Хусусан, амалдаги мунтазам қатновлардан ташқари жорий йил 27 декабрдан 30 декабргача Uzbekistan airways авиакомпанияси томонидан Тошкент – Нукус, Тошкент – Бухоро йўналишларида иккитадан, Тошкент – Қарши, Тошкент – Наманган, Тошкент – Термиз йўналишларида биттадан, Тошкент – Урганч йўналишида эса қўшимча учта рейс амалга оширилади. Натижада ҳафтасига қўшимча қатновлар сони жами 10 тани ташкил этади.
Бундан ташқари Тошкент – Нукус, Тошкент – Бухоро ва Тошкент – Урганч йўналишларида 7 та парвозга 150 ўриндиқли А 320 русумли ҳаво кемалари Boeing 757 (184 ўриндиқли) ва Boeing 767 (247 ўриндиқли) русумли ҳаво кемаларига алмаштирилди. Бунинг натижасида 427 та қўшимча йўловчилар ташишга ўриндиқлар яратилди.
Темир йўл транспортида эса «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан жорий йил 25 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездининг «Тошкент – Бухоро – Тошкент» йўналишида ҳар кунлик қатнови йўлга қўйилди.
Шунингдек, 27 ҳамда 29 декабрь кунлари «Тошкент – Бухоро – Урганч» йўналишида қўшимча иккита йўловчи поезди қатнови ташкил этилиши белгиланди.
Бундан ташқари Тошкент – Термиз, Тошкент – Нукус, Тошкент – Урганч йўналишларида ҳаракатланаётган йўловчи поездларига қўшимча 4 тадан плацкарт вагонлари уланяпти.
Шунингдек, қуйидаги йўналишларда Тошкент – Нукус (2 та), Тошкент – Бухоро (12 та) Тошкент –Жиззах (3 та), Тошкент – Қарши (16 та), Тошкент –Навоий (17 та), Тошкент – Самарқанд (19 та), Тошкент – Термиз (43 та), Тошкент – Сирдарё (5 та), Тошкент – Урганч (18 та) қўшимча автобуслар қатнови амалга оширилади.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида аҳолининг республикамиз ҳудудлари бўйлаб транспортда ҳаракатланишига бўлган мавсумий талаб тўла қондирилади, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.