Тадбир аввалида Миллий гвардия қўмондони буйруғи билан битирувчиларга "Лейтенант" ҳарбий унвонлари берилгани эълон қилинди ҳамда уларга диплом ва кўкрак нишонлари топширилди. Сўнгра ёш лейтенантларнинг Университет Жанговар байроғи билан хайрлашиш ва тантанали марш маросимлари ўтказилди.
Шундан сўнг, сўзга чиққанлар ёш офицерларнинг келгусидаги фаолиятларида юксак масъулият, ҳалоллик ва камтарлик фазилатларини намоён этишларини, она Ватани, халқи ва Президентига бир умр содиқ қолишларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Университет курсантларининг кўргазмали чиқишлари иштирокчиларга бирдай манзур бўлди.
Ян ашуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий ўқув йилида университетни 293 нафардан зиёд ёш мутахассислар муваффақиятли тамомлади.
Шулардан, 19 нафари ўқишни, имтиёзли диплом билан битиришга муваффақ бўлди. Сафда турган ёш офицерларга ўтган давр мобайнида тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан мутахассисликлар бўйича замонавий моддий-техник база асосида таълим-тарбия берилди.
Муассасада таҳсил олиш жараёнида бўлажак офицерларнинг юксак профессионал тайёргарликка, энг илғор инновацион билим ва кўникмаларга эга бўлишларига, хорижий тилларни ўрганишларига алоҳида аҳамият берилди. Натижада битирувчиларнинг ҳарбий билим ва кўникмалари юксалиш билан бирга, уларнинг қалбида ватанпарварлик, садоқат ва матонат туйғулари шаклланди.
Ватан ҳимоясига отланган ушбу мард ва жасур ўғлонларга келгусидаги хизматларида улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Эътибор ШИРАЕВА,
Миллий гвардия Ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари,
катта лейтенант