"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш" йили давомида Халқ таълими тизимида кўплаб ишларни амалга ошириш мақсад қилинган. Айнан юртбошимизнинг ҳар бир болани 7-синфлигидан касб-ҳунарга йўналтиришимиз, устоз-шогирд анъаналарини янада чуқуроқ ўрганишимиз ва йўлга қуйишимиз борасида аниқ белгилаб берган стратегиялари асосида ёшлар етакчиларининг олдига катта вазифалар белгиланган. Айнан мактабдаги ўқувчиларнинг қизиқиш ва хоҳиш-истакларини аниқлашда ёшлар етакчилари муҳим воситачи десак муболаға бўлмайди.

Ўқувчиларни ўз вақтида касб-ҳунарга тўғри йўналтириш биринчидан уларнинг бўш вақтини мазмунли  ва қизиқарли ўтказилишига, бекорчи ишларга аралашмаслигига хизмат қилса, иккинчидан эса кейинчалик ўзи ва оила аъзоларининг моддий эҳтиёжларини қондиришга замин яратади. Бунинг учун эса ёшлар етакчиларидан кўпроқ ўқувчилар билан суҳбатлашиш, улар орасида ҳар ойда сўровномалар ўтказиш, ўз ҳудудларидаги корхона, ташкилот, тадбиркорлик фаолиятларига қизиқишига қараб ҳамкор ташкилотлар ёрдамида бириктириш талаб қилинади.

Ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш учун энг аввало мактаб лидерлари мақсадни тўғри белгилаб олишлари лозим. Устоз-шогирд анъаналари орқали бириктирилган ўқувчини фаолияти, унинг ўзлаштириши, қизиқиши ва интилиши доим назоратда бўлсагина танланган йўл самара бериши мумкин. Ёш болаларнинг кўпчилигидан шунчаки катта бўлсанг "Ким бўласан?", деб сўрасак, "президент", "тадбиркор", "ҳоким", "милиция", "шифокор" бўламан деган сўзларни кўп қайтаришади. Бу албатта  уларнинг тасаввуридаги касблар. Йиллар утиб ҳар бир касбнинг вазифаларини аниқлагач, уларнинг мақсад ва истаклари ўзгаради.

Айримлари ота-она қистови билан ўзлари хоҳламаган касбни танлайди. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчининг биринчи овози тингланмаганлигидан даракдир. Бундай  вазиятларда ёшлар етакчилари ва мактаб психологлари  биргаликда ҳар бир битирувчининг қизиқишини ўрганиши ва уларни ота-онасига етказиши, ўқувчининг танловини ҳурмат қилишга ундаши муҳимдир.

Айрим мактаб ўқувчиларнинг чорвачилик, томорқа ва ҳунармандчилик соҳасида эришаётган ютуқлари таҳсинга лойиқ. Улар  дарсларни ўз вақтида ўзлаштириш билан бир қаторда қўшимча имкониятларга эга бўлиб боришмоқда. 9-11 синф ўқувчиларининг хориж тиллари бўйича тенгдошлари ва кичик ёшдаги болалар учун мактабдан ташқари таълим вақтида ишлаётганликлари ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Мактаб директори ва ёшлар етакчиларининг ўқувчига кўрсатган ташкилий масалалардаги ёрдамлари юқоридаги  каби  ёшларнинг сафини кенгайтиришда катта рол ўйнайди. Бунинг учун эса ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришда қўрқувни енгишга ёрдам бериш лозим. Табиийки, ҳар биримиз янги иш фаолиятини бошлаганимизда ҳаяжон ва сал бўлса-да, қўрқув билан жамоага қўшиламиз. Вақт ўтиб бу каби ҳислатлар барҳам топади. Ўқувчини ҳам бирон-бир ташкилот, корхона ёки тадбиркорга йўналтирганимизда тўғри мотивацияни бериш лозим. 

Ёшлар лидерининг айнан шу каби ишларда жонбозлик қилиши ва ўқувчиларини тобора тўғри йўлга бошлаши нафақат ўқувчилар учун, ташкилотчининг ўзи учун ҳам катта куч ва пойдевор яратади.

Зеро айтишади-ку, “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди” деб. Демак танланган тўғри мақсад ва ҳаракат самарасиз қолмайди.

Камола Исмоилова,

Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси