Аммо бундай интилиш ва истаклар ўз-ўзидан ижобат бўлиши ҳам мушкул. Бунинг учун ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни эзгу мақсадларга руҳлантириш зарур. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан юритилаётган “Ёшлар дафтари” айни шу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Ҳозирда бу имкониятдан оқилона фойдаланаётган ёшларимиз катта ютуқларга эришмоқда. Бухоролик ёш тадбиркор Моҳинур Субҳонова шундай замондошларимиздан бири.
Моҳинур бундан 12 йил илгари ўрта мактабни тугатгач, тикувчи аёлларга шогирд тушиб, касб-ҳунар ўрганган ва муайян муддат ўзи ҳам тикув цехи очиб иш юритган. Бироқ тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун имконият ва рағбат бўлмагани туфайли ишини давом эттира олмаган эди. “Ёшлар дафтари” ташкил этилганини, шу орқали ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит берилаётганини эшитгач ҳеч иккиланмай маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилди. Маҳаллада уни илиқ кутиб олиб, иш фаолиятини йўлга қўйиши учун барча имкониятлар яратиб берилди.
– Банкдан кредит олиб иш бошлаганимга ҳали кўп бўлмади. Ўтган даврда фаолиятимни тўлиқ йўлга қўйиб, 3 нафар тенгдошимни ҳам иш билан таъминладим, – дейди М.Субҳонова. – Тикув цехимизда асосан тўй либослари тикамиз. Ҳозирги кунда ёшларимиз миллий усулда атлас, адрас матолардан тикилган либосларга тобора кўп эътибор қаратмоқда. Турли миллий кўргазмаларда ва маданий тадбирларда иштирок этиб, ана шундай миллий либосларимиз тарихини ўрганяпман. Мақсадим – тадбиркорлик фаолиятим орқали асрлар оша боқий яшаб келаётган миллий қадрият ва анъаналаримиз давомийлигига ўз улушимни қўшиш.
Ана шундай эзгу мақсадда изланаётган ёш тадбиркор айни пайтда бизнес режасини кенгайтириш устида ҳам иш олиб бормоқда. Шу мақсадда дизайн йўналишида махсус курсларда сабоқ олиб, орттирган билим ва тажрибасини ёшларга ҳам ўргатиш ниятида. Келгусида банкдан кредит олиб корхона фаолиятини янада кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтиришни режалаштирмоқда.
Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари каби Бухоро вилоятида ҳам ана шундай изланувчан, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш, бадлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда вилоятда ҳафтанинг сешанба куни – ёшлар бандлиги, жума – уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан шуғулланиш куни этиб белгиланган.
Ёшларни қийнаётган муаммолар, уларнинг мақсад-режалари билан яқиндан танишиш мақсадида маҳаллаларда хатлов ўтказилиб, мавжуд ҳолат атрофлича ўрганилди. Хатлов натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳамда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб 13 та туман, шаҳар бўйича алоҳида “Ёшлар дастури” тасдиқланиб ижрога қаратилди. Айни пайтда ушбу дастурларда белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Шу кунларда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича ташкил этилган вилоят штабида иш ҳар қачонгидан қизғин. Бу ерда вилоятдаги турли идора-ташкилотлардан жамланган мутахассислар “Ёшлар дастури” доирасидаги ишларни мунтазам мониторинг қилиб, аниқланган муаммо ва камчиликларнинг ўз вақтида ечимини топиш чораларини излайди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари” доирасида амалга оширилаётган ишлар узлуксиз таҳлил этилади.
– Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, ер ажратиш, бозорда талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, тартибли ва хавфсиз миграция тизимини йўлга қўйиш, 1+1 лойиҳаси доирасида ҳунарманд ва тадбиркорларга ёшларни бириктириш борасидаги ишлар натижасида “Ёшлар дафтари”га кирган йигит-қизларнинг қарийб 90 фоизи бугунги кунда дафтардан чиқди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси мутахассиси Достон Низомов. – Хусусан, 4 мингдан кўпроғи тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олди. Натижада улар тенгдошлари бандлигини таъминлашга ҳам кўмаклашмоқда.
– Тадбиркор бўлишни болалигимдан орзу қилганман, – дейди вобкентлик Сора Иброҳимова. – Бироқ бу орзуим рўёбга чиқишига асло кўзим етмасди. Сабаби бундай иш бошлаш учун катта маблағ керак бўларди. Бизнинг оиламизда эса бунга имкон йўқ эди. “Ёшлар дафтари” юритилаётгани, ишсиз юрган кўплаб тенгдошларим ундан фойдаланиб тадбиркорга айланаётганини кўриб орзуларим рўёбга чиқадиган давр келганига ишонч ҳосил қилдим. Маҳалламизга мурожаат қилишим билан менга барча имкониятлар яратиб берилди. Ҳозирда 30 миллион сўм кредит эвазига паррандачиликни йўлга қўйдим. Етиштираётган маҳсулотимиз яқин атрофдаги савдо нуқталарида сотиляпти. Ҳам оиламга, ҳам халқимизга фойдам тегаётганидан беҳад мамнунман.
“Ёшлар дафтари” йигит-қизлар учун ана шундай катта имкониятлар эшигини очмоқда. Бундан оқилона фойдаланаётган ёшлар эса оиласига ва жамиятга фойдаси тегадиган моҳир тадбиркор ва ишбилармонга, жамиятдаги ислоҳотларнинг фаол ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири