Назорат тадбирлари давомида 19 ҳолатда турли қонунбузарликлар қайд этилди. Жумладан, 3 та ҳолатда ер ости сувларига ноқонуний қудуқлар (шулардан 1 таси қўлбола бурғилаш ускунаси ёрдамида) бурғиланаётганлиги, 12 та бурғи қудуғи эса бурғилаб кетилганлиги, 4 та юридик шахс томонидан ер ости сувларидан тегишли рухсатномасиз фойдаланаётганлиги аниқланди. 

Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан, рухсатномасиз сувга қудуқ бурғилаш ишларини олиб бораётган 2 та жисмоний шахсга нисбатан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси»нинг 72-моддасига («Сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидалари ва технологиясини бузиш») асосан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.

Тадбир давомида Давлат геология қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ҳокимликнинг мажлислар залида тумандаги ер ости сувлари истеъмолчилари бўлган тадбиркорлар, фермерлар, коммунал соҳа хизматчилари, қишлоқ ва сув хўжаликлари вакиллари ва экология мутахассислари билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Сурхондарё вилоятидаги мавжуд ер ости сувлари захираларининг чекланганлиги, тасдиқланган захираларга нисбатан ер ости сувлари олиш миқдорининг 2,5 — 3 баробар ортганлиги натижасида сув балансининг бузилганлиги, ер ости сувлари сатҳининг 1-3 метрдан 5-7 метргача тушиб кетганлиги, мавжуд булоқларнинг сув сарфи камайиб кетганлиги ва тумандаги айрим бурғу қудуқлари қуриб қолганлиги алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари, 2017-2018 йилларда ушбу туманда ўтказилган хатлов натижаларига кўра мавжуд бурғу қудуқларнинг 89 фоизида ер ости сувларидан фойдаланиш учун махсус рухсатномаларнинг йўқлиги ва натижада ҳозирги кунда туман миқёсида ер ости сувларининг аниқ истеъмолчилари ҳисобини юритишда муаммолар мавжудлиги таъкидланди.