Кеча, 2 апрель куни Тошкент шаҳрида кучли ёмғир ёғиши оқибатида турли сув тошқинлари юзага келди.
Пойтахтда бир неча соат ичида ойлик ёғиннинг учдан бири ёғган. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ички ишлар бош бошқармасининг 500 дан ортиқ ходимлари ва 100 дан ортиқ махсус техникалари жалб этилиб, 23:00 гача барча манзиллардаги ҳолатлар бартараф этилди.
Яккасарой туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилинишича, туманнинг Бобур кўчасида жойлашган 1963- йилда қурилган 59-уйнинг 17-19-хонадонлари балкон қисми силжиб тушди.
Ҳолат зудлик билан Яккасарой тумани ҳокимлиги, туман ФВБ қутқарувчилари ва Тошкент шаҳар Ҳудудий уй-жой фондини назорат қилиш инспекцияси масъуллари томонидан ўрганилди.
Хонадон эгаларига ва уйнинг ички қисмига ҳеч қандай зарар етмаган. Ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар томонидан инструментал техник кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилди.