Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Насиров Қирғиз Республикаси Бош вазири Улуғбек Мариповнинг мамлакатимизга ташрифи натижаларини изоҳлар экан: “Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари ўртасидаги музокаралар, икки Давлат раҳбарларининг жорий йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган саммитидан сўнг эришилган келишувларининг яна бир амалий ижроси бўлди”, дея таъкидлади.
“Тошкентда Ҳукуматлараро комиссия доирасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ўтказилган музокаралар ва учрашувлар саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, енгил саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ривожлантиришга имкон берди.
Икки ҳафта муқаддам Давлат раҳбарлари олий даражадаги учрашувлари якунида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти С.Н. Жапаров яқин келажакда давлатларимиз олдида ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифаси турганини таъкидлади.
Томонлар иқтисодиётнинг барча тармоқларида, жумладан агросаноат соҳаси, тўқимачилик, ишлаб чиқариш, тоғ-кон ва металлургия, фармацевтика ва электротехника саноати, транспорт, қурилиш, савдо, тадбиркорликни ривожлантириш, энергетика ва туризмда мавжуд салоҳият ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишда кўмаклашишга келишиб олдилар.
Йиғилиш давомида ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва икки томон учун ҳам манфаатли бўлган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма тараққиёт жамғармаси фаолиятини ташкил этишни жадаллаштириш ва қиймати 550 миллион доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутадиган саноат кооперациясининг “Йўл харитаси”ни амалга оширишни тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Икки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги ва зарур мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этди.
Давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувларга мувофиқ, энергетика ва сув соҳасида конструктив алоқалар таъминлангани таъкидланди. Сўнгги йилларда, электр энергияси ва сув таъминоти масаласи илк мартаба тўлиқ ижобий ҳал этилди. Айниқса, бу вегетация даври учун жуда муҳим ҳисобланади. Қорорлар ўзаро манфаатларни ва зарурий эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда қабул қилинди.
Халқаро майдондаги сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, икки мамлакат транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича алоқаларни янада фаоллаштиришга доир келишувлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу аввало, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши, Тошкент-Андижон-Ўш-Саритош-Иркештом мультимодал йўналишининг аҳамиятини ошириш тўғрисида лойиҳаларга дахлдордир.
Қамбарота ГЭС-1ни қуриш, шунингдек Қирғизистонда келажакда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини барқарор сув ресурслари билан таъминлайдиган бошқа истиқболли энергетика лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар музокаралар давомида, замонавий иссиқхона ва интенсив боғлар яратиш, эҳтиёжга мос миқдорда агросаноат маҳсулотларини етказиб бериш режалари билан ўртоқлашдилар. Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадбирларни ўтказиш масалаларига асосий эътибор қаратилди. Томонлар маданият, илм-фан, таълим соҳасидаги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик алоқаларини чуқурлаштиришга қаратилган ҳамкорликка тайёрлигини билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, 24-25 мартда Давлат чегарасини делимитация масалалари бўйича ўтказилган Ҳукумат делегациялари музокаралари ўзаро маъқул ва манфаатли ечимлар қабул қилингани, кўп асрлик ўзбек-қирғиз яхши қўшничилик муносабатларини ва ўзаро ишонч муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлат чегарасида назорат-ўтказиш пунктлари ишини кенг кўламда тиклаш бўйича келишувлар алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу орқали икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга эришилади.
Бундан ташқари, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва фавқулодда вазиятлар каби соҳаларда конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди.
Жорий йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев Қирғизистон Бош вазири У.Мариповни қабул қилди. Мулоқот чоғида ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик, Тараққиёт жамғармасини жадал ташкил этиш, шунингдек, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришда муҳим ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу жараёнлар Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан узоқ муддатли дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришга содиқлигини яна бир бор яққол намоён этади.