Икки йилдан буён Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида талабалар, докторантлар ва тадқиқотчилар ўртасида ўтказиб келинаётган “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари” номли йилнинг энг яхши мақоласи танловининг бу йилги ғолиблари ҳам аниқланди. Ғолибларини тақдирлаш маросими Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида бўлиб ўтди, дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Ҳамкор ташкилот раҳбарлари иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароит ва имкониятлар алоҳида тилга олинди.

Айтиш жоизки, жорий йилги танловга талабалар ва ёш тадқиқотчилардан 500 дан ортиқ илмий мақола келиб тушган. Экспертлар хулосаси орқали шулардан 44 та энг яхши мақола танланди ва булар асосида “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари” номли иккинчи китоб чоп этилди. Эътиборлиси, мазкур китоб Олий аттестация комиссияси эътироф этган илмий нашрлар қаторига киритилди.

Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг сертификати, китоблар тўплами ҳамда планшет билан тақдирланди. Шунингдек, китобдаги соҳалар бўйича 10 та энг яхши мақола аниқланиб, муаллифларга Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан пул мукофоти топширилди.

Талаба-ёшларни рағбатлантириш, қобилиятларини юзага чиқаришга кўмаклашувчи мазкур танлов уларнинг илмий фаолиятга бўлган қизиқишларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.