Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизга ташрифи жуда самарали якунланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кенг муҳокама қилдилар.

Мазкур ташрифни ҳақли равишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистонга амалга оширган тарихий ташрифининг мантиқий давоми, деб аташ мумкин. Зеро, ўшанда икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очилган эди. Шундан бери борди-келди алоқалар мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Масалан, 2017 йилдан бери Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида 18 та назорат пункти очилди. Бу эса икки мамлакат фуқароларига анча қулайлик яратмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон 4,6 миллионга яқин фуқароси Қирғизистонга, Қирғизистоннинг эса 1,4 миллион фуқароси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу олдинги даврларга нисбатан анча кўпдир.

Президент Садир Жапаровнинг ташрифи давомида эса кузатилаётган мана шу ўсиш суръатларини изчил давом эттиришга келишиб олинди. Айниқса, икки давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти жуда илиқ ва дўстона руҳда ўтгани барчамизни қувонтирди. Давлат раҳбарлари икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини кенг муҳокама қилдилар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қирғизистон билан жиддий ва кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини, унинг ҳақиқий натижаларини ўзбек ва қирғиз халқлари ўз ҳаётида яққол ҳис қилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Музокаралар якунида ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланганининг ўзиёқ ушбу ташриф нечоғли катта аҳамиятга эга бўлганидан далолат беради. Томонлар товар айланмасини кўпайтириш, корхоналар ва бизнес объектлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Қирғизистон-Ўзбекистон инвестиция фондини яратиш, транспорт коммуникацияси имкониятларидан, сувдан самарали фойдаланиш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, чегара масалаларини ҳал қилиш, таълим, маданият, соғликни сақлаш каби йўналишларда муҳим келишувларга эришдилар.

Икки давлат раҳбарлари музокаралари якуни бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларини фаол равишда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олгани қайд этилди.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожида парламентлараро алоқалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. 1991 йилдан бери мамлакатларимиз парламентлари вакилларининг 20 дан ортиқ ўзаро ташрифи амалга оширилди. Олий Мажлисда Қирғизистон парламенти билан, Жогорку Кенешда эса Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда.

Президент С.Жапаров ўз ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Норбоева ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувларда томонлар икки мамлакат қонунчилик органлари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари раҳбарларининг ўзаро ташрифлари амалиётини давом эттириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Олий Мажлис ва Жогорку Кенеш шафеълигида минтақалараро форумлар ўтказиш, икки мамлакат Президентлари музокараларида эришилган келишувларни амалга оширишда парламентларнинг ролини оширишдан манфаатдор эканини қайд этди.

Қирғизистон Президенти Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик кенгайишидан манфаатдорлигини таъкидлар экан, пандемия сабабли қолдирилган тадбирлар, жумладан, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг учинчи йиғилиши яқин орада бўлиб ўтишига умид билдирди.

Умуман, Қирғизистон Президентининг ташрифи жуда самарали якунланди. Томонлар келгусида икки қўшни мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришда хоҳиш ҳам, интилиш ҳам, сиёсий ирода ҳам борлигини намойиш қилдилар. Галдаги вазифа мана шу аҳдлашувларни ҳаётга тўлиқ жорий этишдан иборат. Зеро, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида барча йўналишларда самарали ҳамкорликни жадал ривожлантириш икки қардош халқни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

сиёсий фанлар доктори.