Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни янада такомиллаштиришда экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги кадрларнинг ўрни беқиёс.
Мазкур танловни ташкил этишдан кўзланган мақсад мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, кенг кўламли ўзгаришлар мазмун-моҳиятини янада теранроқ англашини таъминлашдан иборат. Шунингдек, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, техник ва технологик жараёнлар оқибатида юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга янги ёндашувларни жорий қилиш ходимларнинг билим даражасини юксалтириш ҳамда вилоятларда меҳнат қилаётган кадрлар ўртасида ўзаро маданий-дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш кўзда тутилган.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, танлов жараёнларида ходимларнинг амалий тажрибаси, ижтимоий-сиёсий билими синовдан ўтказилди. Хусусан, иштирокчиларнинг мамлакатимиздаги туб ислоҳотлар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар моҳияти ҳамда унда ходимларнинг ўрни ва вазифаси билан боғлиқ масалалар бўйича билим ва салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Республика босқичи якунларига ғолиб деб топилганлар диплом ва совғалар билан тақдирланди.