Бугунга келиб ислоҳ этилмаётган тизимнинг, эътибор қаратилмаган соҳанинг ўзи қолмади. Бироқ ёшлар масаласи Президентимизнинг доимий диққат марказида экани ҳамда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга аён. Азиз фарзандларимизнинг камоли, маънавий етук, жисмонан бақувват бўлиб улғайиши, истеъдоди ва интеллектуал салоҳияти юзага чиқиши, замонавий касб эгаси бўлиши учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.

Президентимиз ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласига бот-бот тўхталиб ўтади. Мутасаддилар олдига янги талаблар қўяди ва ижросини назорат қилади. Чунки ҳозир ёшлар қалбини эгаллаш, муайян мамлакат ёки минтақадаги бирор миллат ёхуд халқнинг онгига, туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ўз дунёқарашига бўйсундириш, маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилиш, фикр қарамлиги, тафаккур қуллигини сингдириш хавфи билан ёнма-ён яшаяпмиз. Керак бўлса, бу хатар фарзандларимиз орасида изғиб юрибди.

Бизга эса бу йўлда қалқон ва қўрғон вазифасини ўтайдиган кучли маънавий иммунитет зарур. Шу орқали ўғил-қизларимизни ҳалол, виждонли, масъулиятли инсонлар этиб камолга етказамиз. Давлатимиз раҳбари яқинда ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Барча раҳбарлар бир нарсани билиб олсин: эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлаш — биз учун ҳаёт-мамот масаласи! Биз ёшларга бугунданоқ шароит қилиб бермасак, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурмасак, Янги Ўзбекистонни қандай барпо қиламиз?” дея ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини яратиш бўйича амалий таклифларини илгари сурди.

Йиғилишда мамлакатимиз аҳолисининг 55 фоизини ташкил этган ёшлар тақдири, бугунги ҳаёти, ижтимоий ҳимояси, иш билан таъминланиши бўйича муҳим топшириқлар берилди. Ўғил-қизларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш, бўш вақтини унумли ўтказишига кўмаклашиш, чет тилларни ва касб-ҳунар ўрганиши учун шароит яратиш юзасидан янги чора-тадбирлар белгиланди. Келгусида иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида “Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилинади.

Ўғил-қизларимиз учун IT-парклар қаторида “Креатив парк”лар, “Ёшлар сайилгоҳлари”, ижод кўчалари, олий ўқув юртларида спорт лигалари, коворкинг ва театр студиялари очилади. Шунингдек, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларга соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш борасида давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиш, жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, сифатли таълим олиши, ижтимоий ва тиббий хизматлардан фойдаланиши, уй-жойли, ишли бўлиши учун зарур шарт-шароит яратишга доир нормалар киритилаётгани ниҳоятда катта воқеадир. Давлат бу орқали ўз зиммасига муҳим мажбуриятларни олмоқда. Уларнинг ҳаётимизда тасдиғини топиши нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ғоят муҳим.

Шу боис, бугун ҳар бир йигит-қизнинг қулоғида Президентимизнинг “...Сиздек билимли, фаол ва азму шижоатли ўғил-қизларим бор экан, биз ҳар қандай қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз”, деган сўзлари олға ундовчи даъват сифатида жаранглайди. Олий таълим муассасаларининг мамлакатимиз келажаги учун муносиб кадрларни тайёрлаб беришдаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимиздаги барча олий таълим муассасалари қатори Фарғона давлат университети фаолиятида ҳам янги ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Олийгоҳимизда ёшлар билан ишлаш, уларнинг иқтидори ва салоҳиятини юзага чиқариш, илм-фанга рағбатини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилди, ўтган уч йилда бундай саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилди.

Университетнинг бугунги фаолияти, олдига қўйилган режа ва мақсадлар ҳам Янги Ўзбекистоннинг имкониятлари, янги авлод кадрларини тарбиялаш борасидаги принципларига уйғундир. Хусусан, олийгоҳнинг бакалавриат, магистратура босқичлари ҳамда сиртқи таълим бўлимида 30 мингдан ортиқ талабага таълим бераётган 900 нафарга яқин тажрибали ва юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчининг саъй-ҳаракатлари янгича дунёқараш ва тафаккур эгаларини, малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.

Кафедраларда иқтидорли талабалар билан “устоз-шогирд” тизими асосида олиб борилаётган намунали фаолият натижасида илм-фан билан шуғулланаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Талабаларимиз турли стипендиялар, халқаро ва маҳаллий фан олимпиадалари, танловлар ҳамда спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб, ўқитувчи ва мураббийлари ишончини оқлаётир. Қарийб бир асрлик тарихга эга университетда талабаларнинг ўқиши ва олган билимини амалиётда қўллаши учун зарур шарт-шароит яратиб берилмоқда.

Жумладан, Фарғона туманининг Оқбилол, Дўстлик мавзелари ҳудудида олийгоҳга ажратилган дашт ва тошлоқ ер ўзлаштирилиб, ёшларнинг билим ва кўникмасини амалда мустаҳкамлаши учун ўқув-тажриба участкалари сифатида ташкил қилинган. Айни вақтда агроучасткаларда чорвачилик, асаларичилик, гулчилик, анорчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда биогумус тайёрлаш йўлга қўйилган. Ишчилар ҳам бегона эмас, асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларимиз бу тармоқларда ишлаб келмоқда.

Бугун Фарғона давлат университетида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган, чин етим талабалар ҳам таҳсил олмоқда. Улар ҳар ойда моддий рағбатлантирилиб, зарур адабиётлар, эҳтиёжи учун керакли воситалар билан таъминланмоқда. Шунингдек, ногиронлиги бўлган ҳамда “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандлари бўлмиш талабаларга моддий ёрдам берилмоқда.

Университетда бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида “аъло” баҳоларга ўқиётган ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган хонадонларнинг талаба қизларига умумий шартларда бериладиган стипендия сақлаб қолинган ҳолда қўшимча тарзда базавий стипендиянинг (517 минг 880 сўм) бир баробари миқдорида ойма-ой бериладиган махсус стипендия таъсис этилган.

Ўтган йили 13 нафар талаба қизга мазкур стипендия тайинланди. Яна 981 нафарига базавий стипендиянинг 50 фоизигача миқдорда моддий ёрдам берилди. Шунингдек, фан олимпиадалари, кўрик-танлов ва турли спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган 17 талаба қиз базавий стипендиянинг 5 баробари (2 миллион 589 минг 400 сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилди. Бугунги талаба нафақат мутахассис, балки иқтидор, истеъдод, керакли ҳунар эгаси ҳамдир. У ўз қизиқишини намоён қилишни, юқори марраларни эгаллашни ва эркин ижод билан шуғулланишни исташи табиий.

Шу боис, университетда мунтазам фаолият юритиб келаётган “Нилуфар” талабалар театр студияси, “Ёш талабалар медиагуруҳи”, “Заковат” интеллектуал клуби, “Inspire-U Academy” хорижий тиллар ўқув маркази, Ёш сухандонлар, Ёш китобхонлар, Ёш актёрлар, Ёш дастурчилар, Ёш рассомлар, Ёш таржимонлар маркази, “ФарДУ эковолонтёрлари” кўнгилли гуруҳи, “Болажон” инновацион тажриба маркази, Гендер тенглик тадқиқотлари маркази, спорт мажмуаси таркибидаги профессионал футбол клуби, шахмат, шашка, кураш, енгил атлетика, сузиш каби тўгараклар юзлаб йигит-қизлар билан гавжум.

Ёшлар билан ишлашга муносиб ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчиларимиз бугун нафақат талаба, балки маҳалла ёшлари билан ҳамнафас ишламоқда. “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” лойиҳаси асосида университет жамоасидан таркиб топган тарғиботчиларимиз маҳаллаларда ўғил-қизлар маънавиятини, китобхонлик маданиятини ошириш, илм-маърифатга интилишини кучайтириш каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйган.

Юртимизда кенг қулоч ёзаётган ислоҳотлар замирида, аввало, ёшларимизнинг ёрқин келажаги, тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш, орзуумидларини ушалтириш, уларга ҳар жабҳада кўмаклашиш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш каби эзгу мақсад мужассам. Бугун камолга етаётган фарзандларимиз эртага Ватанимиз ва халқимиз келажагида муҳим аҳамият касб этувчи катта кучга айланади.