Мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилмоқда, мавжудларининг қувватлари оширилмоқда. Бу эса турли соҳаларда замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрларга эҳтиёжни янада оширмоқда. Президентимиз раҳбарлигида олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш мавзуси айнан шуниси билан диққатга сазовордир.

Иқтисодиёт тармоқлари барқарор ривожланиб борар экан, янги технологиялар ва инновацион усуллар жорий этилишига имкон яратилади. Шу билан бирга, талаб ва сифат жиҳатидан юқори малакали кадрларга эҳтиёжни сезиларли даражада оширади. Илгари ишлаб чиқариш корхоналари сони ва қуввати чекланган, кўп корхоналар эски технологияларда фаолият юритгани туфайли янги ишчи ўринлари яратиш секин кечар, малакали кадрларга талаб ҳаминқадар эди. Шу боис, олий таълим муассасалари битирувчилари меҳнат бозорига интеграцияланишда қийинчиликларга дуч келар, олийгоҳлар билан корхоналар ўртасида ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаганди. Ёшлар кўпинча мустақил равишда иш излашга мажбур бўлиб, иш берувчилар зарур малакага эга кадр топишда қийинчиликка учрар эди.

Ҳозир эса турли малакали мутахассислар тайёрлаш, уларнинг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва янги замонавий билимлар билан бойитишга эътибор анча кучайди. Бу жараён мамлакат иқтисодиётини рақобатбардош қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, иш ўринларини кенгайтиришга ва аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда. Лўнда қилиб айтганда, ёшларни иш билан таъминлаш юртимиз тақдирига дахлдор энг муҳим ва устувор вазифага айланмоқда.

Сўнгги етти йилда олий таълим соҳаси жадал ривожланди — қабул кўрсаткичлари 4,5 баробар ошди, ёшларнинг олий таълим билан қамрови эса 42 фоизга етди. Бу билимли, салоҳиятли авлодни шакллантиришда улкан қадам бўлди. Эндиликда энг долзарб вазифа битирувчиларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши, яъни уларни иш билан таъминлашдир. Шу боис, битирувчиларни иш ўринлари билан ўзаро боғлаш, уларни ишлаб чиқариш корхоналарига етказиш, иш жойлари билан яқиндан таништириш ҳамда бу жараённи тизимли ва узлуксиз тарзда ташкил этиш устувор аҳамият касб этади.

“Келажакка қадам”: ишли бўлишнинг янги тизими

Жорий йилдан бошлаб ёшлар бандлигини таъминлаш йўлида ноёб тизим йўлга қўйилди. Шу мақсадда банкларга 300 миллион доллар миқдорида ресурс ажратилди. Президентимиз ташаббуси билан яратилган мазкур тизим доирасида Миллий банк, Савдо-саноат палатаси ва ҳокимликлар ҳамкорлигида “Келажакка қадам” дастури изчил амалга оширилмоқда. Дастур доирасида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида “TalabaExpo-2025” касблар кўргазмаси ташкил этилди. Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида минглаб битирувчиларнинг бизнес лойиҳалари учун имтиёзли шартларда йирик маблағлар йўналтирилди.

Иш берувчилар билан яқин ҳамкорликда тизимли ишланиши, корхоналарда кафедра филиаллари очилиши, талабалар амалиёти сифатли ташкил этилиши, олий таълим муассасаларида “карьера куни” ва меҳнат ярмаркалари мунтазам ўтказилиши ўз самарасини кўрсатмоқда. Натижада битирувчиларнинг катта қисми доимий иш билан таъминланди, бир қисми тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди, яна бир қисми эса деҳқон хўжаликлари ташкил этиб, мустақил меҳнат йўлини танлади.

Эришилган натижалар “Келажакка қадам” дастури ёшларни ҳаётга тайёрлаш, меҳнат бозорига мослаштириш ва келажакда юртимиз иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган авлодни шакллантиришда муҳим ўрин тутаётганини яққол намоён этмоқда. Бироқ битирувчиларимизнинг катта қисми йирик кредит мажбуриятларини ўз зиммасига олишдан қўрқиб, тадбиркорлик йўлини танлашга журъат қилолмаслиги ҳам кузатилмоқда. Шуни инобатга олиб, имтиёзли кредит ресурсларининг бир қисмини бевосита битирувчини ишга олган корхоналарга йўналтиришга рухсат берилиши бу муаммонинг самарали ечими бўлди.

Эндиликда ишга олинган битирувчилар сонига мутаносиб равишда тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилади. Кредит миқдорига қараб, тадбиркор белгиланган сонда битирувчини иш билан таъминлайди. Шу билан бирга, агар корхона имтиёзли кредит эвазига ишга олган битирувчини икки йил ичида ишдан бўшатса, кредит фоизи тижорат ставкаси ўзгариши белгиланди. Ушбу тизим фақат жорий йил битирувчиларига эмас, балки олийгоҳни тугатганига уч йилдан ошмаган ёш мутахассисларга ҳам татбиқ этилади. Бу эса ёшларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши ва тадбиркорлар учун малакали кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим қадам бўлади.

Уйғунлик: битирувчи — лойиҳа — иш занжири

Йиғилишда таъкидланганидек, айрим соҳаларда малакали мутахассислар етишмаслиги туфайли кўплаб корхоналар четдан кадр излашга мажбур бўлмоқда. Давлат ҳар бир талабани тайёрлаш учун йилига ўртача йигирма беш-ўттиз миллион сўм сарфласа-да, битирувчиларнинг ярмидан кўпи ўз касбига алоқаси йўқ йўналишларда ишлашга мажбур бўлмоқда. Бу нафақат иқтисодий, балки маънавий йўқотиш ҳамдир — чунки билим, меҳнат ва орзулар ўз самарасини бера олмаётган бўлади.

Ечим эса аниқ: таълим тизимини ишлаб чиқариш билан янада чамбарчас боғлаш, ҳар бир талабанинг ўқиш йўлини унинг келажакдаги иш жойига олиб борувчи узлуксиз занжирга айлантириш зарур. Дуал таълим, ҳақ тўланадиган амалиёт, корхона ва олийгоҳ ҳамкорлиги, битирувчига “иш жойи паспорти”ни ҳали ўқиш жараёнидаёқ бериш — ана шулар орқали биз ҳам сарфланган маблағни оқлаймиз, ҳам ёшларни ўз касбида етакчи мутахассис сифатида вояга етказамиз.

Келгуси йилларда юртимизда амалга оширилиши режалаштирилаётган 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар нафақат иқтисодий ривожланишга, балки кадрлар сиёсатига ҳам янги талаблар қўймоқда. Зеро, бу лойиҳаларнинг ўзида 500 мингга яқин малакали мутахассисга эҳтиёж бор.

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун, таълим жараёнини иш берувчилар билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш, олийгоҳларда амалиётга йўналтирилган ўқув дастурларини жорий этиш, корхоналар ҳузурида кафедра филиалларини очиш ва талабаларнинг амалий машғулотларини замонавий ишлаб чиқариш муҳитида ўтказиш зарур. Ёшлар бандлигини самарали йўлга қўйиш ва уларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин топишини таъминлаш учун амалий ишлар тизимли равишда олиб борилади. Аввало, олийгоҳлардаги “карьера марказ”лари фаолияти янги босқичга кўтарилади, улар битирувчи ва иш берувчи ўртасидаги энг ишончли кўприкка айланади.

Бандликни таъминлаш бўйича ягона электрон платформа ишга туширилиб, унга Солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлиги ахборот тизимлари интеграция қилинади. Бу орқали ҳар бир битирувчи ҳақида аниқ маълумот тўпланади, корхоналар учун эса кадр излаш жараёни анча осонлашади. Ректорлар билан ҳамкорликда проактив ёндашув асосида барча ишлар тизимли тарзда йўлга қўйилади. Натижада ёш мутахассисларимиз ўз йўналиши бўйича иш топиши, корхоналар эса керакли билим ва кўникмага эга кадрлар билан таъминланиши кафолатланади.

Албатта, бу йўналишдаги ишларимизда илгари самарали тизим яратиб, уни изчил амалга ошириб келаётган олийгоҳларимизнинг бой тажрибаси мустаҳкам пойдевор бўлади. Масалан, Бухоро давлат техника университетида “тармоқ — корхона — олийгоҳ” дастури ҳаётга татбиқ этилганидан сўнг 20 та мутахассислик кафедрасига тегишли 58 та филиал тўғридан тўғри ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритмоқда. Бу орқали талабаларнинг назарий билими ҳаётий амалиёт билан уйғунлашиб, 500 дан зиёд ёш ҳақ тўланадиган амалиёт ва дуал таълим дастурларида иштирок этмоқда. Минглаб талабалар ишлаб чиқариш жараёнларига бевосита қўшилиб, малакавий амалиёт ўтамоқда, уларнинг бир қисми эса ҳақ тўланадиган шартларда меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, профессор-ўқитувчилар ҳам ишлаб чиқаришда стажировка ўташ имкониятига эга бўлиб, ўз билим ва тажрибаларини замон талабларига мос равишда бойитмоқда.

Бундан ташқари, университет ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, магистрлар ва таянч докторантлар саноат корхоналаридаги техник-технологик муаммоларга амалий ечим топиш билан шуғулланмоқда. Ҳозир саноат ҳамкорлари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий ишлаб чиқариш жараёнига сунъий интеллект, қайта муҳандислик, қиёслаш муҳандислиги, моделлаштириш ва автоматлаштириш каби илғор технологиялар кенг жорий этилмоқда. Шунингдек, атроф-муҳитни асраш, “яшил” технологиялар ва инклюзивлик тамойилларига асосланган ўндан ортиқ йўналишда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Университетда кимё муҳандислиги ва нефть-газ соҳаси кафедралари юқори илмий салоҳиятга эга бўлиб, бу йўналишларда таҳсил олаётган талабаларнинг кўпчилиги битирув йилидаёқ ўз мутахассислиги бўйича иш ўринларига эга бўлмоқда. Бу эса ҳудудда ушбу соҳаларга бўлган эҳтиёжнинг нақадар юқори эканини яққол исботлайди.

Битирувчи траекторияси: диплом билан бирга иш кафолати

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар бир қиймати 1 миллион доллардан ортиқ, 50 тадан зиёд ишчи жалб этилган лойиҳа ўзининг техник-иқтисодий асосида мутахассислар эҳтиёжини аниқ кўрсатиши шарт. Бу орқали вазирликлар ва тармоқ раҳбарлари олийгоҳларга мақсадли буюртма тақдим этади, ректорлар эса ўқув дастурларига қўшимча модуллар киритиб, талабаларнинг билим ва кўникмаларини ана шу эҳтиёжга мослаб ривожлантиради.

Бугунги меҳнат бозорида коммуникативлик, лидерлик, жамоада ишлаш ва танқидий фикрлаш каби софт скиллар катта аҳамиятга эга. Шу боис, гуманитар фанлар, бизнес, тиббиёт ва техника йўналишларида микроўрганиш модуллари, амалий симуляциялар ва лойиҳа асосида ўқитиш орқали талабаларда мазкур кўникмалар ривожлантирилади.

Янги тизимнинг энг муҳим жиҳати — талабалар иккинчи курсдан сўнг ишга олиш ниятидаги инвестор иштирокида ҳар йили баҳоланади. Диплом ишлари эса қўлдаги лойиҳа муаммосини ҳал қилишга қаратилган ҳолда тайёрланади ва ҳимоя қилинади. Бу битирувчи диплом олган куниёқ иш жойига эга бўладиган, амалда “кадр — лойиҳа — иш” занжири шаклланадиган тизимдир.

Шу билан бирга, хусусий сектор учун рағбатлантирувчи чоралар кўзда тутилган. Битирувчиларни ишга олган тадбиркорлар тадбиркорлик рейтингида қўшимча баллга эга бўлади, банклар эса бундай корхоналарга имтиёзли кредитлар тақдим этади. Бу ёшларимиз илм олиш жараёнидаёқ ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғланиши, уларнинг ҳар бир саъй-ҳаракатлари келажакдаги иш жойига қадам сифатида қадрланиши демакдир. Агар бу тизим изчил амалга оширилса, давлат сарфлаган ҳар бир сўм ёш мутахассиснинг қўлидан маҳсулот, инновация ва янгилик сифатида қайтиб келади. Шу тариқа ёшлар салоҳияти саноат тараққиётининг, юртимиз келажагининг мустаҳкам пойдеворига айланади.

Шундан келиб чиқиб, масъул вазирлар ва тармоқ раҳбарлари олийгоҳларга аниқ буюртма беради. Ректорлар эса ушбу буюртмалар асосида таълим дастурларини қайта кўриб чиқиб, асосий фанлар қаторида қўшимча модулларни жорий этади. Ушбу модуллар талабаларнинг замонавий ишлаб чиқариш талабларига мос билим ва кўникмаларини шакллантириб, уларга қўшимча кредит баллар тақдим этади.

Диплом ишлари аниқ лойиҳалардаги долзарб масалалар ечимидан келиб чиқиб ҳимоя қилинади. Бундай ёндашув орқали битирувчи ўз йўналиши бўйича тайёр кадр сифатида, иш берувчи эса ўз эҳтиёжига мос мутахассис сифатида мақсадга эришади. Яъни талабаларимиз диплом билан бирга кафолатли иш жойига ҳам эга бўлади. Бу тизим, аввало, ёшларимиз келажагига, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига хизмат қилади.

Олийгоҳлар энди битирувчиларнинг 5-10 йиллик касбий ривожланишини кузатиб борадиган махсус платформага эга бўлади. Унда битирувчи ўз таълими ҳақида фикр билдириши, иш берувчи эса тайёрланган кадр сифатига баҳосини бериш имкониятига эга бўлади. Бу — олийгоҳ учун қимматли манба. Чунки шу орқали битирувчи ва иш берувчи қарашлари таҳлил қилиниб, таълим жараёни меҳнат бозори талабига мос равишда доимий такомиллаштирилади. Шу билан бирга, меҳнат бозорининг ўзи ҳам чуқур ўрганилади.

Европанинг Чехия, Германия, Австрия ва Швейцария каби давлатларининг нуфузли олийгоҳларида кенг қўлланилаётган бу амалиёт “битирувчи траекторияси” ёки “битирувчилар мониторинги” номи билан танилган. Асосий мақсад — таълим дастурлари самарадорлигини баҳолаш, битирувчиларнинг меҳнат бозорига интеграциялашувини аниқлаш ва олий таълимни ҳаёт талабларига янада яқинлаштириш.

Ректорлар учун янги давр: ваколатлар, адолатли баҳолаш тизими ва молиявий рақобат

Давлатимиз раҳбари ректорлар ваколатини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Энди олий таълим муассасаларида “Янги Ўзбекистон” университети тажрибасига асосланган баҳолаш тизими йўлга қўйилади. Энг асосий янгилик — молиялаштириш олийгоҳ тўплаган балларга қараб амалга оширилади. Бу эса соҳага ҳақиқий рақобат ва самарадорлик руҳини олиб киради.

Янги тизимда битирувчиларнинг бандлигига қараб 40 балл, тармоқ буюртмаси асосида амалга оширилган илмий тадқиқотлар ва маҳсулот сотилиши учун 30 балл, илмий салоҳият ва халқаро журналлардаги мақолалар учун 20 балл, маҳаллий ва хорижий грантлар жалб этганлик учун 10 баллгача берилади. Янги тартибга кўра, жами балларнинг 85 фоизини ёки ундан кўпроғини тўплаган олийгоҳлар ўз бюджетига қўшимча 20 фоиз бонус олади. Аммо натижаси 56 фоиздан паст бўлса, кейинги ўқув йилида молиялаштириш миқдори қисқартирилади. Бу тизим адолатли рақобат, самарадорлик ва натижадорликка йўл очади. Энди ҳар бир олийгоҳ молиялаштириш учун эмас, аввало, сифат учун курашади.

Энди олий таълимда ректорлар учун ҳақиқий кенг имкониятлар эшиги очилмоқда. Аввало, барча олийгоҳлар ташкилий ва академик мустақилликка эга бўлади, демак, ректор ўз жамоасини ўзи шакллантиради, ўринбосарларини вазирлик билан келишмасдан тайинлайди ва ҳар бир номзод ўз дастурини кенгаш олдида ҳимоя қилади.

Молиялаштириш ва штат доирасида профессор-ўқитувчилар ҳамда бошқарув ходимларини эркин тақсимлаш, суперконтракт суммасини табақалашган ҳолда белгилаш ҳуқуқи ҳам ректор қўлида бўлади. Бундан ташқари, “Янги Ўзбекистон” университетида ректорлар мактаби орқали келажак ректор ва проректорлари мақсадли тайёрланади. Энг яхши натижа кўрсатган номзодлар малака ошириш учун тўғридан тўғри Гарвард университетига йўл олади.

Танлов имконияти

Бугунги кунда ёшларимиз учун олий таълим олиш йўли ҳар қачонгидан кенг, ҳар қачонгидан ёруғ. Президентимиз томонидан илгари сурилган ҳар бир ташаббус, айниқса, қабул жараёнидаги ислоҳотлар билим истаган, олий мақсад сари интилган ҳар бир ёшнинг орзу қанотини кенг ёзиши учун яратилаётган заминдир.

Таълим тизимидаги ислоҳотлар натижасида абитуриентларга 5 та олийгоҳни танлаш ҳуқуқи берилгани ўз-ўзидан улкан имконият бўлган эди. Куни кеча давлатимиз раҳбари яна бир қувончли янгиликни эълон қилди: энди агар ёшларимиз танлаган бешта олийгоҳнинг бирортасига ўқишга кира олмаса-да, тўплаган бали бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналиш талабига мос келса, шу олийгоҳ ректори уни контракт асосида қабул қила олади. Бу интилишдан тўхтамаган ёшларимиз учун янги эшикларни очади.

Ушбу ислоҳотнинг яна бир муҳим жиҳати — давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасида соғлом рақобат муҳити кучаяди. Чунки эндиликда ҳар бир олийгоҳ абитуриент учун нафақат қабул жараёнида, балки ўқув жараёни, профессор-ўқитувчи салоҳияти, замонавий инфратузилмаси, талабалар ҳаёти учун яратаётган шароитлари билан ҳам рақобатга киришади. Бу — ҳар бир ёшнинг ҳаётидаги бурилиш нуқтаси, унинг келажак йўлини белгилаб берувчи имконият. Биз учун эса масъулият. Чунки ҳар бир талаба эртанги мутахассис, келажакда мамлакат тараққиётини илгари силжитадиган ҳаракат кучидир.

Олий таълим муассасалари битирувчиларини банд қилиш ва касбий ривожланишини таъминлаш фақат иқтисодий барқарорликка эришиш йўли эмас, балки мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлашнинг ҳам энг муҳим гаровидир. Ёш мутахассиснинг ўз йўлини топиши, билим ва кўникмаларини иш жараёнида намоён қила олиши жамиятнинг умумий ривожи учун беқиёс қўшилган ҳиссадир. Шу боис, Президентимиз томонидан берилган топшириқлар доирасида олийгоҳлар, давлат органлари ва хусусий секторнинг узвий ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бундай ҳамкорлик битирувчининг ишга жойлашиши билан чекланмайди — у доимий равишда касбий ўсиш, янги технологиялар ва бозор талабларига мослашиш имкониятига эга бўлиши керак. Чунки ҳар бир йигит-қизнинг меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши мамлакатнинг иқтисодий қуввати ва маънавий юксалиши учун қўйилган энг мустаҳкам пойдевордир.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

олий таълим, фан ва инновациялар вазири