U-ENTER фотосуратлари
Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган стартап жамоалари орасидан энг кучли 10 та лойиҳа ғолибликни қўлга киритиб, мукофотлар билан тақдирланишди.
U-ENTER инновация маркази директори Олег Рижиченкнинг қайд этишича, USolve дастури Буюк Британия ҳукумати кўмагида ҳаётга татбиқ этилган. Лойиҳанинг Ўзбекистондаги қисқа муддатли фаолияти давомида стартап жамоалардан жами 275 та ариза келиб тушди. Таҳлиллар натижасида улардан 100 таси саралаб олинди.
Кейинги босқичда 50 та истиқболли лойиҳа инкубация дастурида иштирок этди. Иштирокчилар ҳар бир босқичда янги билим ва кўникмалар орттириб, ўз лойиҳаларини янада такомиллаштириш имконига эга бўлдилар. Якунда энг кучли 20 та лойиҳа сараланиб, финал босқичига йўлланма олди. Асосан ёшлардан иборат ушбу жамоаларнинг инновацион ғояларини венчур фондлари, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда инвесторлар катта қизиқиш билан кузатиб, уларнинг салоҳиятини баҳолаб бордилар.
U-Solve дастури доирасидаги тадбирлар кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир стартап учун ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди. Бу ҳақда лойиҳа муаллифлари Артем Старовойтов ва Уляна Гусева сўзлаб бердилар. Инновациянинг асосий мақсади — иш фаолиятини эндигина бошлаётган компаниялар учун сунъий интеллект (СИ) асосидаги «виртуал ёрдамчилар»ни жорий этишдир. Мисол учун, бундай «рақамли ходимлар» сайёҳлик фирмаларига келиб тушган сўровларга зудлик билан жавоб қайтариши ҳамда мижозлар маълумотларини кейинги мулоқот учун тизимли равишда компания базасига йўналтириши керак.
Шу тариқа, янги билим ва тажриба орттирган лойиҳа муаллифлари ўз ғояларини амалий натижага айлантиришга муваффақ бўлдилар. Бугунги кунда A-star Phoenix.com платформаси орқали тадбиркорлардан мунтазам равишда мурожаатлар келиб тушмоқда. Жамоанинг келгуси режалари эса фойдаланувчилар учун имкониятларни янада кенгайтириш ва тизимни такомиллаштиришдан иборат.
Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланаётган U-Solve лойиҳаси, аввало, илгари сурилаётган ғояларнинг инклюзивлиги, яъни ижтимоий тенгликни таъминлашга қаратилган. Эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган шахсларга кўмаклашишга йўналтирилган стартап айнан шу жиҳати билан алоҳида ажралиб туради. Одатда поликлиника, банк ёки Давлат хизматлари марказлари каби муассасаларга мурожаат қилганда, бундай инсонларга сурдотаржимон ёрдами зарур бўлади. Бироқ бу соҳадаги мутахассисларнинг етишмаслиги эшитишда нуқсони бор шахсларнинг ўз эҳтиёжларини тўлақонли қондириш имкониятларини чеклаб қўяди.
Фармацевтика техника университети талабаси, стартап вакили Фирдавсхон Аминованинг таъкидлашича, жамоа томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур ишора тилини матнга ва аксинча — матнни ишора тилига ўгиришга мўлжалланган. Ёш дастурчилар бунинг учун рақамли аватарни деярли яратиб бўлдилар.
Мактаб битирувчиларига олий ўқув юртларининг грант дастурларини топишда кўмаклашувчи онлайн-ассистент яратиш — яна бир стартап жамоасининг асосий мақсадига айланди. Тошкентдаги Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетини тамомлаган ёш архитектор Муҳаммадсодиқ Фозилжоновнинг таъкидлашича, ушбу инновацион лойиҳа имкониятларини аллақачон 50 га яқин юқори синф ўқувчиси амалда синаб кўрди. Стартап нафақат грантларни излаш, балки номзодлар учун халқаро талабларга мос келадиган профессионал профил яратишда ҳам яқиндан ёрдам беради.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Смарт ҳам мамлакатимиз ёшларининг келажаги айнан мана шундай инновацион стартаплар ва фаол фуқаролик позицияси билан боғлиқ эканига ишонч билдирди. Элчи жаноблари USolve дастури истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун беқиёс имконият эканини алоҳида таъкидлади.
Ёш тадқиқотчилар ўз лойиҳаларида сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш билан бирга, киберхавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бунга турли илова ва рақамли маҳсулотлардаги заифликларни аниқлаш учун мўлжалланган махсус сканер стартапи ёрқин мисол бўла олади. Тошкентдаги Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети битирувчиси Нафиса Қурбоналиеванинг таъкидлашича, бугунги кунда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ўғирланиши билан боғлиқ хавфлар тобора ортиб боряпти. Бир йил аввал бошланган ушбу лойиҳа ўтган давр мобайнида ўз самарадорлигини амалда исботлади. Эндиги навбатдаги босқич — лойиҳани кенгайтириш учун зарур бўлган инвестицияларни жалб этишдир.
Психолог Саодат Шагазатова жамоаси ўз стартапида муҳим ижтимоий масалани илгари сурди. Ушбу инновацион лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — ўз фойдалилигини аллақачон амалда исботлаган тажрибани «Мазмун» иловаси орқали янада кенг оммалаштириш ва унинг имкониятларини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
«Мазмун» — бу ҳаётни англашга хизмат қилувчи илова бўлиб, у жуфтликлар ва умуман инсонларга ўйин усуллари ёрдамида бир-бирини яхшироқ тушуниш ва яқиндан таниш имконини беради», — дейди психолог.
Лойиҳанинг асосий йўналиши — одамлар орасидаги муносабатларни яхшилашдир. Бу нафақат эр-хотинлар, балки ота-она ва фарзандлар, дўстлар ва яқинлар ўртасидаги алоқаларга ҳам тегишли. Илова яратилгунга қадар психологияга асосланган бу каби ўйинлар махсус карточкалар кўринишида синаб кўрилган ва яхши натижа берган. Шу сабабли, рақамли технологиялар ёрдамида ушбу муваффақиятли тажриба қамровини янада кенгайтириш ғояси илгари сурилди.
Ғолиб бўлган 10 та жамоа учун асосий мукофот — 2026 йил 4–5 май кунлари Олмаотада ўтказиладиган GITEX 2026 халқаро технологик кўргазмасида иштирок этиш имконияти бўлади.
VirtualAccelerate (Қирғизистон) раҳбари ҳамда U-ENTERнинг USolve дастури бўйича ҳамкори Бибинур Алибаева таъкидлаганидек, Марказий Осиё бугунги кунда улкан глобал экотизимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Дунё миқёсида технологияларнинг шиддат билан ривожланишида айнан мана шундай стартаплар муҳим рол ўйнамоқда. Бу жараёнда эса маҳаллий ёшлар ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи — ҳақиқий драйвери бўлиб хизмат қилади.
Луиза Махмудова.