Тадбирда таъкидланишича, “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ҳар йили 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни арафасида ўтказиларди.  Унинг низоми деярли ўзгармасди.

2022 йилдан ушбу танловни йилнинг июнь ойида эмас, йил охрида ўтказишга келишиб олинди. Шунга мувофиқ танлов низоми таклиф ва тавсиялар асосида фақат шу йил учун бутунлай янгидан ишлаб чиқилди, тегишли тартибда келишилди.

Танлов янги низомига биноан журналистларни танловга ҳужжат топшириш амалиётидан воз кечилди. Тажриба-синов тариқасида номзодларни танловга тавсия этиш тартиби жорий этилди. Танлов низомида танловга номзодларни истаган фуқаро тавсия этиши, шунингдек, Уюшма ҳудудий бўлимлари қошида тузиладиган комиссиялар аъзолари, журналистлар, жамоатчилик аъзолари, фаол фуқаролар тавсия этиши мумкинлиги белгиланди.

Низом асосида ўтказилган бу йилги “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблигига Уюшма электрон манзил ва мурожаат ботига мамлакатимиз бўйича уч юз нафардан кўпроқ журналист-ижодкорлар тавсия этилди.

– Тавсия этилган номзодлар Уюшма ишчи гуруҳи ходимлари томонидан кўриб чиқилди. Бу жараёнда тавсия этилган номзодларнинг муайян қисмининг ижодий ишлари ОАВда эълон қилингани аниқланмагани, баъзи ижодий ишлар эса шеърлар ва низом талабларига жавоб бермагани учун уларнинг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайътига топширилмади, – дейди Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Х.Салимов. – Иккинчи босқичда танлов низоми талабларига жавоб берадиган 210 нафар иштирокчининг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилди. Уларнинг  89 нафари матбуот, 66 нафари телерадио, 45 нафари интернет йўналишларига тегишли бўлса, 10 таси публицистик жанрдаги китоблардир. Учинчи босқичда тўрт йўналиш – матбуот, телерадио, интернет ва публицистик жанрдаги китоблар йўналишлари бўйича ижодий ишларни кўрган ҳакамлар ҳар бир номинация бўйича ғолибликка уч нафардан, 27 номзодни тавсия этишди. Тўртинчи босқичда ана шу 27 номзод ичидан 9 нафар ғолиб аниқланди.

Қайд этилишича, Уюшма молиявий имкониятидан келиб чиққан ҳолда фақат шу йил учун танлов 9 номинация бўйича ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Йилнинг энг яхши публицистик жанрдаги китоб учун” номинацияси  танлов номинациялари қаторига қўшилди.

– Бу танлов соҳамизда йил сарҳисоби сифатида муҳим аҳамиятга эга, – дейди танлов ғолиби Расулжон Камолов. – Мана, бугун йил давомида қилган камтарона меҳнатимиз муносиб эътироф этилди. Таҳририятимиз тавсияси билан бугун "Соғлом турмуш тарзи ва спорт мавзуси ёритилган энг яхши материал учун” номинацияси ғолиби бўлдим. Бу эътироф янги йилда бизга куч-қувват, янги ғоялар беради.  

“Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танлови ғолиблари:

“Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материал учун” —  Фозил Жабборов (Фозил Фарҳод), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати бўлими бошлиғи.

“Оила, маҳалла ва гендер тенглик мавзуси ёритилган энг яхши материал учун” — Чарос Маннонова, “Kun.uz” интернет нашри мухбири.

“Ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси ёритилган энг яхши материал учун” — Шерзод Абдусаматов, ИИВ бирлашган таҳририяти “Postda – На посту” газетаси ва “Qalqon-Щит” журнали мухбири.

“Ёшлар муаммолари ёритилган энг яхши материал учун” — Абдулла Чимирзаев, “Sof.uz” интернет нашри мухбири.

“Соғлом турмуш тарзи ва спорт мавзуси ёритилган энг яхши материал учун” — Расулжон Камолов, “Янги Ўзбекистон” газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири.

“Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ёритилган энг яхши материал учун” — Меҳрожиддин Дархонов, “Ўзбекистон24” телеканали катта муҳаррири.

“Бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари ёритилган энг яхши материал учун” — Холбиби Сафарова, “Ёшлар” телеканали Навоий вилояти бўйича мухбири.

“Йилнинг энг яхши танқидий-таҳлилий материали учун” — Соҳиба Акромова, “Севимли” телеканали “Замон” информацион дастури мухбири.

“Йилнинг энг яхши публицистик жанрдаги китоб учун” — Аҳмаджон Мелибоев, “Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири.