Эътибор беринг-а, чақалоққа кулиб боқсангиз ва яна “ўзининг тили”да бир нималарни чуғурлаб қўйсангиз, қиқир-қиқир кулиб беради. Агар юзаки муносабатда бўлсангиз, сиздан узоқлашади. Зеро, боланинг кўнглига йўл топиш учун бола бўлиш керак. Кичкинтойлар ўзларининг қалбига йўл топган инсонларга яқинлашиб, уларни қадрлашади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ёдгора Зиёмуҳаммедова ҳам жажжи мультфильмсеварлар ҳамда ёш томошабинларнинг кўнглига йўл топа олган санъаткорлардан. 20 йилдан зиёд болалар учун “Оқшом эртаклари” кўрсатувини олиб борган актрисанинг дубляждаги ширали овози, театрдаги ёрқин роллари унинг ғоят болажон эканини намоён қилади.

Халқаро болалар куни арафасида салкам етмишни қаршилаётган, Ўзбекистоннинг ягона травести (театрдаги амплуа, ёш болалар ролини ўйнашга ихтисослашган) актрисаси билан ҳамсуҳбат бўлишни ният қилгандик. Опа билан Ёш томошабинлар театрида учрашдик.

Фаолиятингиз болалар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Болалар шоири, ёзувчиси бўлиш осон эмаслигини кўпчилик билмайди. Бу сизнинг касбингизга ҳам дахлдор. Бола бўлиб гавдаланиш учун саҳнада ва саҳна ортида қандай машаққатларни зиммангизга оласиз?

Дарҳақиқат, болалар спектаклларида роль ўйнаш осондек кўринади. Болалар актёри, актрисасида Яратганнинг ўзи юқтирган истеъдод бошқа театр актёрлариникидан кучли бўлмаса, беғубор юракларга йўл топиб бўлмайди. Ҳатто айримлар бизни майда-чуйда жониворлар ролларини ўйнаб юрадиган артистлар-да, дейишади. Бундан кўнглимиз оғрийди. Чунки бизга берилган ҳар битта образ — ўзимиз учун қадрли қаҳрамон. Биз болани чинакамига ўша образга айланганимизга ишонтира олишимиз керак. Зеро, болаларни алдаб бўлмайди. Бу эса жуда катта маҳорат, куч талаб қилади актёрдан. Дубляжда ҳам шундай - ҳар битта образга кириб кетиш, болаларча завқу шавққа берилиш талаб қилинади. Қаҳрамон кулса кулиб, йиғласа йиғлашингиз керак. Бу борада овозлари халқнинг юрагидан жой олган устозларим Ҳамза Умаров, Омон Абдураззоқов, Арсен Файзуллаевдан катта сабоқ олганман.

Қундуз бобонинг қиссаларини ёмон кўрадиган бола бўлмаса керак. Ҳатто аксарият катталар ҳам уни севиб томоша қиладилар. Фильмлар туркумида сизнинг овозингиз алоҳида ўрин тутади. Бугун болаларимиз замонавий мультфильмлар томошасига зўр бераётган бир пайтда шу каби содда, самимий ва яна миллий мультфильмларимиз не чоғли зарур?

 — Қаерга учрашувга бормай, шу қиссадан бир парча айтиб беринг, дейишади. Шунда фахрланиб кетаман. Аслида устозим Мукамбар Раҳимова сабабли дубляж оламига кириб қолганман. У киши ўзи етаклаб борган мени. Ёш томошабинлар театрида ишласам-да, мультфильмларга овоз беришни жуда орзу қилар эдим. Чунки мультфильмда театрда ўйнай олмаган ролларингизни ўйнаб юборасиз, янада беғубор бўлиб, болаларча маза қиласиз. Миллий эртакларимиздан “Сусамбил” мультфильм қилинди. Шунда хўрозга овоз бердим. Ранг-баранглиги, ажойиб қўшиқлари билан болаларга ёқадиган мультфильм бўлди. Аслида ўзбек халқ эртакларидан жуда чиройли мульфильмлар яралади. Фарзандларимизда ҳам аниқ тасаввурлар пайдо бўлади. Хусусан, “Алпомиш”ни кўрган болалар кейинчалик адабиёт дарслигидаги шу достонни ўзлаштиришга қийналмайдилар.

“Қундуз бобонинг қиссалари”га келадиган бўлсак, раҳматли устозимиз Камолиддин ака Усмонов бир куни “Ёдгора, мен 53 қисмли француз мультсериали устида ишлаяпман, бир овоз бериб кўрмайсанми, агар овозинг тушса, дубляжга оламан”, деди. Майли, дедим. Қиссадаги қундузчалардан бири — Ўткиртишга овоз бериб кўрдим. Дубляж муваффақиятли бўлди, кўпчиликка маъқул келди. Чунки Қундуз бобонинг ҳар бир қиссаси катта тарбиявий аҳамиятга эга. Масалан, қиссалардан бирида ўзини гўзал, жозибадорман дея хас-хашакларни камситган пуфакчанинг “пақ” этиб ёрилиб кетиши болаларни мақтанчоқликка берилмасликка чақиради. Сичқонларнинг никоҳ тўйи ҳақидаги қисса ҳам болаларга хос эмасдек туюлса-да, ҳозирги замонавий мультфильмлардан фарқли ўлароқ, жуда самимий. Унда шамол, қуёш, булут образлари ёрдамида камтарлик фазилати ёрқин очиб берилади, болаларга хос бўлмаган севги ҳақидаги очиқ-ойдин тушунчалар учрамайди.

Бундан ташқари, бугунги аксарият мультфильмларда жангарилик, асабийлашиш ҳолатлари борлиги ва болаларимиз кўпроқ шуларни севиб томоша қилаётгани ташвишга солади кишини. Шу маънода айнан миллий бўлмаса-да, тарбиявий аҳамияти юксак мульфильмлар болаларимиз маънавиятини бойитиш, уларда ватанга муҳаббат уйғотишда муҳим омил бўлади, деб ўйлайман.

Болалигингизда ёқтирган эртакларингиз, мультфильмларингиз ҳақида гапирсангиз. Улар ҳаётингизда қандайдир из қолдирганми?

— “Зумрад ва Қиммат” эртагини ниҳоятда яхши кўрганман ва ҳозир ҳам севиб томоша қиламан. Ёш томошабинлар театрида дастлаб Зумрадни, кейин Қиммат ролини ўйнай бошладим. Қимматнинг салбий хислатларини очиб беришга шу қадар киришиб кетганимдан уни ёмон кўриб кетган болалар ҳатто оёқ кийимларини менга қараб отиб юборган ҳолатлар ҳам бўлган. Қимматга нисбатан уларда кучли нафрат уйғотганимдан қувонардим. Шунингдек, ўзим ота меҳрига зор бўлиб ўсганим учун етимликдан ҳикоя қилувчи фильмларни кўрганимда, юрагим эзилади, оғир ботади қалбимга. Шундай бўлса-да, “Сен етим эмассан” фильмида Витя ролини ўйнаганман. “Қор маликаси”, “Ўн икки ой ҳақидаги эртак” – буларнинг ҳаммаси юрагимизга яқин эди. Бизни эзгуликларга етаклаган улар.

Минг-минглаб болалар қалбидан ўрин олган санъаткор, меҳрибон она, севимли бувижон сифатида бугун бола тарбияси билан боғлиқ қандай тавсиялар берасиз?

Тарбия – энг долзарб масала. Бу борада, биринчи галда, мен ота-оналарга болани бўш қўймаслигини айтган бўлар эдим. Бўш қўймасликда ҳам шунчаки эмас, боланинг қизиқишидан келиб чиқиш керак. Афсуски, аксарият ота-оналарда бир одат бор — бола архитекторликка қизиқиб турса, юрист бўласан, дейди. Ёки ўқитувчиликка меҳри тушиб қолган болани шифокорликка мажбурлаймиз. Бу нотўғри. Болани ўзи қизиққан касб ёки ҳунарга йўналтириш керак. Болани боғча ёшидан эртаклар, бадиий асарлар ўқишга, театрга қизиқтириш ҳеч қачон ёмонликка олиб бормайди. Ўзим ҳам етти набиранинг бувисиман. Ўғлимнинг 2 фарзандига китобнинг фалонча бетини ўқиш топшириғини бериб, ўқиб бўлишгач, албатта, таассуротларини сўраймиз. Улар китобдан олган хулосаларини сўзлаб беришади. Тўғри-нотўғри ҳолатларга ўз муносабатларини билдиришади. Дунёқарашлари кенгайиб боради. Шу маънода ҳар қандай вазиятда боланинг тарбиясига энг аввало ота-она жавобгар, деб биламан. Давлатимиз раҳбари жуда тўғри таъкидлаганидек, илгари қўни-қўшнилар, бутун маҳалла бир боланинг юриш-туришидан огоҳ бўлган. Маҳалладошларимиз билан шу жиҳатни сақлаб қолишга ҳаракат қилганмиз. Фарзандларимни маҳалладаги ёши улуғ аёлларни бувижон, эркакларни эса бобожон дейишга одатлантирганман. Ўзимни ҳам маҳаллада “бувижон”, деб ҳурмат қилишади. Ёш оналар бирон жойга кетаётиб, “Бувижониси, бирон ножўя иш қилса, койиб қўйинг, асло хафа бўлмайман”, дейишади. Назаримда, маҳаллаларда мана шу қадриятлар йўқолиб кетмаса, болаларимизнинг тарбиясидаги ноқисликлар ҳам кўпайиб кетмайди.

Шу ўринда бувижонлар ролини ижро эта бошлаганимни айтиб ўтмоқчиман. Хусусан, яқинда “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатувида буви ролини ўйнадим. Насиб қилса, Яратган яна қанча умр беришидан қатъи назар, шу юрт, шу янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари қалбига қувонч улашишга ўз ҳиссамни қўшавераман. Минг шукрки, юртимиз тинч, фарзандларимиз театру томошаларга эмин-эркин бориш бахтига муяссар. Қайсидир давлатларда болаларнинг болалиги йўқ. Бошпанасиз, оч қолиб, хору зор бўлиб юришибди ахир. Уларнинг ўй-хаёли бугунини тинч ва тўқ ўтказиш билан банд. Бизда эса болалар ўзларининг беғубор оламида, болаликни ҳис қилиб яшаяпти. Илоҳим, кўз тегмасин!

Театрдан чиқар эканмиз, санъат ва маданиятимизнинг Ёдгора опа сингари чинакам фидойилари эртамиз эгаларининг иқболи эканига яна бир бор амин бўлдик. 70 ёшида ҳам касбига садоқати сўнмай, жисмида болаларча куч-ғайрати бўлган бу каби инсонларга ҳар қанча таҳсин айтсак кам, деган хулосага келдик.

 “Янги Ўзбекистон мухбири

Муножат МЎМИНОВА суҳбатлашди