Россиянинг “Метровагонмаш” компанияси Тошкент метрополитени учун янги поезд суратларини чоп қилган. Режага кўра, йил якунига қадар пойтахт метросига ҳар бири тўртта вагондан иборат 10 та шу каби поездлар етказиб берилади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар берган.

Тошкент метрополитени учун Россиянинг 10 та поезди 63 миллион еврога сотиб олинмоқда. Бундан 50 миллион евро поездларни харид қилишга сарфланса, қолгани валюта конвертацияси, суғурталаш, божхона тўловларига йўналтирилади.

Янги поездлар тўсиқсиз ўтиш жойлари, кенг эшиклар, эшикларни ёпиш ва очишнинг янги нурли хабар бериш тизими билан жиҳозланган. Шунингдек, поезд ғилдираклари шовқинни ютувчи конструкциялар, экологик материаллар, вагонларни шовқин ва иссиқликдан ҳимоя қилувчи воситалар ва бошқа қулайликларга эга. 

Пандемия шароитида яна бир муҳим жиҳат назарда тутилган. Салонда кондиционерлаш, вентиляция ва ҳавони зарарсизлантириш тизимлари ўрнатилган. Бош вагонларда ногиронлик аравачалари учун жойлар белгиланган. 

Айни пайтда Ўзбекистонда 5 та шундай поездлардан фойдаланилмоқда.