ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти воқеа юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
2022 йил 15 октябрь куни соат 11:50 ларда Бойсун тумани “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган Сурхондарё вилояти йўл-патруль хизмати инспектори сержант И. Пардаев томонидан 75 Е 079 FA давлат рақамли автомашина тўхтатилади.
Ҳайдовчининг шахси планшет орқали текширилганида фуқаро М.Ага нисбатан қидирувда экани маълум бўлади.
ЙПХ инспектори ҳайдовчини қидирувда эканини, ўзи билан туман ИИБга бориши кераклигини айтади. Фуқаро қонуний талабга бўйсунмай, инспекторга фаол қаршилик кўрсатиб, уриб тан жароҳати етказади.
Инспекторнинг қўлидан ўзига тегишли хужжатларини олиб воқеа жойидан кетишга урунган вақтида шу яқин атрофда хизматга жалб этилган ИИО ходимлари етиб келиб, фуқаро Бойсун тумани ИИБга олиб борилган.
Суд тиббий экспертизасининг 16.10.2022 йилдаги дастлабки маълумотномасига кўра, инспекторда енгил тан жароҳати мавжудлиги кўрсатилиб, ҳолат юзасидан Бойсун тумани Прокуратураси томонидан фуқаро М.А га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.