Ҳужжат Президентнинг «Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 24 сентябрдаги ПҚ-5251-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мактаб-интернат ўқувчиларининг умумий контингенти 100 нафарни ташкил этади. Ўқувчиларга олимпия захиралари коллежлари ўқувчилари учун белгиланган суткалик озиқ-овқат нормаси татбиқ этилади.

Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернатига велоспорт турлари бўйича белгиланган синов имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 5-синфга қабул қилинади.

Мактаб-интернатнинг асосий вазифалари:

  • болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, спорт клублари ёки бошқа спорт-таълим ташкилотларида спорт тайёргарлиги ўқув-машқ босқичининг биринчи йил тайёргарлигидан ўтган ўқувчилар ўртасида танлов асосида мактаб-интернатга танлаб олиш;
  • республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спорт захирасини терма жамоалар таркибига тайёрлаш;
  • ўқувчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун зарур бўлган маҳорати ва кўникмалари ривожлантирилишини таъминлаш;
  • спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, медико-биологик ва моддий-техник шарт-шароитларни таъминлаш.

Мактаб-интернати бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг штатлар жадвали тасдиқланди.

Белгиланишича, мактаб-интернат ўқувчиларининг таълим олиши мактаб-интернатга яқин жойда жойлашган умумтаълим мактабларида ташкил этилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.06.2022 йилдан кучга кирди.