Аслида, бундай инфекцияларнинг турлари кўп. Лекин уларнинг 99 фоизида касаллик аломатлари ва асоратлари деярли бир хил. Тумов, юқори ва пастки нафас йўллари яллиғланиши, баъзан йўтал, тана ҳарорати кўтарилиши шулар жумласидан.

Болалар ўртасида энг кўп учраётгани эса аденовирус инфекциясидир. Аммо айрим ота-оналар фарзандида ушбу хасталик кузатилса, тез саросимага тушиб қолади. Шошмашошарлик эса кўпинча нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлади.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Абдуманнон Абдуқаюмов шу ҳақдаги мулоҳазаларини баён қилди.

— Кўпчилик ота-оналар болада иситма чиқишини хавфли деб ўйлайди, — дейди шифокор. — Шу сабабли уларнинг 80-90 фоизи фарзандида тана ҳарорати кўтарилса, дарров антибиотик ва бошқа дорилар билан даволашга уринади.

Ҳатто ўзбошимчалик билан бемор боласига антибиотиклар берадиганлар бор. Бироқ бу жуда оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Масалан, ичак дисбактериозини келтириб чиқаради. Баъзи антибиотиклар эса жигарга жиддий зиён етказиши мумкин. Шу сабабли ота-оналарга шифокор тавсиясисиз фарзандларига антибиотик бермасликни доимо уқтириб келамиз.

Иситма ҳақида тўхталадиган бўлсак, бир ёшгача бўлган болаларда тана ҳарорати 38,0, бир ёшдан ошган ўғил-қизларда эса 38,5 даражагача кўтарилмаса, ҳеч қандай дори воситалари бериш тавсия этилмайди. Айниқса, антибиотиклар вирусли инфекцияларда умуман натижа бермаслигини эслатиб ўтмоқчиман.

Аксинча, уларни нотўғри қўллаш оқибатида бола саломатлигига жиддий зарар етиши мумкин. Шу боис антибиотикни фақат шифокор тавсияси билангина олиш лозим.

Тана ҳарорати кўтарилганда тез-тез илиқ сув ёки бошқа суюқликлар ичириш тавсия этилади. Сабаби, иситма чиққанда, организмдан катта миқдорда тер ажралиб, тана суюқлик йўқотади. Шунинг учун болага кўпроқ суюқлик ичириш мақсадга мувофиқ.

Аслида, тана ҳарорати 38,5 даражагача кўтарилиши организмнинг касалликка қарши курашаётганидан далолат беради. Яъни, организмга инфекция тушганида иситма кўтарилиши нормал ҳолатдир.

Агар болада иситма 38,5 даражадан ошса, унга паратсетамол ёки ибупрофен бериш тавсия этилади. Бу дорини 3 кун қўллаш мумкин. Агар шу вақт ичида боланинг умумий аҳволида ижобий ўзгариш бўлмаса, дарҳол оилавий шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.