Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Яккабоғ” МФЙдаги уйда фуқаро М.Ш. умумий фойдаланишдаги электр тармоғига майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан улаб, 81,1 минг кВт/с электр энергиясини ноқонуний сарфлаганлиги ҳамда ушбу хонадон хўжалик биносида фуқаро А.А. 52,1 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 144,3 млн. сўм зарар етказганликлари аниқланган.
Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан туман электр таъминоти корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “Q.A.” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ғ.Р. умумий фойдаланишдаги электр тармоғига хўжаликнинг 2 дона сув насосини ўзбошимчалик билан улаб, 267 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 120,1 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Шароф Рашидов туман бўлими томонидан “Ҳудудгаз Жиззах” ГТФ шаҳар газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “M.A.” оилавий корхонасига қарашли иссиқхонада газ ҳисоблаш ускунасига ташқаридан таъсир ўтказилиб 119,1 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 119,1 млн. сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.