Британиядаги «Dorling Kindersley» халқаро нашриёти сайёҳлар учун мўлжалланган “Яхшиси бу ёққа келинг” сайёҳлик қўлланмасини чоп этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Ушбу қўлланмада Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Буюк Британиядаги элчиси Софи Ибботсоннинг машҳур Регистон майдонида жойлашган ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган Самарқанднинг учта рамзий диний ва меъморий ёдгорликларидан бири -  Тилла Кори мадрасаси ҳақидаги мақоласи ҳам ўрин олган.

Муаллиф Тилла Кори мадрасасини Ватикандаги Авлиё Пётр соборига муқобил бўлган тарихий ёдгорлик сифатида таърифлаган. Шу билан бирга, у "агар гап мутлақ ҳашамат ҳақида кетар экан, кўзни қамаштирадиган бу мадраса собордан устунликка эгадир", деб ёзади.

Мақолада 17 асрнинг ўрталарида ҳарбий қўмондон Алчин Ялангтуш Баҳодир томонидан бунёд этилган Тилла Кори мадрасасининг тарихи ва ўзига хослиги ҳақидаги батафсил маълумотлар ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган. Ушбу бетакрор меъморий обида нега бундай номланиши, у нега барча саёҳатчилар эътиборини тортиши, унинг ноёб дизайни ва бошқа барча муҳим тарихий маълумотлар ушбу мақолада ўз ифодасини топган.