Президентимиз раислигида 27 январь куни ўтказилган Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида масъул идоралар уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиёт бўйича жиловни қўлга олиши шартлиги қайд этиб ўтилди. Оғир жиноятлар қаторида яширин иқтисодиётнинг санаб ўтилиши бежиз эмас. Боиси, ушбу жиноятларнинг урчишига айни шу иллат замин яратади. Унинг давлат ва жамият тараққиётига етказадиган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий зарари бундан ҳам ҳайбатлироқ.

Албатта, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан бу ҳолатларни яхшилашнинг кенг қамровли, таъсирчан йўл-йўриқлари, усуллари кўрсатиб ўтилди, бу бўйича зарур вазифалар белгиланди. Шубҳасизки, айни ушбу иллат — яширин иқтисодиёт билан курашишнинг энг таъсирчан йўлларидан бири кучли жамоатчилик назоратидир. Шу боис, қуйида бу тушунчанинг моҳияти, унинг қандай ҳолатларда халқимиз ҳаёти сифатига зарар етказиши, бу иллат ортидан яна қандай муаммолар бўй чўзиши ҳақида фикр юритамиз.

Яширин иқтисодиёт иштирокчилар ўртасида ошкора амалга оширилмайдиган, давлат ва жамият назоратидан ташқари, солиқлар тўланмайдиган, давлат статис­тика органларида кўринмайдиган хуфия иқтисодий фаолият туридир. У кўпинча мол-мулк олди-сотди амалиёти, норасмий ишлаш, хизматларга пул тўлаш жараёнларида намоён бўлади.

Бу иллатнинг кўлами, давлат иқтисодиётидаги улушини аниқ рақамларда ифодалаш мушкул. Уни асосий қисми сув остига яширинган музтоққа қиёсласа бўлади. Аммо унинг тараққиётга зарарини аниқ мисолларда келтириш мумкин. Бунга доир рақамлар салмоғи катта. Шу боис, тараққиёт йўлини тутган давлатлар мунтазам иқтисодиётдаги яширин фаолият улушини камайтириш чораларини кўради. Бундай қилмаса, мамлакат иқтисодиёти ҳалокатга учраган кема каби сув остига ғарқ бўлади. Чунки у ўз ортидан тараққиёт илдизига болта урувчи коррупция, қоғозбозлик, фирибгарлик, нотенг рақобат муҳити каби қатор иллатларни етаклаб келади. Халқ фаровонлиги, давлат ва жамият тараққиётининг асосларига путур етказади.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бў­йича яширин иқтисодиёт ҳажми 12 триллион доллар атрофида. Бу борада ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори фоиз кўрсаткич айрим давлатларда 64,5 фоизга етади. Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Сингапур, Венгрия эса энг кам яширин иқтисодиётга эга давлатлар сифатида ­эътироф этилади.

Улар бу натижага турли йўллар билан эришган. Масалан, араб мамлакатлари энг замонавий технологиялар орқали қаттиқ назорат тизимини яратган бўлса, Сингапур рақамли иқтисодиёт, тузилмали бозор орқали бу масалани ҳал қилган.

Хўш, Ўзбекистон бу борада қандай янгича механизм, ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурмоқда? Уларнинг самараси реал ҳаётда қай даражада намоён бўлаётир?

Бунда соҳага рақамли технологияларни жорий этиш, қоғозбозликни камайтириш, оқилона солиқ сиёсати юритиш, жумладан, турли имтиёз ва рағбатлантиришларни ҳаётга татбиқ этиш ва солиқ юкини камайтириш орқали норасмий фаолият юритувчиларни расмий иш фаолиятига ўтказиш амалиёти олиб борилмоқда. Шу йўналишда ҳаётга татбиқ этилган янги ташаббус ва лойиҳалар натижасида яширин иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45-50 фоиздан 2025 йилда 35 фоизгача тушди.

Албатта, қисқа фурсатда яхши натижага эришилган. Аммо бундан ҳам самарадор усуллардан фойдаланиш бугунги кун давр талаби. Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида “натижага йўналтирилган бюджетлаштириш” амалиётига ўтиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали солиқ базасини қўшимча кенгайтириш имкониятидан фойдаланиш вазифалари белгиланган. Бу борада ортга қайтмас ислоҳотлар жадал кечмоқда.

Айниқса, ўтган йилларда жорий этилган ўзини ўзи банд қилиш тизими кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар, турли ҳунар эгалари фаолиятини соядаги иқтисодиётдан реал иқтисодиётга олиб чиқди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган 6 миллионга яқин шахс мавжуд. Шунингдек, тадбиркорлар ва фуқароларга турли имтиёз ва рағбат бериш орқали уларнинг яширин иқтисодиёт иштирокчиси бўлиб қолишининг олди олинмоқда. Хусусан, кичик ва ўрта бизнес вакилларидан бир фоизли даромад солиғи ундирилиши ҳам уларнинг фаолиятини расмий ўзанга солишга замин яратмоқда.

Муҳим ва самарадор услублардан яна бири аҳолини электрон тўлов тизимларидан фаол фойдаланишга жалб этишдир. Чунки ҳар қандай электрон олди-сотди амалиётларидан, албатта, из қолади. Бу замонавий механизмнинг ҳаётга татбиқ этилиши иқтисодиётда яширин фаолият улуши камайишига олиб келади. Бунга турли соҳалардаги ислоҳотлар натижасида гувоҳ бўляпмиз.

Масалан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тўлиқ автоматлашган тўловга ўтказилгани натижасида аслида йўловчилар сони 30 фоиз кўп экани кўринди. Рақамлаштирилган деҳқон ва буюм бозорларида тушум 2-3 карра ошди. Реал натижалар электрон тўлов тизимини бош­қа соҳаларда ҳам оммалаштириш, содда шаклга ўтказиб, янада қулайлаштиришни тақозо этади. Муҳими, бу борада янги лойи­ҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Президентимизнинг 2025 йил 10 декабр­даги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишлар ривожини янги босқичга олиб чиқади. Ҳужжатда ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 баравар қисқартириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга, иқтисодиётнинг расмий секторида банд аҳолининг жами иқтисодий фаол аҳолига нисбатан улушини 64 фоизга етказиш, Иқтисодий эркинлик индекси ва Коррупцияни идрок қилиш индексида Ўзбекистоннинг ўрни камида 30 поғонага кўтарилишига эришиш каби вазифалар 2030 йилга қадар яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланган.

Лекин кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда ушбу ҳужжатга асосан йўлга қўйиладиган янги ташаббуслар фақатгина солиқ тушумларини кўпайтиришдан иборат деган турлича талқинлар учрамоқда. Бунинг асосий сабаби янги лойиҳалар мазмунига тўлиқ кириб борилмагани ҳамда яширин иқтисодиётнинг давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсири кўламини кўпчилигимиз тўлиқ англаб етмаганимиздир.

 Ҳалол рақобат бўлса...

Ижтимоий ҳимоя кушандаси. Конс­титуциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани мустаҳкамланди. Бу ислоҳотлар марказида инсон манфаатлари туради, давлат бюджетининг катта қисми ижти­моий соҳаларга йўналтирилади дегани. Шунга мос равишда 2026 йилги давлат бюджети харажатларининг 50 фоизидан ортиғи ижтимоий соҳага қаратилган. Жумладан, таълим харажатлари улуши 25,5 фоиз, соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағ эса 12 фоиз ошиши режалаштирилган.

Яширин иқтисодиёт давлат бюджетида ўз ифодасини топмаслиги ҳисобига ­давлатнинг ижтимоий ҳимоя қобилиятини сусайтиради. Бу кам таъминланган оилалар, ёшлар, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга тўғридан тўғри зарар етказади.

Ёмонликлар “онаси”. Яширин иқтисодиёт, биринчи навбатда, коррупция, таниш-билишчилик иллатларини кучайтиради. Шунинг учун иқтисодиётда бу иллат улушини камайтириш коррупцияга қарши курашнинг асосий талабларидан бири.

Президентимиз ўтган йили 10 декабрда коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишди. Унда коррупцияга қарши курашишнинг янги механизмларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича таъсирли ташаббуслар илгари сурилди. Бу, ўз навбатида, соҳалардаги яширин иқтисодиётни ҳам камайтиради.

Яна бир жиҳат — молиявий фирибгарликларнинг тегирмонига ҳам айнан шу унсур сув қуйиб туради. Бундан ташқари, контрабанда маҳсулотлар ёки сотиши тақиқланган, чекланган наркотик, психотроп моддалар ҳамда сифатсиз маҳсулотларнинг ички бозорга чиқарилишига йўл очиб бераётган иллатлардан бири ҳам яширин иқтисодиётдир.

Соғлом рақобат муҳити мувозанати бузилиши. Яширин иқтисодиёт мамлакатдаги соғлом рақобат муҳитини мувозанатдан чиқаради. Айрим тадбиркорлар норасмий фаолият юритиш орқали солиқлардан қочишга уринади. Улар аслида солиқ сифатида тўланиши зарур бўлган даромадни ҳам ўзининг фойдаси сифатида кўради. Демак, қинғир йўлдан бораётган “уддабурон” қонуний фаолият юритаётган тадбиркордан кўра кўпроқ даромад топади. Шу орқали у рақобатда ҳалол тадбиркорга нисбатан устунликка ҳам эга бўлмоқда.

Бундан ташқари, солиқ тўламаслик учун даромаднинг муайян қисми пора ёки бошқа норасмий маблағ кўринишида сарфланади. Бу пул айланмасига зарар келтириб, аҳолининг истеъмол қобилияти пасайишига олиб келади. Шу боис, рақобат муҳити бор жойда тараққиёт ва олдинга силжиш бўлади.

Ишчилар ҳуқуқи хавф остида қолиши. Яширин иқтисодиётнинг яна бир кўриниши аҳолининг норасмий равишда банд бўлишидир. Бундай ҳолатлар ишчилар учун доим зарар келтиради. Масалан, расмий равишда ишламай, иш ҳақини қўлдан олувчи ишчилар кўп ҳолларда алданиши, ортиқча меҳнатга жалб қилиниши, суғурта ва пенсия пулларидан қуруқ қолиши ҳеч гапмас. Юқорида қайд этганимиздек, бу борада ўзини ўзи банд қилиш тизими кўпчиликнинг жонига оро кирди.

Инфляцияни кучайтиради. Яширин иқтисодиёт пул айланмаси барқарорлигини бузиб, инфляцияни кучайтиради, миллий валюта қадрсизланишига омил бўлади. Натижада иқтисодий барқарорлик йўқолади. Бу аҳолининг келажакка ишончини сусайтиради. 

Хулоса қилиб айтганда, яширин иқтисодиётнинг жамиятга таъсири кундалик ҳаётимизда сезилмайдигандек кўринади. Аммо унинг кучайиши кўплаб иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради.

 Электрон тўловлар учун ягона QR-код: ҳам вақтингиз, ҳам нақдингиз тежалади

 Президентимизнинг юқоридаги фармонига мувофиқ, жорий 2026 йилдан бошлаб электрон тўлов тизимини оммалаштириш орқали яширин иқтисодиётга қарши курашиш, урчишининг олдини олиш учун назоратни янада кучайтириш тартиблари белгиланди.

Ҳужжатга биноан, 2026 йил 1 январдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона QR-код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилди. Шу йилнинг 1 июлидан агар тадбиркорлик субъектлари ягона QR-кодлардан фойдаланмаса, савдо ­қоидаларини ­бузиш деб ­ҳисобланади. Ушбу тартиб ­истеъмолчиларга янада қулайлик яратади.

Бундан ташқари, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя­сини сезиларли мустаҳкамлайди. Масалан, кейинги йилдан бирор савдо шохобчасига борганингизда сотувчилар сизга терминалимиз ишламаяпти деган баҳонани айта олмайди. Ёки бизда фақат “Payme” “Click” иловаси ишлайди деб ортиқча овора қилишига йўл қўйилмайди. Ё бўлмаса, тижоратчилар пластик картасига харидингиздан ташқари ўтказма учун яна бир фоиз пул сарфлашингизга ҳожат қолмайди. Бир сўз билан айтганда, бу харидорларнинг ҳам нақди, ҳам вақти тежалишига хизмат қилади.

Шунингдек, олган маҳсулотингиз сифатсиз ёки амал қилиш муддати ўтиб кетганини билиб қолсангиз, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотларига асосли мурожаат қила олишингиз мумкин.

2026 йил 1 апрелдан айрим маҳсулотлар ҳамда хизматлар савдоси фақатгина электрон тўлов тизимига ўтказилмоқда. Бу қатор иллатларнинг ижтимоий ҳаётимизда урчишига тўсқинлик қилади. Масалан, давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг барчаси электрон шаклга ўтказилади. Шунингдек, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувдан фойдаланганлик учун тўловлар электрон амалга оширилади. Бу давлат хизматчиларининг фуқаролардан қўшимча маблағ ундиришининг олдини олади, коррупцион ҳолатлар камайишига хизмат қилади.

Алкоголь, тамаки маҳсулотлари савдоси фақат электрон шаклда бўлади. Бу амалиёт вояга етмаган шахслар соғлиқ учун зарарли маҳсулотларни яширинча сотиб олишини чеклайди. Электрон тўлов ҳисоботига кўзи тушган ота-оналар фарзандини бу иллатдан олисроқда тутишга уринади. Бу тартиб ички бозорда контрабанда ва сифат назоратидан ўтмаган маҳсулотлар кўпайишининг олдини олади. Акциз солиғи тўламасдан тужжорлик қилаётганлар энди қонунни четлаб ўтолмайди.

Шунингдек, транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электр­да ҳаракатланадиган транспортларни қувватлаш бўйича хизматлар тўлови ҳам фақатгина электрон шаклда бўлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда куз-қиш мавсумида ёқилғи қуйиш шохобчаларида турли чеклов ва талаблар жорий этилмоқда. Бу талаблар, албатта, аҳолини бир хил даражада энергетика ресурслари билан таъминлаш, яъни адолатли тақсимот учун муҳим. Аммо айрим ҳолларда бу талабларнинг бузилиши кўзга ташлан­япти. Электрон тўлов тизими эса бундай ҳолатларга барҳам беради.

Қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар фақат электрон тўлов орқали амалга оширилади. Хусусан, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилмоқда.

Асорати оғир бўлган фирибгарлик ҳолатларининг энг кўпи уй-жой ва машина савдосида учрайди. Кўп инсонлар ёлғонга ишониб, йиллаб жамғарган пулини фирибгарлар қўлига бериб қўймоқда. Янги тизим эса бундай ҳолатларнинг қисман олдини олади. Фармоннинг мана шу қисми кўпчиликни хавотирга солмоқда. Улар эҳтиёж учун ўз мулкини сотаётганлар солиқдан жабр кўрмайдими дейишмоқда. Аммо Солиқ кодексига кўра, барча ҳам бундай ҳолатда солиқ тўлаш мажбуриятини олмайди. Бунда кўпроқ уй-жой ва машина олди-сотдиси билан шуғулланувчилар бошқа касб эгалари каби даромад солиғини тўлайди.

Бир сўз билан айтганда, электрон тўлов тизимини оммалаштириш, аҳолига қулайлик яратиш билан бирга унинг ҳуқуқларини ҳам мустаҳкамлайди. Хуфия фаолиятнинг олдини олади ва халқ фаровонлиги, давлат тараққиётига хизмат қилади.

  Нақдсиз тўловлар ҳажми 75 фоизга етказилади

 Ушбу янги механизмлар ва белгиланган қатъий назорат орқали қатор натижаларга эришиш кутилмоқда. Хусусан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 баравар қисқартириш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш кўзда тутилган. Иқтисодиётнинг расмий секторида банд аҳолининг жами иқтисодий фаол аҳолига нисбатан улушини 64 фоизга кўтариш ҳам пировард мақсадлардан бири.

Шу боис, соҳалардаги яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари натижасини доимий равишда кузатиб бориш масъулларнинг асосий вазифаларидан бир сифатида белгиланди.

Умуман олганда, яширин иқтисодиёт қисқариши давлат ва жамият ривожи, халқ фаровонлигига катта фойда келтиради. Яна бир муҳим жиҳат, яширин иқтисодиёт бўлмаса, бозор айланмаси мувозанати барқарорлашади. Барчага бирдек фойда келтириб, келажакка ишончимизни орттиради. Шу маънода, янги Ўзбекистонни барпо этишда яширин иқтисодиётга қарши кураш ҳаммамизнинг бирдек вазифамиздир.

* * *

Бозор айланмаси барқарорлигининг барчага фойдали эканини қуйидаги ҳикоядан ҳам англаса бўлади.

 

Қарз

Кичкина шаҳарчага бир сайёҳ келди ва кичкинагина меҳмонхонага кирди. Меҳмонхона эгасига 100 доллар гаров пули қолдирди ва хоналар билан танишишга киришиб кетди. Меҳмонхона эгаси қўлига тушган нақд пулдан зудлик билан фойдаланишга аҳд қилди. У югуриб бориб қассобдан қарзини узиш учун 100 долларни узатди.

Қассоб ҳам тезда бориб фермердан қарзини узди. Фермер тракторини тузатиб берган устадан қарзини узолмай хуноб бўлиб ўтирганди. Шахдам қадамлар билан устага пулни узатди. Уста озиқ-овқат олавериб, дўкончидан 100 доллар қарз бўлиб қолгани эсига тушди ва дўкончининг олдида юзи ёруғ бўлди.

Дўкончи анчадан бери дўконини тозалаб юрган фаррошнинг ойлигини беролмаётганди. 100 долларни олган фаррош ижара пулини тўлаш учун меҳмонхонага югурди ва хўжайинга пулни узатди. Хўжайин пулни олган пайтда юқори қаватдан сайёҳ тушди ва бу хоналар унга тўғри келмаслигини айтиб, пулини қайтариб олиб, жўнаворди. Ҳеч ким ҳеч нарсага эга бўлмаган бўлса-да, бутун шаҳарча қарзларидан қутулган ва келажакка ишонч билан қараётган эди...

Санжар ЭШМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири