Қарорга кўра:

“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ва шаҳарларда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

– Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларнинг камида 15 фоизи микдорида ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар;

– хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;

– ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари:

– “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда - БҲМ) 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;

– ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга йўналтирилади. Бунда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш харажатларининг ҳар бир битирувчига БҲМнинг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган қисми, касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг бир ойгача, бир ойдан икки ойгача, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун тегишлича БҲМнинг 4, 8, 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми қопланади;

– “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга БҲМнинг 8 бараваригача миқдорда уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидия ажратишга;

– “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;

– “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;

– мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларининг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;

– “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплашга;

– психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик психологик хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ харажатларни қоплашга;

– ёшларнинг эҳтиёжлари ва хоҳиш-истакларини ўрганиш натижалари бўйича уларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, беш муҳим ташаббусни рўёбга чиқариш ва унинг доирасидаги тадбирларни молиялаштиришга;

– қонунчилик хужжатлари билан белгиланган бошқа харажатларни қоплашга йўналтирилади.

Жамғарманинг даромад ва харажатлари йиллик параметрларини, уларнинг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни, йиллик иш режаларини тасдиқлаш ҳамда Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатлар “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан амалга оширилади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - Васийлик кенгаши раиси, туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари — Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи - Васийлик кенгаши масъул котиби ҳисобланади.