Давлатимиз раҳбарининг жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”ни шакллантириш вазифаси белгиланган эди.

Мазкур масала юзасидан Уйчи тумани 4-секторда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёшлар ва аёллар дафтарига киритилган фуқаролар билан тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, рўйхатга киритилиб ҳозирда ишсиз бўлган ёшларни касбга йўналтириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича Уйчи туман давлат хизматлари маркази ходимлари ҳам ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатмоқда.

Бу ўзининг натижасини бериб, жорий йилда туманда 49 та тадбиркорлик субъекти давлат рўҳатидан ўтказилган бўлса, шуларнинг 18 таси ёшларни ташкил этади. Қувонарлиси, рўйхатдан ўтган иккита ёш тадбиркор ёшлар дафтаридаги ишсиз фуқаролардир.

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси томонидан туманда банд бўлмаган фуқаролар ҳамда мактаб битирувчиларини ишга жойлаштириш, уларни турли касб-ҳунарга йўналтирилиш, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Дастлаб, ёшларга давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлардан масофадан туриб фойдаланиш ҳақида маълумотлар берилди.

Шу билан, бирга тадбиркорлик соҳасига қизиқиши бор ёшларга тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш ва ўз бизнесини бошлаш бўйича қандай иш ташкил этиш лозимлиги тушунтирилди. Шундан сўнг, ёшлар дафтарига киритилган ўғил-қизлар учун тумандаги эркакларга кастюм-шим тайёрлайдиган корхона фаолияти яқиндан таништирилди.

Мазкур масъулияти чекланган жамияти 2019 йилда иш бошлаган бўлса, дастлаб 3 нафар ишчи фаолият олиб борган. Ўтган йилда эса, 40 нафар банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаган. Бу йил ёшлар дафтаридаги 7 нафар қизларни ишга қабул қилди. Ташкил этилган пресс-турда яна бир фуқаронинг бандлиги таъминлади. Корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар 100 фоиз чет давлатга экспорт қилинади. Бу йил ҳам тадбиркор томонидан яна 40 нафар ёшларни иш билан банд қилиш назарда тутилган. 

Уйчи тумани 4-сектор ҳудудида 14 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб унда, 53 752 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўрганишлар давомида, 616 нафари аёллар дафтарига, 281 нафари ёшлар дафтарига киритилган. Ҳозирда, 23 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланган бўлса, 50 нафар ёшлар 1+1 тартибида тадбиркорларга боғланган. Шулардан, 27 нафари ўзи хоҳлаган касби бўйича ишга жойлаштирилган.

Албатта, тизимли ишларни йўлга қўйиш орқали аёллар ва ёшлар дафтаридаги фуқароларни ишга жойлаштириш ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек уларни касбга йўналтиришдан кўзланган мақсад аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва уйишмаган ёшларни бандлигини таъминлашга қаратилган.

ДХА Наманган вилоят бошқармаси матбуот хизмати