Президентимизнинг жорий йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Унда, айниқса, ёшларимизни бизнес лойиҳаларини кредитлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитишга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббуси, саъй-ҳаракати ва ғояларини қўллаб-қувватлаш учун 2021 йилда бир триллион сўмга яқин маблағ ажратилишини ёшларимиз хурсандчилик билан қарши олишди.
Айниқса, ёшларимизнинг таълим олишига имконият яратиш, янги рақобатбардош кадрларни етиштириш учун Тошкент шаҳрида замонавий стандартларга жавоб берадиган янги университет очиш ҳақидаги таклиф тенгдошларимиз учун кутилмаган қувончли воқеа бўлди. Мурожаатномада яна бир янги ташаббус — Болаларни қўллаб-қувватлаш учун жамоат фонди ташкил этиш лозимлиги билдирилди.
Ушбу фондга 100 миллиард сўм бошланғич маблағ ажратилади ва бу маблағ йил давомида ошиб боради. Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, Ўзбекистонда биринчи марта чин етимларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой билан таъминлаш мақсадида 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, ўзбекистонлик талабаларга яна бир янги имконият тақдим этилмоқда. Хорижда ўқиш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали жўнатиладиган ёшлар сони энди беш баравар кўпаяди. Агар улар шу давргача магистратура ва докторантурада ўқиб келган бўлса, келгуси йилдан бошлаб тажриба сифатида юз нафар йигит-қиз чет элдаги энг нуфузли олий ўқув юртларига бакалавр босқичида ўқиш учун жўнатиладиган бўлди. Кейинги йилларда уларнинг сони 2-3 бараварга кўпайтирилади. Мурожаатномада ёшларимизни рағбатлантириш мақсадида уларни тадбиркорликка, касб-ҳунарга ўргатиш, таълим сифатига эътибор қаратиш ва, айниқса, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгилаб берилгани навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибордан далолатдир.