Халқ депутатлари Олтиариқ тумани Кенгаши сессиясида ҳам туманда 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари тўғрисида туман ҳокими Холмирза Ниёзовнинг ҳисоботи тингланди.
Қайд этилганидек, туманда кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда маҳалла гузарларида аҳолини касб-ҳунарларига ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, жорий йил бошидан буён 382 та янги кичик бизнес ҳамда 671 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Натижада 1 минг 435 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 780 та фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 23 миллиард 948 миллион имтиёзли кредитлар ажратилди. 2020 йилнинг шу даврига қадар 4 минг 866 та ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Шундан 2 минг 554 нафарини аёллар ташкил этади. Туманда ҳозирги кунга келиб 69 миллион 270 минг АҚШ долларлик махсулотлар экспорт қилинди.
“Темир дафтар”га киритилган оилалар, уларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликдан чиқариш, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларини шакллантириш борасида ҳам қатор ишлар қилинди.
Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси хисобидан жами 4 миллиард 393 миллион сўмлик беғараз ёрдам манзилли етказиб берилди.
Ўтказилган хатловлар натижасида аниқланган 3 минг 84 та эҳтиёжманд оиладаги 14 минг 48 нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилди. Оилалардаги ишсиз бўлган меҳнатга лаёқатли 2 минг 624 нафар фуқародан 2 минг 503 нафари иш билан таъминланди.
Туман кенгашининг қарори ва фуқароларнинг шахсий мурожаатларга асосан 2 минг 8 та оиладаги 9 минг 648 нафар фуқародан 2 минг 202 нафари иш билан таъминланганлиги сабабли “Темир дафтар”дан чиқарилди. Ҳозирги кунда “Темир дафтар”да 1 минг 76 та оила қолмоқда.
2020 йил январь-ноябрь ойларида 1 минг 647 нафар меҳнат мигрантлари пандемия сабаб хориждан қайтган. Миграциядан қайтган фуқароларни бандлигини таминлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 128 нафар фуқаролар туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан, 48 нафар фуқаро мустақил равишда ишга жойлашган. 67 нафари ўз тадбиркорлигини бошлаган. 485 нафари норасмий секторда бандлиги аниқланган.