Бугун юртимизда инновация ва илм-фанни қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг кўламли ишлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Инновацион ёндашувлар таълим тизимини модернизациялаш ва таълим самарадорлигига эришишнинг асосий шартидир.
Зеро, бугунги кун ёшларини ўзи танлаган соҳасига қизиқишини янада ошириш, лаёқати бор йигит-қизларни таълимга ва мутахассислигига тўғри йўналтириш таълим-тарбияда эришажак ютуқларимиз самарали бўлишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида “...олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш” вазифаси қўйилди.
Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда “Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқ таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотлари битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатларни беради”, деб белгилаб қўйилди. Яъни тегишли ташкилотларнинг лицензиясига эга хусусий олий таълим муассасаси дипломи давлат олий таълим муассасалари дипломлари билан бир хил мақомга эга.
Яқинда умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди”, дейилади. Яъни давлатимиз давлат таълим ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат таълим ташкилотларини ривожлантиришни ўз зиммасига оляпти.
Ёшларнинг олий таълимга қамровини ошириш, бандлигини таъминлаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш борасида кўзга кўринган натижаларга эришилмоқда.
Бухоро инновациялар университети ташкил этилиши ҳам ана шу ислоҳотлар самараси, деб айта оламиз. Ташкил этилганига ҳали бир йил бўлмаса-да, олий таълим муассасамиз қисқа муддатда ютуқларга эриша бошлади. Замонавий компьютерлар, бир ярим миллион китоб фондига эга электрон кутубхона, 15 мингга яқин ўқув ва бадиий адабиёт жамланган ахборот-ресурс маркази, телевизорлар, электрон доскалар, замонавий мебеллар, коворкинг марказ, спорт заллари, ётоқхоналар мавжуд университетимизда тўққизта бакалавриат йўналиши ва тўртта магистратура йўналишида таълим берилмоқда.
Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан тажриба алмашиш, улардан профессор-ўқитувчиларни ўқув ишларига жалб қилиш Бухоро инновациялар университетида устувор масала бўлиб қолмоқда. Жанубий Кореянинг топ-100 таликка кирган Yonsei Universityнинг магистратурасида таҳсил олган, бугунги кунда Бухорода яшаб, университетимизнинг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори лавозимида ишлаб келаётган Жанитха Амарасенанинг ёрдами билан хорижлик тўрт мутахассис ахборот технологияларидан дарс бериб келмоқда.
Талабалар учун “English club”, “Говорим по русски”, “Муваффақиятга эришиш йўллари”, “Бизнес лойиҳалар яратиш йўллари”, “Ташаббускор лойиҳалар” каби дастурлар асосида бепул машғулотлар ташкил этилган.
Россиянинг Белгород давлат миллий тадқиқот университети ва Тюмень давлат университети билан мақсадли магистратура дастурлари, бакалавриат босқичида иккита диплом дастурлари йўлга қўйилди.
Бухоро инновациялар университетида дефектология йўналиши бўлиб, талабаларимизнинг ҳам назарий, ҳам амалий билим олишларини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон логопедлари” нодавлат МЧЖ билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва университет базасида унинг филиали очилди. Энди Тошкентдан келган етакчи дефектолог-мутахассис маслаҳати ва ёрдамига муҳтож ота-оналарга мутахассислар билан биргаликда шу йўналишда таҳсил олаётган талабалар ҳам хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.
Буюк Британиянинг Транспорт ва логистика университети билан шартнома имзоланди ва Тошкент транспорт университети профессорлари ёрдамида Бухоро инновациялар университетига ўқув лабораториялари олиб келинди. Талабалар транспорт логистикаси бўйича энг замонавий лаборатория ускуналари ва компьютер технологияларидан фойдаланиб, касб сирларини ўрганадилар.
Бир сўз билан айтганда, Бухоро инновациялар университети юртимизга билимли, малакали мутахассис кадрлар тайёрлаб беришда истиқболи порлоқ олий таълим муассасаси бўлишига ишонамиз ва шу мақсад йўлида ҳаракат қиламиз. Зеро, бу дунёда ёшларга таълим беришдан шарафли вазифанинг ўзи йўқ.
Дилноз РЎЗИЕВА,
Бухоро инновациялар университети ректори