Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ваколатхонаси ҳамкорлигида болаларнинг санъат ва маданиятга бўлган қизиқишини янада ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш мақсадида республикамиздаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Яхшилик ва тинчлик диёри” мавзусида болалар расмлари кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида ўтказилган кўзгазмада болалар юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги ҳақидаги тушунчалари ва тасаввурларини расмлар орқали ифодалашга ҳаракат қилганлар.
Тадбирда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмуҳамедов, Мактабгача таълим вазирлиги қошидаги жамоат кенгаши раиси, ШҲТ эксперти Эътибор Султоновалар сўзга чиқди.
Тадбир доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети талабалари томонидан шеърий чиқишлар ва қизиқарли дастурлар намойиш этилди.
Кўргазма 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистонда ўтказиладиган саммити олдидан ҳам экспозиция қилинади.
Мазкур тадбир тасвирий ва амалий санъат соҳаси ижодий йўналишида мактабгача таълим муассасаларидан кейинги таълимни ташкил этиш ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Кўргазма 30 сентябрга қадар давом этади.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг
Халқ дипломатияси маркази Ахборот хизмати