Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил қилади. Шу боис юртимизда ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилда 30 июнь Ёшлар куни сифатида эълон қилинди. Ҳар йили юртимизда ушбу сана кенг нишонланиб келинмоқда.
«Адолат» социал демократик партияси ҳам ёшлар қанотини қўллаб-қувватлаш мақсадида ёшлар куни муносабати билан «Адолат кубоги» шахмат турнирини ўтказди. Партия томонидан Чирчиқ шаҳридаги 7-мактабда ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов, партиянинг Тошкент вилояти кенгаши раиси Бобур Мамиров, партия фаоллари, ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг пухта таълим олиши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун барча имкониятлар, энг қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
- Партиямиз ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тарафдори, - дейди Бобур Мамиров. - Уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун партия томонидан турли спорт ва интеллектуал тадбирлар мунтазам ташкил этиб борилади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Равшан Мирзақулов,
журналист