лойиқ.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Республикада хизмат кўрсатган журналист.